Ислом ниқоби остидаги “Салафийлик”
Ҳаракат номи. “Салафийлик” тушунчаси араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган бўлиб, “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” маноларини англатади. Ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад айлайҳис-салом замоналари ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Ислом мужтаҳид уламолари илк мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдир. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки салафийлар тушунчалари асло ишлатилмайди.
Бироқ сўнги вақтларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиори остида “салафийлик” мафкурасини байроқ қилиб олган, ўзларини гўёки “салафларнинг издошларимиз” деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳозирги кунда “салафийлар” бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларнинг умумлаштириб икки гуруҳга ажратиш мумкин.
Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришишда жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлар. Бу тоифадаги сохта салафийлар “жиҳод” ғоясининг мазмунини бузиб талқин қилиб, унга жангарилик тусини бермоқда. Улар нафақат бошқа дин вакиллари, балки мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик хатти-харакатларини асослаш ва оқлаш учун “жиҳод” тушунчасидан фойдаланмоқда.
Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган “мўътадил” салафийлар. Улар ўз мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганларга мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишн ёқламайдилар.
Давоми бор
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили (манбалар асосида)
Киритилган вақти: 26/11/2019 11:43; Кўрилганлиги: 1311
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 11:12