Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМ - ТИНЧЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА МАЪРИФАТ ДИНИ (5-мақола)

 
 

Ислом тинчлик, хотиржамлик ва моҳиятан енгиллик динидир. Унинг эътиқод қилувчиларга фақат енгилликни раво кўриши мўътабар манбаларда етарлича баён этилган. Маълумки, шариат аҳкомларини жорий этиш Аллоҳ ёки У изин берган пайғамбарларга хос. Бошқа ҳеч ким, бирор-бир сабабга кўра бу ишни амалга ошириши, бандалар устига шаръий амрни жорий қилиши мумкин эмас. Пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳам ўз умматларига доим енгиллик, осонлик, ўртаҳолликни истаб келганлар.

Исломнинг енгил дин экани, уни қийинлаштириш, унга ўзгача талқин ва қарашлар  олиб кириш қораланиши Қуръон оятлари ва ҳадисларда атрофлича ёритилган. Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди» (Бакқра, 185). «Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилган-да!» (Нисо, 28). Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзича) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилади». Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам бундай дейилади: «Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!»

Лекин экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. «Биз ислоҳотчилармиз» дея иддао қилаётган бундай оқимлар ўзларининг қарашлари ва амалиётига қўшилмаганларни «адашганлар»га чиқармоқда. Натижада мусулмон бўлмаган мамлакатлар аҳолиси ўртасида исломнинг «ёвузлик салтанати» ва таҳдид манбаи сифатида қабул қилинишига, «исломофобия» («исломдан қўрқиш», «исломдан даҳшатга тушиш»)нинг турли кўринишлари пайдо бўлишига ҳам замин яратмоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиб, ички            порокандаликни келтириб чиқармоқда. Ислом  уломоларининг кўрсатмаларини инкор қилинишдан тап тортмайдиган, диний бирлик, ақидавий якдилликка реал таҳдид туғдирувчи, ўзаро низоларга кўмилиб кетган гуруҳлар учун ғоявий замин яратмоқда.

ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 10/07/2020 09:03;   Кўрилганлиги: 970
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islom-tinchlik-bagrikenglik-va-marifat-dini-5-maqola
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 02:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг