Исломда бағрикенглик
Ислом ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жаҳон динларининг ичида фақат Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган: Бақара сурасининг 256-оятида: «Динда зўрлаш йўқ»-дейилган. Пайғамбаримиз (с.а.в) бу борада ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи ишлари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида, уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар. Расулуллоҳ ўзлари намуна бўлган ҳолда бутун умматни инсонлар ўртасидаги муносабатда ҳалимликка, бағрикенгликка чақирди.
Исломнинг бағрикенглигини ҳатто бошқа дин вакиллари ҳам эътироф этади. Жумладан, дастлаб роҳиб бўлган англиялик тарихчи Карен Армстронг “Муқаддас уруш” китобида шундай ёзади: “Муҳаммад алайҳиссалом фақатгина Макка мушриклари билан эмас, бир пайтнинг ўзида маҳаллий яҳудий қабилалари ва улар билан тил бириктириб ҳужумни режалаштирган Шом насронийлари билан ҳам урушишга мажбур бўлган эди. Аммо бу унинг қалбида душманларига нафрат туғдирмади, уни аҳли китобни (яҳудий ва насронийларни) лаънатлашга олиб келмади. Мусулмонлар ҳаётларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди. Шундай вазиятда ҳам, инсонпарварликни унутишмасди. Улар диний хизматчиларни, роҳибларни безовта қилишмасди, урушда қатнашмаётган, ожиз кишилар, аёллар, ёш болалар, кексаларга тегмас, уларга зарар етказмас эди. Улар тинч аҳолини ўлдиришмаган, бино ва уй-жойлардан ҳеч бирини вайрон қилмаган”.
Исломда бағрикенглик масаласи жуда муҳим ўрин тутади. Ислом кишиларни бирдамликка, яхшиликка, аҳилликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Ҳужурот» сурасида: “Эй инсонлар, мен сизларни ҳар хил элатлар, халқлар қилдим, бир-бирларинг билан танишинглар, маърифат ҳосил қилинглар деб”, дея марҳамат қилади. Дарҳақиқат, Исломда зўравонлик, ўзгага зулм етказиш йўқ. Ҳаттоки инсонларни динга зўрлик билан чақириш ҳам мумкин эмас. Ҳақиқий мусулмон, ўзини Исломда деб билган кишиларнинг шиори тинчлик бўлиши керак. Мусулмон одам, ҳадисга мувофиқ, ўзгаларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаслиги керак. Аксинча, мўмин одам атрофдагиларга фақат манфаат етказиши зарур. Пайғамбар алайҳиссалом: “Дин бу - ҳусни хулқдир”, деганлар. Яъни дин бу одобдир, ахлоқдир, инсонийликнинг гўзал тажассумидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, Бағри кенглик ва осонлик Ислом шариатининг энг улкан мақсадидир. Бу маънони таъкидловчи ҳужжат ва далиллар кўп. Бағрикенглик инсон табиатига боғлиқ нарсадир. Аллоҳ инсонни худди шу табиат ила яратган. Инсоннинг соф табиати шиддат ва қийинчиликни ёқтирмайди. У доимо осонлик ва юмшоқликка мойил бўлади. Аллоҳ таоло: «Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганинг-да, атрофингдан тарқаб кетар эдилар», деган (Оли Имрон. 159-оят).
Исломнинг бағрикенглик ва осонлик сифати ўзи етиб борган ерларда кенг тарқалиши ва боқий қолишига сабаб бўлди. Ислом динини талабларини тўлиқ англаган аждодларимиз тарихини ўрганадиган бўлсак, юртимизда хеч қайси даврда насронийларнинг черкови, яҳудийларнинг синагоги ёки бошқа ибодатхоналар вайрон этилмаган, ислом ўлкаларида ҳар бир дин вакилига эркинлик таъминланган, бирорта шахс томонидан ўз ақидасини бошқаларга мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаган. Эътироф этиш керакки, бағрикенглик борасида ўзбек замини азалдан намуна бўлиб келган.
А.Алимов Пайариқ тумани “Олимшайх” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 16/06/2020 15:39; Кўрилганлиги: 979
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 14:04