Имом-хатибнинг вазифаси фақат жаноза ва никоҳ ўқиб беришдан иборат эмас
Аслида хато йўлдан бораётганларга тўғри йўл кўрсатиш имом-хатибнинг энг биринчи вазифаси. Масалан, бир киши кўп қийинчилик кўрган экан, саратонга чалиниб қолгани боис ҳаётдан тўйганини ҳеч нарса кўзига кўринмасдан ўзини ўзи осиб қўймоқчи бўлганини имом-хатибга айтибди. Бу ишга лоқайд ва бепарво қарамаган имом домла унга ҳаёт улуғ неъмат экани, Аллоҳ берган инъомнинг қадрига етиш зарурлиги ҳақида гапирибди. Беморлигига сабр қилиши борасида бир қанча шаръий ва ҳаётий мисоллар асосида насиҳат қилибди ва суҳбат сўнгида унга Зам-зам суви тортиқ этибди. Ўрнида қилинган насиҳат ва табаррук сувнинг фойдаси билиниб, у киши дарров ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлабди. Бу мудҳиш ишни асло қилмаслик кераклиги тўғрисида хулоса чиқариб олибди.
Агар маҳаллада бирорта бола зарарли диний оқимга кириб қолган бўлса, уни нотўғри йўлдан қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билиши керак. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса. Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз. У фалончининг онаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз. Адашган одамларни ашаддий душманга айлантирамиз. Натижада нима бўлади? Кулфат камайиш ўрнига кўпаяди.
Баҳодир ШАРИПОВ - Самарқанд туман бош имом-хатиби
Киритилган вақти: 25/11/2019 12:17; Кўрилганлиги: 1527
Чоп этилган вақт: 11/02/2025 14:27