Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом динида бағрикенглик ғоялари (давоми)

 
 

Жаҳон динлари ичида энг ёши ҳисобланган ислом дини ўзининг илк давридаёқ бағрикенлик дини сифатида намоён бўлди. Маълумки, ислом ўзидан аввалги динларни (яҳудийлик, насронийлик) эътироф этибгина қолмасдан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Шунингдек, уларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қарашга ҳамда улар билан адолатли муносабатда бўлишга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:«... бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!» (Моида, 8).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад (алайҳиссалом) шундай дейдилар: «Кимки аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради».

Дарҳақиқат, ислом илк даврларданоқ ўзидан олдинги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турли мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунларданоқ барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичишини таъкидлаб келади. Унинг таълимотига биноан барча Пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим. Бу борада Қуръони каримда: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар» (Мумтаҳана, 8).

 Шунингдек, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўзларининг ҳадисларида: «Сиз ўзингиз яхши кўрган (муҳаббат қилган) нарсани биродарингизга раво кўрмагунингнзча комил мўмин бўла олмайсизлар», деб марҳамат қилганлар. Имом Нававий шу ҳадисни бундай шарҳлаган: «Ҳадисда келган «муҳаббат» сўзидан мурод инсонлар ўртасидаги муҳаббат эмас, аксинча, биродарига яхшилик ва манфаатларни тилашдир. Бу умум башариятга нисбатан  яхшиликни исташ лозим деганидир».(давоми бор)

 ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.


Киритилган вақти: 08/07/2020 14:59;   Кўрилганлиги: 1554
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islom-dinida-bagrikenglik-goyalari-davomi
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 16:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг