Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМ ДИНИДА ИРИМ-СИРИМЛАР ЙЎҚДИР!

 
 

Халқ орасида қадимдан келаётган ёки бошқа халқлардан ўтиб қолган турли ирим-сиримларнинг бор. Масалан, қоронғуда ёки жума куни тирноқ олиб бўлмайди, йўлингдан мушук кесиб ўтса орқага қайтиш керак, супургини тик қўйиб бўлмайди, остона ҳатлаб сўрашиб бўлмайди, фалон кунда фалон ишни қилиб бўлмайди, 13 рақами – бахтсиз ва ҳоказо. Бу иримларда мутлақо асос йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дан ривоят қилинган ҳадисларда “Фолчилик, ирим-сиримлар бутпарастлик билан баробардир”, “Ирим қилувчи ёки ирим қилдирувчи бизлардан эмас”, дейилган.

Тирноқ олиш. 

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шариатда тирноқ олиш учун махсус белгилаб қўйилган кун ва вақт йўқ. Гарчи шу мавзуга доир кўпгина ҳадислар мавжуд бўлса-да, тадқиқотлар асносида мавзуъ ҳадислар эканлиги аниқланган. Тирноқ ўсган экан, қайси кун ва қайси вақтдан қатъий назар олинаверади.
Халифа Хорун ар-Рашид имом Абу Юсуфдан: “Кечаси тирноқ олса бўладими?” – деб сўраганларида: “Бўлади”, дея жавоб берганлар. Халифа далил сўраганида, Абу Юсуф: “Хайрли ишлар кечиктирилмайди”, деган асосли жавобни берганлар. Қайси куни тирноқ олишга ҳам юқоридаги далиллар кифоя.

Мушук кесиб ўтиши. 

Бизнингча, қадимда халқимиз орасида бундай ирим бўлмаган. Руслар орқали кириб келган, шекилли. Қарғанинг қағиллаганини эшитиб йўлидан қайтган кимса, товушқон (қуён) йўлидан кесиб ўтганда йўлидан қолган киши ҳам куфрга кетган, деб ҳисобланади. Аслида мусулмон киши ҳар бир иш Аллоҳ таоло иродаси билан бўлишига иймон келтиради. Шу сабабли юқоридаги каби ҳолатларни бахтсизликдан огоҳлантириш тарзида қабул этиш мутлақо мумкин эмас. Бу исломий эътиқодга асло тўғри келмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касаллик юқмайди (ҳеч қайси касаллик Аллоҳнинг иродасисиз ўзича юқмайди), ирим-сирим бемаънилик, бойқуш бахтсизлик келтирмайди ва сафар ойи бехосият эмас”, деганлар.
Худди шунингдек, сана ва кунларнинг ҳам бахтсиз ёки бахтлиси бўлмайди. Аллоҳнинг барча кунлари бир хил. Унинг иродаси ва ҳукмисиз ҳеч нарса содир бўлмайди, бирор махлуқ тақдири илоҳийдан қочиб қутула олмайди.


Киритилган вақти: 14/03/2023 19:09;   Кўрилганлиги: 294
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islom-dinida-irim-sirimlar-yoqdir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 22:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг