ИМОМИ АЪЗАМ ЗАКОВАТИ
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг раҳматуллоҳи алайҳ тақволари, ибодатлари ва илмлари ҳақида жуда кўп гапирилган, ёзилган. Қуйида эътиборингизга Васлий Самарқандийнинг “Имоми Аъзам ҳаёти ҳақида қимматли сўзлар” китобидан олинган парчани ҳавола қиламиз. Унда улуғ имом заковатининг яна бир қиррасини очиб берадиган қизиқарли маълумотлар берилади.
***
Имоми Аъзамни дўст кўрмайдиган бир кимса у зотдан сўради: “Жаннатни умид қилмайдиган, дўзахдан қўрқмайдиган, ўлимтик ейдиган, руку ва саждасиз намоз ўқийдиган, кўрмаган нарсасига гувоҳлик берадиган, ҳақни ёмон кўрадиган ва фитнани яхши кўриб, раҳматдан қочадиган, яҳудий ва насронийлар сўзларини тасдиқлайдиган киши ҳақида нима дейсиз?”
– У одам Аллоҳ таолонинг ҳақиқий дўстларидандир. Негалигини баён қилсам, тилингни ёмон сўзлардан тиясанми?
– Ҳа, тилимни беҳуда сўзлардан тийиб тавба қиламан.
– Унинг сифати бундай: у одам жаннатни умид қилмайди, балки жаннатнинг Парвардигорини умид қилади; дўзахдан қўрқмайди, балки дўзахнинг Парвардигоридан қўрқади; балиқнинг ўлимтигини ҳам ейди; жаноза намозини руку ва саждасиз ўқийди; Аллоҳ таоло билан Пайғамбарни кўрмасдан, Худонинг бирлиги ва борлигига ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом Худонинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик беради; Аллоҳ таолога узоқ йил тоат қилмоқ учун ўлимни ёмон кўради; мол-дунё ва фарзанд фитна бўлса ҳам, яхши кўради; ёмғир Аллоҳнинг раҳмати бўлса ҳам, ундан қочади; «Яҳудийлар: “Насронийлар ҳеч нарсада йўқ” десалар, насронийлар: “Яҳудийлар ҳеч нарсада йўқ”, дейдилар...» (Бақара, 113) оятини тасдиқлайди.
وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ لَيۡسَتِ ٱلنَّصَـٰرَىٰ عَلَىٰ شَىۡءٍ وَقَالَتِ ٱلنَّصَـٰرَىٰ لَيۡسَتِ ٱلۡيَهُودُ عَلَىٰ شَىۡءٍ وَهُمۡ يَتۡلُونَ ٱلۡكِتَـٰبَۗ كَذَٲلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ مِثۡلَ قَوۡلِهِمۡۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَـٰمَةِ فِيمَا كَانُواْ فِيهِ يَخۡتَلِفُونَ
113. Яҳудийлар: «Насронийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Ва ҳолбуки, улар китоб тиловат қиладилар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, қиёмат куни ораларида Аллоҳ улар ихтилоф қилган нарса ҳақида ҳакамлик қилади. (Самовий китоб эгаси бўлмаган халқлар оятда илоҳий таълимотларни «билмайдиган кимсалар» деб аталяпти. Улар ҳам яҳудий ва насронийларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар, яъни, булар иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимайди, дейдилар.Улар тортишишган масаланинг ҳақиқий ҳукмини Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзи чиқаради.)
Шунда савол сўраган киши ўрнидан туриб, Имоми Аъзамнинг қўлларини ўпди ва: “Гувоҳлик бераман, мазҳабингиз ҳақдир, энди инкорим қолмади”, деди.
Амиров Тўлқин тайёрлади
Киритилган вақти: 23/02/2022 10:45; Кўрилганлиги: 1070
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 04:40