Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЖАННАТ АБАДИЙ ҲАРОМ ҚИЛИНГАНЛАР

 
 

Инсон борки унинг бошига турли хил мусибат ва муаммолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билиш – имоннинг заифлигидандир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир.

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, – деди ” (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таолога шукрки, биз, мусулмонлар, яшаш учун ҳамма шароитлар тўлиқ муҳайё қилинган, тўкин, тинч ва фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров-бировнинг ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди!

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ўз қўлингиз ила ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта. Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир», (195-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзингизни ўзингиз ҳалокатга дучор қилмасликка чақирмоқда. Имом Олусий, ушбу оятдан ўлимга сабаб бўладиган нарсага бормаслик чиқади, деганлар. 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одамни олиб келинди. Бас, У зот унга жаноза ўқимадилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

«Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса. 

Ўзини ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўқри келмайдиган иш. 

Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир. 

Инсонга етадиган баъзи дард, қийинчилик ва мусибатлар бандага синов ёки унинг гуноҳларига каффорот эканини суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтиб ўтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард, қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини каффорот қилади”.  Ҳаётнинг қадрига етмаган, унга берилган неъматнинг шукронасини қилмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози кишиларнинг хатти-ҳаракатлари натижаси  ўз жониган қасд қилиш билан ниҳоя топади.

Б.Шарипов Самарқанд туман бош имом хатиби


Киритилган вақти: 11/08/2023 15:01;   Кўрилганлиги: 704
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/jannat-abadiy-harom-qilinganlar
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 18:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг