Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Исломда фарзанд тарбияси

 
 

Меҳрибон Роббимиз ўз бандаларига беҳисоб неъматларни беминнат бериб қўйган зотдир. Ана шу  неъматлар ичида фарзанд неъмати энг улуғидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Фарзанд Аллоҳ томонидан бандаларига берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида Аллоҳнинг омонати ҳамдир. Шундай экан ота-она буни қадрига етмоқлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини чуқур ҳис этишлари лозим бўлади. Зеро Пайғамбаримиз С.А.В марҳамат қилиб айтадилар “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди.” Шундай экан ҳар бир ота-она фарзандларини одоби – ахлоқи, таълим тарбиясига жиддий ёндашмоқлари лозим. Уларнинг одоби, ахлоқи, маънавий ва жисмоний тарбияси доимо ота- онанинг диққат эътиборида бўлиши лозим. Чунки ота боболаримиздан қолган “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бежизга айтилмаган.

Фарзанд мисоли бир ниҳол бўлиб, ниҳол парваришга муҳтож бўлгани каби бола ҳам тарбияга муҳтождир. Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Шунинг учун ҳам ота-она фарзандларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.

Фарзандлар ўз ота-боболарига, Ватанига, она-тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ, билимли, маърифатли, ҳақиқий фидойи инсонлар бўлиб етишишларида ота-оналарниг доимий ҳаракатлари жуда ҳам аҳамиятлидир ва ҳар бир ота-она ўз фарзандининг  тўғри  тарбияси,  соғлом  ўсишига эътибор  қаратиши,  таълим-тарбиясининг  мазмун-моҳиятига эътибор бермоғи муҳимдир. Бу борада улар бутун ғайрату шижоатларини ишга солмоқлари лозимдир. Зеро, мамлакатнинг, миллатнинг эртаси қандай бўлиши бизнинг бугун фарзандларга берган тарбиямизга боғлиқ.

 

  Тошмухаммад БАҚОЕВ,

 Иштихон тумани “ Шайхулислом Хўжа Бурҳониддин” жоме масжиди имом – хатиби


Киритилган вақти: 19/09/2023 16:47;   Кўрилганлиги: 940
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islomda-farzand-tarbiyasi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг