КЕЛИНГ, ҚОТИЛДАН ЎРГАНАМИЗ!

Ҳадисда келишича, бир киши тўқсон тўққизта инсонни ўлдиради. Сўнгра тавба қилишга қарор қилади. Бир обиднинг олдига бориб деди:
-Мен тўқсон тўққизта инсонни ўлдирдим. Тавба қилсам бўладими?
Обид:
-Йўқ, деб жавоб берди.
У киши уни ҳам ўлдирди ва ўлдирганларининг сонини юзта қилди.
Биринчи дарс: Инсонлар билан Аллоҳнинг ўртасида туриб олма!
Иккинчи дарс: Шаръий масаланинг ҳукмини билмасанг тилингни тий. Билмайман дейишинг айб эмас. Бир киши Ироқдан имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига келди. Бир неча масала сўради. Имом баъзисига жавоб бердилар, баъзиларига сукут қилдилар. У киши деди:
-Ироқ аҳлига нима дейман, эй имом?!
Имом Молик дедилар:
-Молик билмас экан дегин!
Сўнгра ҳалиги юзта инсонни ўлдирган киши пушаймон қилди. Бир олимнинг олдига бориб воқеани айтиб бериб : “Тавба қилсам бўладими?”, деб сўради. Олим киши: “Ҳа”, деб жавоб берди.
Учинчи дарс: Дин ишида бирор-бир муаммога дуч келсанг обидларнинг эмас, олимларнинг эшигини тақиллат. Обиднинг ибодати ўзи учун, жоҳиллиги эса инсонлар учундир.
Олим эса ибодатдан ожиз бўлса бунинг зарари ўзига. Аммо илмининг фойдаси инсонлар учундир. Масжидга кўп қадам қўйиш инсонни обид қилади, олим эмас. Агар ибодатингни оз ҳисобласанг ҳимматингни обидлар томон йўналтир. Агар сенга фатво керак бўлса олимларга бор.
Агар сен олимларнинг обидига дуч келсанг демак қимматбаҳо хазинага дуч келибсан. Уни имкон қадар маҳкам тут!
Сўнгра олим киши унга деди: “Сен ёмон ердасан. Фалон шаҳарга бор. У ерда сенинг дининг учун ёрдам берадиган солиҳ инсонлар бор.
Тўртинчи дарс: Солиҳ дўст сени Аллоҳ томон етаклайди. Ёмон дўст эса сени Аллоҳдан узоқлаштиради. Агар Аллоҳни хоҳласанг Унинг аҳлини лозим тут. Киши дўстининг динида бўлади.
Сўнгра тавба қилган киши юкларини олиб солиҳлар диёри томон йўлга тушди.
Бешинчи дарс: Жаннат қийинчиликлар билан ўралган. Дўзах эса шаҳватлар билан ўралган. Албатта ибодатда нафс учун машаққат бор. Албатта тоатдаги машаққатларга сабр қилиш уни лаззатга айлантиради. Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ айтади:
“Агар подшоҳлар кечаси қоим бўлишдан биз топадиган лаззатни билганларида эди, уни биздан қилич билан бўлсада тортиб олишган бўлишар эди”.
У киши солиҳлар диёрига кетаётиб йўлди вафот этди.
Олтинчи дарс: Ўлим тўсатдан келади. Қанча гўдаклар дафн қилинган! Қанча ёш болалар вояга етмасдан вафот этишган! Қанча-қанча дўстингни тупроққа топширгансан! Ўлим қанча-қанча пишмаган меваларни узиб олган! Тайёр бўл. Сен кунларинг саҳифаси қачон ёпилишини билмайсан. Ҳаётинг китоби қачон ёпилишини билмайсан.
У кишини азоб фаришталари дўзахга олиб кетиш учун келишди. Чунки у феълан тавба қилмаган эди. Раҳмат фаришталари уни жаннатга олиб кетишмоқчи бўлишди. Чунки у тавбани қасд қилган эди. Аллоҳ улар орасида ҳукм қилиш учун бир фариштани юборди. У фаришта уларга деди: “У босиб ўтган масофани ўлчанг. Агар у қишлоғига яқин бўлса дўзах аҳлидандир. Агар солиҳлар диёрига яқин бўлса жаннат аҳлидандир. Улар масофани ўлчашди. У солиҳлар диёрига яқинроқ экан. Уни жаннатга олиб кетишди.
Бир ривоятда келишича, Аллоҳ ерни у киши солиҳлар диёрига яқин бўлиши учун ўзгартириб қўяди.
Еттинчи дарс: Агар қилмасанг ҳам яхшиликни ният қилавер.
Саккизинчи дарс: Аллоҳга етиб боришинг шарт эмас. Муҳими Унга борадиган йўлда ўлмоғингдир.
Тўққизинчи дарс: Агар сен Аллоҳни истаётганингни билдирсанг У сенга Ўзи томон бориш сабабларини муҳайё қилади.
Ўнинчи дарс: Аллоҳнинг ҳузурида ширкдан сўнгра қон тўкиш энг катта гуноҳ. Анави кишининг гуноҳининг катталигига боқ! Табиийки, бу гуноҳни оқлаб бўлмайди. Бу фақатгина Аллоҳ томонидан хушхабарки, тавба эшиги ҳамон очиқ. Аллоҳнинг раҳмати сенинг гуноҳларингдан каттароқдир. Унинг раҳмати ғазабидан ўзиб кетган. Сенинг тавбанг аслида Аллоҳнинг мулкида ҳеч нарса зиёда қилмайди. Тавбадан юз ўгиришинг Унинг мулкидан ҳеч нарсани камайтирмайди. Аллоҳ бизга азоб бериш учун бизни яратмаган. Ким дўзахга кирса Аллоҳнинг адолати билан киради. Ким жаннатга кирса Аллоҳнинг раҳмати билан киради. Танлов сенда қолди. Унга ўзингни раҳмат аҳлидан эканлигингни кўрсат. У сендан раҳматини ҳеч қачон тўсмайди!
Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов
Киритилган вақти: 16/02/2022 08:20; Кўрилганлиги: 1008
Чоп этилган вақт: 03/11/2025 21:19





















