ИСЛОМДАГИ АФЗАЛ АМАЛЛАР!

Ислом ҳам дин, ҳам дунё. Дунё – дин обод қилинадиган жой, дин эса дунё ва охират манфаати учун восита. Ислом – ижтимоий кундалик ҳаёт тарзи. У жамиятни тартибга, бағрикенгликка, ўзаро ёрдам ва ҳамкорликка чақиради. Ҳадислар бу борадаги тўғри ва мақбул ечимни таклиф қилади.
عَنْ عَبْدِ الله بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أنَّ رَجُلًا سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أيُّ الإسْلَامِ خَيْرٌ ؟ قَالَ : "تُطْعِمُ الطَّعَامَ، وَتَقْرَأُ السَّلَامَ عَلَى مَنْ عَرَفْتَ وَمَنْ لَمْ تَعْرِفْ". رَوَاهُ الْبُخَارِي
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Исломнинг қайси (амали) яхши?” деб сўради. У зот: “Таом беришинг ҳамда таниган-танимаганинга салом беришинг”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Ҳадис соғлом жамият ва фозил шаҳар ҳаёти қоидаларини икки сифатда белгилаб берди: молиявий ва моддий-маънавий ҳамкорлик. Ҳадиси шарифда таом бериш билан саломни ёйиш умумлаштирилди. Чунки бунда эҳсоннинг икки кўриниши – сўз ва амал билан яхшилик қилиш таъкидланмоқда.
Фарзлардан сўнг ислом амаллари ва буйруқларидан қайси бири яхшироқ, афзалроқ экани борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсани айтдилар:
- Аллоҳ таолонинг розилигини истаб одамларга таом, садақа, совғалар бериш, меҳмондўстлик қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръонда яхши кишиларни тавсифлаганда бундай дейди:
“Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар. Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳламаймиз” (Инсон сураси, 8-9 оятлар).
Ҳақиқий мард киши ўзи яхши кўрган таомидан камбағал, муҳтож ва етимларга ҳам беради, яхшилик улашади, бошқаларни қўллайди. Ҳақиқий ихлосли киши биродарларига яхшилик қилганида риё ва миннат учун эмас, фақат савоб ва охират умидида қилади. Бу иши сабабли улардан ташаккур кутмайди.
Аллоҳ таоло “Моъун” сурасида айтади:
“Охират (жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? У етимни қўполлик билан ҳайдайдир. Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир”, (1-3 оятлар).
Мусулмон киши муҳтожларга ёрдам қўлини чўзади, ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Шунингдек, бошқаларни ҳам шунга ундайди, далолат қилади, яхшиликка чақиради, қизиқтиради. Оятда ҳатто мискинларга таом беришга қизиқтирмаслик гуноҳ сифатида айтилмоқда. Энди камбағалларга бевосита ёрдам бермаслик, бахиллик қилиш қанчалик айб эканини тушиниб олаверсак бўлади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлатирур. Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни раҳиқи махтумдан сероб қилур”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).
Мискинларни тўйдириш жаннатга киришга, жаннатнинг олий неъматларидан баҳраманд бўлишга сабаб бўлар экан.
- Одамларга бирини бошқасидан ажратмасдан салом бериш. Чунки у Исломнинг барча мусулмонларга тайин қилган саломидир. Салом – ўзаро ҳурматнинг биринчи сабаби, меҳрни жалб қиладиган калит, ислом шиори, нафс риёзати, тавозени ушлаш ва мусулмонлар ҳурмати улуғлигини изҳор қилиш намунаси. Салом мусулмонларнинг ҳаққи, у фақат танишларга берилмайди.
Исломнинг энг муҳим ва кўзга кўринган хусусиятларидан таом бериш ва саломни ёйиш. Буларда тотувлик, биродарлик бор ва улар билан Ислом уммати бир жисмга ўхшаб кетади, аъзолари унинг манфаати йўлида ҳамкорлик қилади, тинчлик ўрнатади ва ундан зарарни қайтариш учун бирлашади ва унинг қувватга эришиши учун бир-бирларига мустаҳкам боғланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?” дедилар. “Ҳа, эй Расулуллоҳ”, дейишди. “Орангизда саломни ёйинг!” дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Салом ҳам мўминни жаннатга киргизадиган сабаблардан бири.
Шурайҳ ибн Ҳоне отасидан ривоят қилади: “У: “Эй Расулуллоҳ, менга жаннатни вожиб қиладиган бирор нарса ўргатинг”, деди. У зот: “Ширинсўзлик, салом бериш ва таом едириш”, дедилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Афсуски, сўнгги вақтларда ёшлар орасида салом бериш тобора камайиб бормоқда. Баъзилар ҳатто таниган яқинига ҳам базўр салом беради. Мусулмон киши қаерда бўлса ҳам, қаерга борса ҳам, ким билан кўришса ҳам биринчи сўзи “Ассалому алайкум” бўлиши керак. Салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг жуда муҳим масаласидир. Жамият бирдамлиги ва тараққиёти учун кишилар бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлиши, кўришганда саломлашиб, бир-бирларига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб туриши, тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб яшаши лозим.
Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Бу икки хусусият билан тинчлик ва бирдамликка, муҳаббат ва ҳамжиҳатликка эришилади, осойишталик ва хотиржамлик ҳукм суради, ислом энг ёрқин кўринишда намоён бўлади.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Киритилган вақти: 29/05/2023 16:17; Кўрилганлиги: 882
Чоп этилган вақт: 03/11/2025 06:07





















