Исроф – ризқ заволи
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар.
Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас.”
(Аъроф сураси, 31 сура).
Муқаддас Ислом дини инсониятни ҳамиша эзгуликка, ҳалолликка, бахту саодатга чорлайди. Ҳаётимизни тартибли қилиш учун Ислом динига мурожаат қиламиз, унинг кўрсатмаларига имкон қадар амал қилишга уринамиз. Динимиз қайтарган ишлардан иложи борича йироқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Шундай қайтарилган амаллардан бири Исрофдир.
“Исроф” сўзи арабчадан таржима қилинганда “ҳисобсиз даражада ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни билдиради. Демак инсон ўз эҳтиёжи учун лозим бўлганидан ортиқча сарф этган барча моддий ва номоддий неъматлар исрофдир. Аллоҳ таоло ўз бандаларига берган неъматларидан меъёрга амал қилган ҳолда оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради.
“Ниманики қилсанг хор, шунга бўларсан зор!”, доно халқимиз томонидан жуда топиб айтилган бу нақл ҳар бир неъматни борида қадрига етишга чақиради. Афсуски бугун кундалик ҳаётимизда ҳар куни ва ҳамма жойда бу иллат билан тўқнаш келамиз. “Орзу-ҳавас” дея тўй-маъракаларимизда исрофга йўл қўямиз. Аммо, харажати ва исрофи кўп бўлган, дабдаба билан ўтган тўй янги оиланинг бахтли бўлишига кафолат бўла олармикан?
Исрофнинг катта кичиги бўлмайди. Сиз ўчиришни унутган уйингиздаги электр чироғи ёки ҳозиргина бозордан олиб келинган тарвуз ёки қовунни музлатиш учун очиб қўйганингиз сувнинг жўмраги ҳам исрофнинг бир кўринишидир.
Исроф сўзини жуда кенг талқин қилиш мумкин. Яъни исроф деганда фақат пул ёки бошқа моддий бойликлар тушунилмайди. Балки, вақтни бекор ўтказиш, беҳуда сўзни сўзлаш ҳам исрофдир.
Аввало, шуни яхши англашимиз керакки исроф билан очиққўллик, шунингдек, тежамкорлик ва хасислик ҳам бир бирига мутлақо зид тушунчалардир.
Сахийлик билан исрофнинг, хасислик билан тежамкорликнинг ўртасидаги чегарани фарзандларимизга ҳам тушунтиришимиз, уларни неъматларни қадрлашга, уларни исроф ва зое қилмасликка ўргатишимиз лозим. Чунки исроф оғир гуноҳлардан биридир
Тошмухаммад АБИЛОВ,
“Полвон Ота” жомъе масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 19/09/2023 07:42; Кўрилганлиги: 777
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:43