Ислом террорга қарши
“Террор” сўзи луғатда “қўрқитиш, ваҳима солиш” маъноларини англатади. Кўпчилик террорни “Ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказиш” деб атамоқдалар. Баъзилар: “Террорчи мавжуд қонуний тартиб ва бутун маданиятли дунё билан ҳамма алоқаларини узган кишидир…Унинг учун фақат битта фан – йўқ қилиш, қириб ташлаш фани бор холос” демоқда.
“Террор” ҳақида юқорида келтирилган таърифлар билан танишган ҳар қандай киши Ислом дини таълимотлари билан оз бўлсада хабардор бўлса, диннинг террорга қарши эканлигини билиб олиши мушкул эмас. “Террор”га берилган биринчи таърифни эсга олайлик - “қўрқитиш, ваҳима солиш”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўп ҳадисларида мусулмон кишини хоҳ ҳазил бўлсин, хоҳ жиддий бўлсин ўз биродарини қўрқитишдан қайтарган.
Имом Абу Довуд Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилади. У киши дедилар: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бизга гапириб беришди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлга чиққандилар. Улардан бир киши ухлаб қолди. Уларнинг баъзиси бориб унинг арқонини олиб қўйганди, у қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон учун мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дедилар.
“Бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказиш” билан машғул бўлишга муқаддас динимизда қуйидагича муносабат билдирилади.
“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...” дейилган Қуръони каримнинг “Моида” сураси, 32-оятида.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишига мўмин кишининг уч нарсаси ҳаром: моли, қони ва обрўси”, деб марҳамат қилганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур”, дедилар”. Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан кофир бўлса ҳам, инсоннинг жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.
Ҳозирги кунларда дин ва бошқа мақсадларни ўзига ниқоб қилган террорчи гуруҳларнинг олиб бораётган ишлари “террор” сўзи ҳақида берилган таърифларга мос келмоқда.
Аслида ислом дини террорнинг манбаси эмас, бу исломни нотўғри тушуниш оқибатидир. Ҳозирги даврда Ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда Ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар. Биз ҳам бу фикрга қўшилиб, юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билишимиз зарур.
Киритилган вақти: 18/07/2019 10:59; Кўрилганлиги: 1494
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 13:02