Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Исрофдан сақланиш мўминликка хос

 
 

Муқаддас динимиз барча нарсада меъёрга амал қилишга, Аллоҳ ато этган неъматларга шукур қилиб, исрофдан сақланишга чақиради.

Исроф бирор ишда ҳаддан ошиш, сўзда, мол сарфида, ҳатто эҳсон қилишда мўътадиллик чегарасидан чиқишдир. Исрофгар киши шайтоннинг биродари дея лаънатланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 26-27-оятларида марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.

Исроф деганда фақат ортиқча сарф-ҳаражатни, овқат ортиб қолгач, увол бўлишини тушунамиз. Аммо, нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Таом ва ичимлик билан қоринни шиширишдан сақланинг. Зеро, бундай қилиш жасадни бузади, касаллик келтиради ва намозга ялқовлантиради. Таом ва ичимликда мўътадил бўлинг. Зеро, шундай қилиш жасадга фойда беради, исрофдан йироқ қилади ва ибодатга куч беради”.

Халқимиз меҳмондўст, шунинг учун маросиму тадбирларимиз ҳам кўп. Ақиқа, суннат, никоҳ, ҳовли тўйлари, мотамга оид тадбирларимиз ўндан ошади. Албатта, бундай маросимлардан мақсад қавму қариндош, қўни-қўшни, ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига сазовор бўлишдир. Аммо, ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтиш савобни гуноҳга айлантиришини ҳам унутмаслик керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” деганлар.

Бу иллатга берилиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан мосуво бўлиш, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлишдан сақланайлик.

Умидхон Жўраев,

“Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби.


Киритилган вақти: 07/08/2023 15:12;   Кўрилганлиги: 608
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/isrofdan-saqlanish-mominlikka-xos
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 02:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг