Имом Бухорийнинг илмий мероси қай даржада ўрганилмоқда?
Қуръон – Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, инсонларга раҳмат, шифо, ҳидоятга бошловчи илоҳий манба қилиб туширилган. Ҳадис, суннат эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлардир. Қуръони карим бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам Суннатдан топамиз. Демак, Суннат ислом шариатида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Суннат (ҳадис) маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбар алайҳиссалом ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборлари билан тақдим этганлар ва бу борада ҳеч бир нарсани ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаганлар.
“У ҳаводан гапирмас. Бу фақат қилинадиган ваҳийдир” (Нажм сурвси,3-оят).
Ўз-ўзидан маъдум бўлмоқдаки, Суннат – Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манба экан. Тарихдан маълумки, ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида китоб ҳолида жамланмаган. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом “Мендан Қуръони каримдан бошқа ҳеч нарса ёзиб олманглар...” деган эдилар.
Халифа Умар ибн Абдулазиз даврларига келиб, “Мен уламоларнинг орамиздан кетишлари ва илм дарсларининг камайишидан қўрқмоқдаман, қараб, суриштириб, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзинглар”, дея турли жойларга одамларни юборган эдилар. Шундай қилиб, биринчи ҳадис китобини буюк тобеъийн Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (124 ҳижрий санада вафот этган) ёздилар. У кишининг китоблари содда бўлиб, саҳобалардан эшитган ҳадисларининг тўпламидан иборат бўлган. Шундан сўнг ҳадис китоблари ёзиш кенг миқёсдаги илмий ҳаракатга айланган. Дастлабки ҳадис тўпламларида саҳиҳ (тўғри, ишонарли) ва ғайри саҳиҳ ҳадислар аралаш ҳолда берилган бўлиб, ўқувчи улардаги бирор ҳадисни тўғри ёки нотўғри эканлигини, ҳадис ривоят қилувчининг аҳволини текширмай ва аниқламай туриб билолмасди. Бунинг учун ўқувчи ўша ҳадисга аниқлик киритиш мақсадида уламолардан сўрашга мажбур бўларди. Мана шундай оғир даврда Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” номли ҳадислар тўпламини 16 йил давомида таълиф этиб, унга 7275 дан ортиқ саҳиҳ ҳадисларни тартибли равишда жамладилар. Имом Бухорий ўзларидан то Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача бўлган силсилани жуда аниқлик билан ўрганган. Мазкур ровийлар сислсиласини санад дейилади. Санадда бир неа кишилар бўлади. 3 кишидан 7 кишигача етган ҳолатлар ҳам бўлган. Имом Бухорий уларнинг ҳар биринининг тарихлари, бошқача қилиб айтганда, таржимаи ҳоллари ва ривоят қилиш борасидаги сифатларини ўрганиб, бу ҳақда “Ат-тарих ал-кабир” (“Катта тарих китоби”)ни тахминан 18 ёшлариларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганлар. Умуман олганда Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўкис қамраб олганлигини кўриш мумкин. У кишининг йигирма бешга яқин асарларидан фақат бир нечтасигина бизгача етиб келган.
“Саҳиҳи Бухорий”ни аҳли суннат ва жамоат уламолари, мусулмон умматининг аксар қисми Қуръондан кейинги энг ишончли манба деб билганлар. Шунинг учун уламоларнинг ҳам, мусулмон умматининг ҳам Қуръондан кейинги энг катта ва энг кучли диққат-эътиборлари унга нисбатан бўлган десак муболаға бўлмайди. Имом Бухорийнинг шахсан ўзидан “Саҳиҳи Бухорий”ни 90000 нафар киши ўқиганлиги манбаларда қайд этилган. Асрлар давомида дунё уламолари “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқишга, ўқитишга катта аҳамият бериб келганлар. Уни ўрганиб, тадқиқ ва таҳлил қилишга, мусулмон уммати ўзларининг дастурул амаллари сифатида ундан таълим олиб, амал қилишга диққат қаратганлар. Ҳозирги вақтда ҳам мусулмон ўлкаларнинг бошланғич мактаблари, ўрта ва олий таълим даргоҳлари талабаларига Имом Бухорийнинг асарлари дарслик сифатида таълим берилиши, “Саҳиҳи Бухорий” асарини тўлиқ ёд олган илми толиблар мавжудлиги ушбу тўпламнинг ислом оламида нақадар аҳамияти юқори эканлигига ишора қилади.
Хўш, буюк олим, муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг туғилиб, вояга етган ватанида бугунги кунда у зотнинг ҳаёти, илмий меросини ўрганишга қай даржада эътибор қаратилмоқда?
Мустақиллика эришилган илк йиллардаёқ миллий, диний қадрият, анъаналарни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди. Улуғ аждодларимизнинг маънавий-илмий меросларини ўрганиш, уларни халқимизга етказиш, уларнинг қўним топган жойларини обод қилиш қилишга катта эътибор қаратила бошлади. Жумладан, Имом Бухорий ҳазратларининг ҳам ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди ва ҳозир ҳам бу ишлар давом этмоқда. Ўтган давр мобайнида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одоблар хазинаси”) каби ҳадислар тўплами ўзбек тилига ўгирилиб, шарҳлари билан китобхонларга тақдим этилди. Мақбаралари узра кенг кўламли ободоншлатириш ишлари амалга оширилиб, файзли зиёратгоҳга айлантирилди. Ушбу мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳазратларининг илмий меросини тадқиқ этувчи халқаро тадқиқот маркази, ҳадис илмини ўрганишга ихтисослашган таълим йўналишидаги илм даргоҳи – Ҳадис мактаби ўз фаолиятларини олиб бормоқда.
Асрлар оша дунё мусулмонлари катта эътибор билан буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари томонидан таълиф этилган “Саҳиҳи Бухорий”, “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одоблар хазинаси”) каби тўпламлари ўрганилаётган, ёшларга таълим берилаётган бир вақтда бизнинг фарзандларимиз, ўқувчи ёшларимиз бу каби илм ва одоб ирфонидан бебаҳра қолмоқда десак муболаға бўлмайди. Ушбу асарларда инсонларни ахлоқ-одоб, инсонпарвар, ватанпарвар, тинчликсеварлиликка чақирувчи, адолатли, маърифатли, маънавиятли, юксак ахлоқ-одоб соҳиби, бунёдкор, яқинларига ғамхўр бўлишга ундовчи, ҳаромдан, ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилишга даъват этувчи ҳадисларни ёшларга етказиш орқали уларни ахлоқий камолат соҳиблар этиб тарбиялаш мумкин. Қуръони карим, ҳадислар ва шариат кўрсатмалари инсон маънавий-маърифий камолотининг асоси бўлган одоб ва ахлоқнинг барча қирраларини ўз ичига олгандир. Зеро, бу қадриятлар домий равишда одамларда, жумладан ёшларда яхши хислатларни шакллантриб, ёмон иллатлардан халос бўлишга чорлайди.
Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов
Киритилган вақти: 22/07/2020 17:26; Кўрилганлиги: 975
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 11:49