Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ (Ислом дини номидан олиб борилган жиноятларга раддия)

 
 

Шариатимизда шундай сўзлар борки, у сўзлар аслида муқаддас туйғуларни англатади. Лeкин ҳозирги кунда адашган фирқа ва гуруҳлар айни шундай муқаддас туйғуларни англатадиган, мўмин-мусулмонлар учун қадр-қимматли бўлган сўзлардан ўзларининг ғаразли мақсад ва ниятларини амалга оширишда фойдаланишлари ачинарли ҳолдир.

Ҳозирда “жиҳод” номи остида бўлаётган ишларга ҳам айнан шулар сабаб бўлмоқдалар. “Жиҳод” сўзи гўёки “террорист”, “фундаменталист”, “экстремист”, “худкушлик” сўзлари билан маънодошдек ишлатиладиган бўлиб қолган. Аслида эса, уларнинг ўртасида иймон билан куфр ёки осмон билан ерчалик фарқ бор. Аслида эса, Аллоҳ таолонинг розилиги мавжуд ишларда, бор имкониятни сарфлаш “жиҳод” эканини англаш лозим.

Ана шунда бу маънони жамият ҳаётидаги инсонлар ва жамиятга манфаатли бўлган тинчлик, фаровонлик, бунёдкорлик, илм ва маърифат каби эзгуликларга  нисбатан қўлласа бўлади.

Динни, жонни, ақлни, насл ва мол-мулкни сақлашда шариатнинг мақсадларини рўёбга чиқарадиган ва уларнинг йўлида хизмат қиладиган барча нарсалар айни шариат ва шариатнинг манфаатларидандир. Имом Ғаззолий бу борада  шундай деганлар: “Шариатнинг халойиқлардан кўзда тутган мақсади бештадир: “Уларнинг динларини, жонларини, ақлларини, насллари ва мол-мулкларини ҳимоя қилмоқлик. Бинобарин, мана шу бешта асосни ўз ичига олган барча нарсалар манфаатдир. Мана шу асосларни зое қиладиган барча нарсалар бузғунчилик бўлиб, уни даф қилиш манфаатдир”[1].

 “Жиҳод” ҳақида сўз борар экан авваламбор унинг нима эканини билиб олиш лозим. Баъзи томонлар жиҳодни салбий истилоҳ маъносида қўлласа, бошқа томон эса унинг ижобий маънода эканини таъкидлайди. Бу икки хил қараш олдида жиҳоднинг асл моҳиятидан бехабар кишида иккиланиш пайдо бўлиши шубҳасиз. Жиҳодга салбий ёки ижобий ёндашган томонлар қаршисида ҳам иккита савол пайдо бўлиши табиийдир.

Биринчидан: Агар жиҳод ҳақиқатдан салбий бўлса, унда у нима учун ўзининг номланиши ва бутун моҳияти билан тинчликка тарғиб қилувчи Ислом динида мавжуд?!

Иккинчидан: Агар жиҳод ижобий бўлса, унда нима учун “жиҳод” шиори остида минглаб бегуноҳларнинг қони тўкилиб, мол-мулклари талон-тарож ва ватанлари вайрон қилинди?! Ёхуд жиҳод яхшилик бўлса, нима учун ундан ёмонлик пайдо бўлмоқда?

Бу саволларга жавоб топиш учун, аввалам-бор, биз “жиҳод” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларини ўрганиб чиқишимиз лозим.

 “Жиҳод” – луғатда “урушмоқ”, “курашмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “меҳнат қилмоқ”, “зўр бермоқ”, “куч сарфламоқ”, “бор куч ва имкониятини сарфламоқ”[2], “машаққат”[3] ва “мусулмонларнинг дин ҳимояси учун душманлари билан урушмоғи[4] маъноларида келган.

Истилоҳда эса: “Аллоҳ таолонинг ризолигини истаб, ҳақнинг қарор топиши ва унга риоя этиш учун бор куч ва имкониятни сарфлаш” маъносида келган.

Албатта, “жиҳод”, бу ҳозирда кўпчилик одамлар зеҳнида ўрнашиб қолган тор маънодаги тушунчадан кўра анча кенгроқ маънони англатади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, “Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларда бор кучини сарфлаб, бу йўлда етган машаққатларни сабр ва матонат билан енгиб ўтиш, уларнинг бардавом бўлиши учун доим қайғуриш ва пировардида уларнинг барчасининг мукофотини Аллоҳ таолодангина умид қилиш” – мана шу ҳақиқий “жиҳод” бўлади.

Жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган. Ўшаларнинг ичида жиҳоднинг “душманга қарши урушмоқ” маъноси бошқаларидан устун келиб, кейинчалик “жиҳод” деганда фақат “қитол” яъни урушни тушуниладиган бўлиб қолган[5].

Биз юқорида: “Жиҳод – Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоқ учун мақсад сари бор имкониятини сарфлаш” эканини айтиб ўтдик. Таъкидлаб айтишимиз лозимки, Аллоҳ таоло норози бўладиган ишларни амалга ошириш учун бор имкониятни сарфлаш, бу “жиҳод”нинг маъно ва моҳиятига мутлақо зиддир. Чунки уламоларимиз “жиҳод”га таъриф берар эканлар, ноҳақликка эмас, балки ҳақиқатни рўёбга чиқариш, шайтонни эмас, балки Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилишган.

Ислом тарихидан маълумки, “жиҳод” Расулуллоҳ (сав)нинг Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишларидан илгари жорий бўлмаган. Шундай бўлса-да, “жиҳод” сўзи Маккий сураларда ҳам зикр қилинган. Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган пайғамбари Муҳаммад алайҳисаломга “Фурқон” сурасининг 52-оятида шундай хитоб қилади:

فَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَجَاهِدْهُم بِهِ جِهَادًا كَبِيرًا

“Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!”.

Макка даврида қурол билан жиҳод қилинмагани барчага аён ҳақиқат. Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Шунингдек, Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 10-оятида:

ثُمَّ إِنَّ رَبَّكَ لِلَّذِينَ هَاجَرُوا مِن بَعْدِ مَا فُتِنُوا ثُمَّ جَاهَدُوا وَصَبَرُوا إِنَّ رَبَّكَ مِن بَعْدِهَا لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб, жиҳод қилган ва сабр этгани учун, албатта, Роббинг шулардан кейин мағфиратли ва раҳмлидир”, деган.

Мазкур суралар жумҳур тафсир уламолари наздида Маккийдир. “Жиҳод” сўзининг Маккий сураларда зикр қилиниши, унинг “урушмоқ”, “курашмоқ” маъносида эмас, балки “Аллоҳ таолонинг калимасини баланд кўтариш, яъни, Унинг рисолатини инсонлар онгу шуурига ҳикмат ва гўзал мавъиза орқали сингдиришда бор куч ва имкониятни сарфлаш” маъносини англатади.

Ҳадиси шарифларда ҳам “жиҳод”нинг “урушмоқ”, “курашмоқ”дан бошқа маъноларга далолат қилиб келганини кўришимиз мумкин. 

وعن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: أَفْضَلُ الْجِهَادِ كَلِمَةُ عَدْلٍ عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий (сав) дедилар: “Жиҳоднинг афзали золим султон ҳузурида айтилган адолатли сўздир”[6].

Бу ривоятдан золим ҳузурида айтилган адолатли сўзни жиҳод эканини билишимиз мумкин.

عَنْ عَائِشَةَ ، قَالَتْ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللهِ ، هل عَلَى النِّسَاءِ من جهاد؟ قَالَ: عَلَيْهِنَّ جِهَادٌ لاَ قِتَالَ فِيهِ : الْحَجُّ وَالْعُمْرَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Мен: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аёллар зиммасида жиҳод борми?” дедим. У зот (сав): “Уларнинг зиммасида урушсиз жиҳод: “ҳаж ва умра қилмоқ бордир”, дедилар”[7].

Бу ривоятдан ҳам, “жиҳод”нинг урушдан бошқа маънода қўлланганини билишимиз мумкин.  Энди саҳобалар “жиҳод”нинг “қитол”, яъни “урушмоқ”дан бошқа маънода қўллаган сўзларига эътибор қаратсак:

وقال علي رضي الله عنه: "أفضلُ الجهادِ الأمرُ بالمعروف والنهيُ عن المنكر".

Али розияллоҳу анҳу: “Жиҳоднинг энг афзали – яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир” дедилар.[8] Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

قال ابن عباس رضي الله عنه: "أفضل الجهاد من بنى مسجداً يعلم فيه القرآن والفقه والسنة" .

 “Кимки масжид қуриб, унда Қуръон, фиқҳ ва суннат таълим берилса, (ана ўша) жиҳоднинг афзалидир”, дедилар.

Кейинги икки ривоятдан ҳам яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва шариат илмларини ўрганиш Аллоҳ таоло йўлидаги жиҳод эканини ва жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани билдик. Юқорида айтилганлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, “жиҳод” бу фақатгина “урушмоқ ва курашмоқ” эмас, балки унданда кенгроқ маънони қамраб олгувчидир. Қолаверса, “жиҳод” баъзи танқидчилар айтганидек “террор”нинг муродифи ҳам эмас.

 “Ливанлик ёзувчи олим Муҳаммад Саммок ўзининг “Мусулмонлар ва замонавий қарама-қаршилик” номли китобида террор тарихи ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Террор араб ихтироси ёки исломий бидъат эмас, балки замонавий асрда сиёсий изтироблар натижасида юзага келган нафратнинг бир кўринишидир. Аслида террор икки аср олдин юзага келган. Террор Францияда 1793 йил 10 мартдан 1794 йил 27 июлгача давом этди. Франция инқилоби даврида Робеспьер, Сен Жюст, Кутон каби кимсалар томонидан кенг кўламда сиёсий зўравонликлар келиб чиқди. Ўша пайтда Франция аҳолиси 27 миллион эди. Мана шу гуруҳ 40 минг нафар кишининг калласини жоди (гильотина) билан кесиб, 300 минг кишини ҳибсда ушлаб турди”[9].

Рақамларга мурожаат қилсак, дунё бўйича 1984 йилда 700 та, 1985 йилда 800 та, 1987 йилда 832 та, 1989 йилда 856 та террорчилик ҳаракати содир этилган. Ҳозирги вақтда дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилотлари ва экстремистик йўналишдаги гуруҳлар мавжуд[10].

Террор – ўз номи билан террордир. Ислом нуқтаи назаридан уни ким, қайси миллат, қайси дин ёки қайси давлат вакили амалга оширишидан қатъий назар, бундай ишлар улкан жиноят ва жазога муносибдир. Бугунлик кунда “жиҳод”, “халифалик” ва “ҳижрат” каби номлар остида амалга оширилган ишлар, уларнинг барчаси ислом уламолари ва оддий мусулмонлар томонидан ҳам қаттиқ қораланган ишлардир. Қолаверса бу каби разил ишларнинг Исломга нисбат берилиши, бутун дунё мусулмонларининг нафратига сабаб бўлмоқда.

Бугунлик кунда бутун инсониятга бирдек хавф солиб турган “террор”ми ёки динлараро кескинликни юзага келтирувчи “миссионерлик”ми ёхуд ёш авлод вакилларини бефарқ манқуртларга айлантиришга хизмат қиладиган “оммавий маданият”ми, уларнинг номи қандай аталишидан қатъий назар буларнинг барчаси Ислом таълимотида “Фитналар” дея номланади. 

Бу “фитналар” қиёматга яқин авж олиши, уларнинг кўринишлари ва улардан қандай қилиб сақланиш йўл-йўриқлари бундан ўн беш аср илгари Расулуллоҳ (сав) томонларидан баён қилиб берилган. Расулуллоҳ (сав) вафотларидан сўнг саҳобалар, улардан сўнг тобиъийнлар, табаъа тобиъийнлар ва ҳозиргача келаётган “кўзи очиқ” инсонлар мазкур фитналарни уйғониб, авж олмаслиги ва пировардида унинг иштирокчиларига айланиб қолмаслик учун жиддий аҳамиятли бўлишган. Зеро, Расулуллоҳ (сав):

الْفِتْنَةُ نَائِمَةٌ لَعَنَ الله مَنْ أَيْقَظَهَا

“Ухлаб ётган фитнани уйғотган ва қўзғотган кишини Аллоҳ лаънатласин!”, деганлар. [11]

Зеҳнимизга: “Фитналар бўлиши ҳақида хабар берилган бўлса, бизнинг вазифамиз нимадан иборат?” деган савол келиши табиий ҳол. Жавоб шундан иборатки, биз ўзимиз ва атрофимиздаги кишилар мана шу фитна иштирокчиларига айланиб қолмасликлари учун қўлимиздан келгунича ҳаракат қилмоғимиздир. Чунки фитналарнинг олдини олиш бу, Аллоҳ таолонинг буйруғи ва ҳаётимизнинг осудалиги гаровидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир”[12].

Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай фитна-ларнинг иштирокчилари бўлиб қолишимиздан Ўз паноҳида асрасин ва бутун дунёда Ўзининг тинчлик ва хотиржамлик неъматини бардавом қилсин!

 [1] Доктор Имодуддин Хийтий. Ишиднинг ботил даъволарига раддиялар. Илмия, 2015.

[2] Имом Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарий. Муъжаму-с-сиҳоҳ. – Байрут. Дору-л-маърифа, 2007.

[3] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳу-л-борий шарҳ саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 6. – Байрут. Дору-л-маърифа, 1959. – Б. 3.

[4] Жуброн Масъуд. Ар-роид. – Байрут. Дору-л-илм, 1992. – Б. 284.

[5] http://savollar.islom.uz/smf/index.php topic=23394.0;wap

[6] Ҳасан ҳадис. Абу Довуд ва Термизий ривояти. Муҳаммад Амин ибн Муҳаммад Мухтор Шанқийтий. Азвау-л-баян фий ийзоҳи-л-Қуръан би-л-Қуръан. Ж. 1. – Байрут. Дору-л-фикр, 1995. – Б. 466.

[7] Имом Жалолиддин Суютий. Ад-дурру-л-мансур. Ж. 1. – Байрут. Дору-л-фикр, 1993. – Б. 506.

[8] Муҳаммад ибн Муҳаммад Имодий. Иршод ақлу-с-салим ила мазайа-л-Қуръан ал-Карим. Ж.2. – Байрут. Дор иҳё ат-турас ал-арабий. – Б. 431.

[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Очиқ хат. – Т.: Ҳилол нашр, 2015. – Б. 10-11.

[10] Улар турли дин, оқим, секта, миллат, халқ ва давлатларга мансуб кишилардир.

[11] Жалолиддин Суютий. Ал-фатҳу-л-кабийр. Ж. 2. – Байрут. Дору-л-фикр, 2003. – 265.

[12] “Анфол” сураси, 25-оят мазмуни.

Олимхон ЮСУПОВ - Оқдарё туман "Махдуми Аъзам" жоме масжиди имом-хатиби,

Имом Бухорий ҳадис илми мактаби ректори


Киритилган вақти: 18/11/2019 11:06;   Кўрилганлиги: 1522
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/jaholatga-qarshi-marifat-islom-dini-nomidan-olib-borilgan-jinoyatlarga-raddiya
Чоп этилган вақт: 13/01/2025 19:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг