Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМ ДИНИ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМНИ ҚОРАЛАЙДИ

 
 

Барчамизга маълумки, Ислом – ҳақиқат, тенглик ва адолат динидир. Шундай экан, бу динда ҳеч кимга зулм қилиниши мумкин эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арабнинг ажамдан афзаллиги фақатгина тақво билан”, деганлар. Шунинг учун ҳам Ислом терроризмни қоралайди. Ислом дини кўриниши қанақа бўлишидан қатъий назар, терроризм билан муроса қилиши мумкин эмас. Чунки терроризм Ислом дини таълимотларига зиддир. Зеро, терроризмда одамларга зулм қилиш бор, бегуноҳ инсонларни ноҳақ ўлдириш бор. Одамлар ор-номусларининг топталиши, ҳимояга муҳтож заифа аёллар, болалар ва кекса ёшдаги инсонларнинг ўлдирилиши бор. Терроризмнинг ана шу жирканч тарафларини ҳисобга олиб, Ислом дини уни қаттиқ қоралайди ва рад этади. Турли оммавий ахборот воситаларида кўриб-эшитаётганимиз – терроризмнинг Ислом дини билан алоқадорлиги, Ислом дини террорчи гуруҳлар ва ташкилотларни тайёрлаб чиқариши, амалга оширилаётган террористик амалиётларнинг кўпчилиги айнан мусулмонлар тарафидан содир этилаётгани ҳақидаги хабарлар ва қарашларнинг барчаси хато бўлиб, уларнинг ҳеч қандай тўғри жойи йўқдир. Биз ана шу террористик амалиётларни ижро қилаётган ва ўзларини Ислом динига мансуб деб ҳисоблаётган кимсаларни ўз жонларига зулм қилувчилар бўлиб, уларнинг мақсадлари Исломнинг суратини бузиб кўрсатиш, унинг обрўсини туширишдир, деймиз. Улар аслида Ислом динидан узоқдадирлар.

Ғарбдаги айрим оммавий ахборот воситалари Ислом терроризмни қўллаб-қувватлайди, деб жар солмоқда. Аммо баъзи бир ғарб давлатларининг мусулмон мамлакатларда амалга оширган ва ошираётган хунрезликларини улар унутган ёки унутганга солгандек гўё. Уларнинг бу қилмишлари ҳам террордан ҳеч кам эмас. Зеро, улар аёллар ва болаларни ўлдирмоқдалар. Инсонларнинг ор-номусларини топтамоқдалар.

Исломни терроризм билан боғлайдиган ва уни қоралайдиган кишилар аввало Ислом дини нима эканига, унинг таълимотларига боқсинлар. Ана ундан сўнг Ислом динининг терроризм билан алоқаси бор ёки йўқлиги уларга аниқ бўлади.   

Юқорида зикр қилинганидек, Ислом экстремизмни ҳам, террорзимни ҳам қаттиқ қоралайди. Аксинча у динни англашга, барча инсонлар ўртасида ўзаро бағрикенглик тамойилларига асосланган биродарлик маданияти ва мафкуравий мулоқотни кенг ёйишга даъват қилади ва ҳеч бир миллат ёки ирқнинг ўртасини ажратмайди.

 Экстремизм ва терроризм: Исломнинг уларга муносабати

Терроризм – ўзининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун қўрқитиш ва зўравонлик услубидан фойдаланишга нисбатан айтиладиган васфдир.

Экстремизм эса мўътадилликнинг зидди бўлиб, нуқсонга йўл қўйиш ёхуд меъёридан ошириб юбориш билан чегарадан чиқиб кетишдир.

Нуқсонга йўл қўйиш деганда Аллоҳнинг чегараларини зое қилиш, унга тажовуз қилиш бўлиб, бу нарса ҳаромлигига иттифоқ қилинган мункар ишларга қўл уриш билан бўлади.

Меъёридан ошириб юбориш – Аллоҳнинг Китобида ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келганидан ошириб юбориш ёки чуқур кетишдир.

Шу нарса аниқ ва шубҳасизки, террористлар ва экстремистларнинг амаллари-ю сўзлари, динни тўғри тушунмаганликлари олийжаноблик ва енгиллик устига барпо қилинган Ислом шариатига тўғри келмайди. Ҳатто Исломдан бошқа эътиқод қилинадиган динларнинг барчаси ҳам экстремизмни рад этади. Диний ибодатларни адо этишда чуқур кетиш ва ҳаддидан ошириб юборишга ёки ижтиҳод йўли билан чиқариб олинган масалар борасида бировлар олиб борган ижтиҳодларни ўзлаштириб олишга ёхуд қарши фикрда бўлганларга нисбатан шариат чегараларидан чиқиб кетишга асло рухсат бермайди. Ҳаромлигига барча уламолар ҳамфикр бўлган ана шу мункар ишларнинг инсониятга, айниқса Ислом ва мусулмонларга кўрсатадиган салбий таъсири жуда каттадир. Бу таъсирлар ғарбликлар наздида Исломнинг обрўсини тўкиш билан бўладими ёки мусулмонлар оммаси наздида унинг сувратини бузиб кўрсатиш билан бўладими, барибир.

Шу нуқтаи назардан ҳам Ислом дини халқларни хароб қиладиган ва ҳалокатга олиб борадиган ана шу манфур ва салбий иллатдан қаттиқ қайтарган. Ислом дини таъкидлайдиган нарса шуки, мусулмонлар бир-бирлари билан елкадош ва ўзаро бир-бирларига ёрдамчи бўлсинлар. Аллоҳнинг мустаҳкам арқони – Қуръонни маҳкам тутсинлар ва тўғри йўлдан юрсинлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини ҳам худди шу нуқтаи назардан келиб чиқиб тушунишимиз лозим бўлади:

         “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди.

Кейин улар: “Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак, тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик”, дедилар.

Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади”. (Бухорий ривояти).

Кемадаги кичкина бир тешик бутун бошли жамият учун ҳозирлаб қўйилган катта ва кенг бир қабр сингари бўлишини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Ислом – динда чуқур кетишдан, қаттиққўл бўлишдан ва мусулмонларни қўрқувга солишдан қайтаради

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ғулувга кетишдан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, сизлардан олдингилар динда ғулувга кетганлари учунгина ҳалок бўлганлар”, деб уқтирадилар. (Имомлар Аҳмад, Насаий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривояти). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч марта такрор: "Мутанаттиълар ҳалок бўлди", деганларини ривоят қилган. (Имомлар Муслим ва Абу Довуд ривояти). Мутанаттиълар - чуқур ва ғулув кетганлар, сўз ва ишларида чегарадан чиққанлар, ҳамда қаттиққўлликка ҳожат йўқ жойда қаттиққўл бўлганлар деганидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир мусулмон ёки мўминнинг бирор мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмасдир”, деганлар.

Бир одам ҳазил тариқасида бошқа бир одамнинг кавушини олиб яшириб қўйибди. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб берилганида у зот: “Мусулмон одамни қўрқитманг. Зеро, мусулмонни қўрқитиш улкан зулмдир”, дедилар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ноҳақдан қўрқитиб қўйиш мақсадида бировнинг юзига қараган кишининг ҳам қиёмат кунида жазоси борлигини таъкидлаб: “Ким асоссиз равишда бир мусулмонга уни қўрқитиб қўйиш учун қарайдиган бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни қўрқитиб қўяди”, деганлар. Чунки Ислом тинчлик ва омонлик динидир. Мусулмонни қўрқитиш ва чўчитиб қўйиш бу диннинг руҳига тўғри келмайди.

Экстремизм ва терроризмнинг чораси

Экстремизм ва терроризмдан сақланиш, унинг олдини олиш, уни муолажа қилиш учун лозим бўлган энг зарур тавсиялар – қисқача қилиб айтганда, – ушбулардир:

- диндан хабардорликни ошириш лозим.

Диний ташкилотлар ва бошқалар ёшларнинг Ислом фиқҳи ва диний билимлардан етарли даражада бохабар бўлишлари учун қаттиқ ҳаракат қилишлари, уларни илм олишга йўналтиришлари лозим. Мутахассис бўлмаганлар эса Аллоҳ таоло: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”, деб буюрганидек, диний билимларни мутахассислардан олишлари керак.

- ёшлар билан уламолар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш зарур.

-  айнан битта фикр устида қотиб қолиб, мутаассиблик қилмаслик зарур.

- бошқалар билан мулоқот олиб бориш ва ўзгаларни ҳурмат қилиш маданиятини кенг тарғиб этиш лозим.

- пассивлик ва турғунликка қарши қаттиқ кураш олиб бориш керак.  Бунинг учун фуқароларнинг қалбларида Ватанга бўлган муҳаббатни чуқур илдиз оттириш лозим. Ана шунда улар ўз Ватанларининг равнақи, юксалиши ва гуллаб-яшнаши йўлида жонларини фидо қилиб яшайдилар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, терроризм ва экстремизмнинг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқдир. Қолаверса, баъзи томонлар даъво қилаётганидек, терроризм фақат мусулмонлар билан боғлиқ нарса эмас. Ўзини мусулмон деб даъво қилаётган, аммо фаолиятлари Ислом динининг пок ва инсонийлик тамойилларига тўғри келмайдиган кишилардан Ислом ҳам, террорзим ва экстремизмни қабул қилмайдиган ҳар бир мўмин-мусулмон ҳам безордир.

Алоуддин ҲОФИЙ - Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими


Киритилган вақти: 27/11/2019 10:20;   Кўрилганлиги: 1482
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islom-dini-ekstremizm-va-terrorizmni-qoralaydi
Чоп этилган вақт: 22/01/2025 16:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг