Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Имом Бухорий таълимотини ўрганган ёшлар ёмон йўлга кирмайди

 
 

Имом Бухорийнинг замондошларидан бири Яҳё ибн Жаъфар: “Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир”, деган эди. Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол эса: “Менимча, Ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди”, деган эдилар.

Дарҳақиқат, бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи бутун Ислом олами “Амирул мўминин фил ҳадис” – “ҳадис илмида мўъминларнинг амири”, “Шайхул-ислом” – “мусулмонларнинг устози” каби унвонлар билан номлайди. Буларнинг барчаси бежизга эмас. Аждодимизнинг бу даражага етишишига у зотнинг тақвоси, парҳезкорлиги ва омонатдорлиги каби кўплаб фазилати ва ҳадис илмига қўшган улкан ва беқиёс ҳиссаси сабаб, десак янглишмаган бўламиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

"Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур" (Мужодала сураси 11-оят).

Аллоҳ таоло илм, зуҳд ва тақвода замонасининг пешқадами бўлган Имом Бухорийни бу дунёда номларини улуғ қилди. Имом Бухорий тўплаган ҳадислар инсонга тўғри йўл танлаш, ота-онани ҳурмат қилиш, ҳалол, оқибатли, бағрикенг бўлиш, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш каби хислатларга эга бўлиш имконини беради.

Ана шуларни ҳисобга олиб юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда Имом Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ҳадис илми мактаби, Халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яратилди. Мана энди, бир томондан Имом Бухорийнинг хизматлари ва ўзларига мос ёдгорлик мажмуаси, иккинчи томонидан зиёратчилар учун барча шароитларга эга бўлган маскан яратилмоқда.

Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлди. Давлатимиз раҳбари Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ бобокалонимизнинг оламшумул довруқларига мос ва арзигулик қадамжонинг янги лойиҳаси билан танишди. Тадбирда ҳозир бўлган оқсоқоллар, уламолар, туман ва шаҳар депутатлари, жамоатчилик вакилларининг фикрларини эшитди ва янги мажмуа қурилиши бошланганини эълон қилди.

Янги ёдгорлик мажмуасида сони тобора ошиб бораётган миллий ва хорижий зиёратчилар учун барча шароитлар яратилади. Мажмуа таркибига кирувчи масжиднинг ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлади. Ҳазрат Имом Бухорий қабрларини зиёрат қилиш шароитлари ҳам яхшиланади.

Ушбу буюк инсон хотирасига халқимизнинг ва жаҳон ҳамжамиятининг эҳтироми белгиси сифатида Аллоҳнинг изни ва халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошириладиган мажмуага муборак Рамазон ойи кунларида тамал тошининг қўйилиши Яратган Парвардигорнинг ушбу эзгу ишларни қўллаб-қувватлашига умид боғлашга имкон беради.

Тадбир аввалида Шавкат Мирзиёев мўмин-мусулмонлар, бутун Ўзбекистон халқини муборак Рамазон ойи билан муборакбод этар экан: “Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”, – деди.

2020 йилда пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришга тўғри келгани ёдга олинди. Бу йил эса масжидлар очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этаётгани қайд этилди.

“Тўрт йиллик изланиш, янгиланиш ва синовлардан ўтиб, катта тажриба орттирдик. Халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади”, – деди юртбошимиз.

Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йил 15 мартда Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида халқаро конференция ташкил этилган эди.

Ушбу халқаро анжуманда сўзга чиққан Афғонистон Ислом Республикаси иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий: “Ўзбекистон шундай диёрки, Ер юзидаги ҳар бир мусулмон бу табаррук юртнинг зиёратига ошиқади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Бу табаррук жойда жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, қадамжолар янада обод этилаётгани бизни ғоят хушнуд этди. Буларнинг барчаси Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада обод, халқни янада фаровон қилиш, юксак билим ва салоҳиятли, ватанпарвар, миллий қадрият ҳамда анъаналарга, аждодларнинг бебаҳо меросига садоқатли авлодни камолга етказишдек эзгу орзу-умидлари рўёбига хизмат қилаётир. Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланмоқда”, деган эди.

Шавкат Мирзиёев мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, қушхона қурилиши белгиланган.

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 19/04/2021 14:55;   Кўрилганлиги: 84
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/imom-buxoriy-talimotini-organgan-yoshlar-yomon-yolga-kirmaydi
Чоп этилган вақт: 18/05/2021 22:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг