ИМОМ АЪЗАМНИНГ (Р.А) ЗАКОВАТЛАРИ
Ривоят. Имом Аъзамни дўст кўрмайдиган бир кимса у зотдан сўради: “Жаннатни умид қилмайдиган, дўзаҳдан қўрқмайдиган, ўлимтик ейдиган, руку ва саждасиз намоз ўқийдиган, кўрмаган нарсасига гувоҳлик берадиган, хақни ёмон кўрадиган ва фитнани яхши кўриб, раҳматдан қочадиган, яҳудий ва насронийлар сўзларини тасдиқлайдиган киши хақида нима дейсиз?”
-У одам Аллоҳ таолонинг хақиқий дўстларидандир. Негалигини баён қилсам, тилингни ёмон сўзлардан тиясанми?
-Ха, тилимни беҳуда сўзлардан тийиб тавба қиламан.
-Унинг сифати бундай: у одам жаннатни умид қилмайди, балки жаннатнинг Парвардигорини умид қилади; дўзаҳдан қўрқмайди, балки дўзаҳнинг Парвардигоридан қўрқади; балиқнинг ўлимтигини ҳам ейди; жаноза намозини руку ва саждасиз ўқийди; Аллоҳ таоло билан Пайғамбарни кўрмасдан, Ҳудонинг бирлиги ва борлигига ҳамда Муҳаммад (алайҳиссалом) Ҳудонинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик беради; Аллоҳ таолога узоқ йил тоат қилмоқ учун ўлимни ёмон кўради; мол-дунё ва фарзанд фитна бўлса ҳам, яхши кўради; ёмғир Аллоҳнинг раҳмати бўлса ҳам, ундан қочади; “Яҳудийлар: “Насронийлар ҳеч нарсада йўқ”, -десалар , насронийлар: “Яҳудийлар ҳеч нарсада йук”, дедилар” ( Бақара, 113) оятини тасдиқлайди.
Шунда савол сўраган киши ўрнидан туриб, Имоми Аъзамнинг қўлларини ўпди ва: “Гувоҳлик бераман, мазҳабингиз ҳақдир, энди шубҳам қолмади” деди.
Нурулло Юлдашев Жомбой тумани “ИСЛОМ НУРИ” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 27/10/2021 05:35; Кўрилганлиги: 879
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:47