Карантинга риоя қилинг!!!
Бутун дунё коронавирус сабаб таҳликали ҳолатга тушди. Юртимизда хасталикка чалиниш ҳолати илк бор аниқланган кундан бошлаб карантин чекловлари жорий этилди.
Аммо, кўринмас хавфни сезмай, қоидаларга амал қилмаётган юртдошларимиз ҳамон учраб тургани кишини ўйга толдиради. Ваҳоланки, динимиз ҳам муқаррар бало юзага келганда ўзимизни асрашга чақиради. Яъни, мусулмон киши ўзи ва ўзгалар ҳаётини муҳофаза қилиш учун масъулдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Икки неъмат бор, инсонлар уларнинг қадрига ҳеч етмайди. Хотиржамлик ва саломатлик”.
Интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқларда “Худонинг айтгани бўлади, ниқоб тақсанг, гигиена воситаларидан фойдалансанг ҳам тақдирда касаллик юқтириш бўлса, бари бефойда”, мазмунидаги гапларга дуч келяпмиз. Бу хато фикр. Хатолиги шундаки, Яратган бизга ато этган ҳаёт ва саломатлик бир неъматдир. Уни кўра-била туриб хавфга қўйиш омонатга хиёнат бўлади.
Тўғри, мўмин сифатида Аллоҳ битган тақдирга имон келтирамиз. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, Аллоҳдан эканига ишонамиз. Лекин ўзимизни асрашимиз ҳам тақдирнинг бир бўлаги эканини унутмайлик.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шом юрти томон ӣӯлга чиқадилар ва ӣӯлда у ерда вабо тарқалганини эшитадилар. Шунда у киши саҳобалар билан биргаликда Шом юртига бормасдан ортга қайтадилар. Қайтаётган вақтларида Аллоҳнинг тақдиридан қочяпсизми деб сӯралганларида, ҳа тақдирдан тақдирга қочяпман деганлар. Яъни, мана шу қочишим ҳам аслида Аллоҳнинг тақдири, демоқдалар.
Яна бир ҳадиси шарифда пайғамбар алайҳиссом “Томи тушиб кетадиган уйнинг ичида ўтириб, Аллоҳ мени сақлагин, деган кишининг дуоси қабул бўлмайди”, деганлар.
Демоқчимизки, яратганнинг бизга ёзган тақдирига рози бўлган ҳолда, эҳтиёт чорасини ҳам кўришимиз керак.
Яна бир жиҳат. Эътибор қилсак, инфекциядан сақланишнинг асосий шарти санитария-гигиена қоидалари экани ойдинлашмоқда. Ислом динининг энг муҳим талаби поклик эканини унутмайлик.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир ҳадислари бор: “Аллоҳ покдир ва покликни яхши кўради”.
Шундай экан, нима учун бу тартибга амал қилмаслигимиз керак?
Фурсатдан фойдаланиб, халқимизга мурожаат қилмоқчимиз. Зарур бўлмаса, кўчага чиқманг. Шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилинг, тиббий ниқоб, шахсий ҳимоя воситаларидан мунтазам фойдаланинг. Бугун айниқса, ёши улуғ, нуронийлар ўз-ўзини иҳоталаш тартибига ўтиши энг тўғри йўлдир. Унутмайликки, исломда бировга ҳам, ўзига ҳам зарар бериш йўқ.
Нурбек ХИДИРОВ Жомбой тумани "Кўк тўнли бобо" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 17/07/2020 15:44; Кўрилганлиги: 936
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 01:59