Касал ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш ҳам суннатдир
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларга ҳар жабҳада ўрнак, устоз ва мураббийдирлар. Ул Зотни қилган ишларида ажиб бир ҳикмат бор. Бу ҳикмат ортида уммат учун яхшилик туради. Анашу яхшилик инсонга бу дунёда фойда бўлиши ёки охиратда буюк даражага кўтариши мумкин.
Ҳазрати Пайғамбаримизнинг камтарона сифатлари, қилган ишларидан бири касал, бемор ва ногиронларни бориб кўришлари эди. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Жаноб Расулуллоҳ солллоллоҳу алайҳи ва саллам бемор ҳолини сўраш учун уларнинг ётган ерларига борар эдилар. Дилдорликлар қилар эдилар” деб марҳамат қилинган.
Имом Термизий, касал кўришнинг нақадар савобли амал экани ҳақида Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон, мусулмон биродари касал бўлганида эрталаб бориб кўрса, ҳатто кеч киргунга қадар унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради. Агар (қайси бир мусулмон) мусулмон биродари касал бўлганида кечаси бориб кўрса, ҳатто тонг отгунича унга етмиш минг фаришта саловат айтиб туради ва у учун жаннатда бир бўстон бўлади”, дедилар.
Ажру савоблари мўл бу улуғ амални Сарвари олам бизларга таълим берганлари боис, ота-боболаримиз касал ва хасталарни бориб кўриш, ёлғиз истиқомат қиладиганларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳрга муҳтожларнинг кўнгилларини кўтаришдек амалларни ўзларининг муҳим вазифалари деб билганлар.
Бу ажойиб хислатлар ва фазилатли хулқларни фарзандларига сингдириб юборганлар. Чунки Ислом касал кишини кўришга буюрибгина қолмасдан, балки касал зиёратини мусулмоннинг дўсти зиммасидаги ҳақи қилиб белгилаб қўйган. Мурувватпарвар халқимиз аввало Расулуллоҳни суннатини маҳкам тутган ота-бобосининг йўлини давом эттириб қўни-қўшни, маҳалла-кўйдаги бетоб ва беморлар, касал ва хасталар, ногиронлар ҳолидан хабар олишни ўз бурчлари деб бу ишни давом эттирмоқдалар.
Ҳукуматимиз ҳам бундай ишларни қўллаб қуватлаб келмоқда. Бунинг далили сифатида айтишимиз мумкинки, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги 47/3-сонли қарорига асосан ҳар йили “3 декабр – Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.
Бундай эзгу ишда бардавом бўлганларнинг ажрини Аллоҳ таолонинг ўзи зиёда қилиб беради. Зеро Расулуллоҳнинг қилган ишларида уммат учун фақат ажр ва яхшилик бордир.
Самариддин домла Мирзаев
Самарқанд шаҳар “Шоҳи-Зинда” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 10/02/2022 08:22; Кўрилганлиги: 952
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 06:31