Ижтимоий иллатлардан сақланиш–ёшларнинг бурчидир
Миллий кадриятларимиз ёшларни барча ёмонликлардан сақланадиган, яхши амалларни қилишга рағбат қиладиган, виждонли, ўта сезгир, иродаси маҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, жамиятга наф келтирувчи, оиласи, маҳалласи, Ватанини ҳимоя қилувчи, юртни обод қилувчи бунёдкор, ўзига юклатилган маъсулиятни мукаммал адо этувчи шахс бўлиб камол топишга даъват этади.
Ислом таълимоти инсон ҳаёти учун фойда келтирмайдиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан қайтаради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақда марҳамат қилиб айтганлар: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.
Инсон ҳаёти айниқса, ёшларимизнинг келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланиши лозим. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд бўлган зарарли иллатни йўқ қилиш ва уни олдини олиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчидир.
Хатарли ижтимоий иллатлардан яна бири бу ўз жонига қасд қилишлик.
Исломда ўзини ўлдириш қатъиян ман этилган: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (“Нисо” сураси, 29-оят). Уламолар “ўзларингизни ўлдирмангиз” жумласини мусулмонлар учун бир-бирларини, шунингдек ўз-ўзини ўлдиришни таъқиқ сифатида тафсир қиладилар.
Кўплаб ҳадисларда ҳам инсон ўзини-ўзи ўлдириши ман этилгани таъкидланади, масалан: “Собит ибн аз-Заҳҳок ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: “... Кимки бирор қурол билан ўзини ўлдирса, жаҳаннамда ўша қурол билан унга азоб берилади. Мўъминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким тоғдан ўзини ташлаб ўлса, бас у жаҳаннам оловидадир. Унда абадул-абад ўзини ташлайди. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, бас, заҳари қўлида бўлиб, абадул-абад жаҳаннам оловида уни ичади. Ким ўзини ўткир нарса билан ўлдирса, жаҳаннамда абадул-абад ўша ўткир нарсаси қўлида бўлиб, у билан ўз қорнини тешади” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий, ривояти).
Ватан, оила, дин, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулк ҳамда обрў-шараф инсон учун энг қадрли нарсалар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ҳимоя қилиш муқаддас бурчдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида мазкур нарсаларни душмандан ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлганлар шаҳодат мартабасини топишларини айтганлар. Ватан мудофаасидан ўзини олиб қочиб, уни душманлар босиб олишига рози бўлиб қараб туриш эса, гуноҳи кабиралардан эканини таъкидлаганлар.
Ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини асраш йўллари:
- мустақил фикрга эга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш;
- ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болаликдан шакллантириш;
- мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш;
- шарқона ахлоқ меъёрларига риоя қилиш;
- таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан, зарарли илларлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бунинг учун эса, ёшларни мафкуравий жиҳатдан қуроллантириб бориш, таҳдидлар ва тазйиқлар хусусида улар хавф туғдирмасидан аввал маълумотга эга бўлиб боришларига шароит яратиш ҳамда доимо огоҳлик, дахлдорлик туйғуларини қалбларимизда мужассам этиб боришимиз лозим.
Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида
Киритилган вақти: 21/01/2022 07:45; Кўрилганлиги: 859
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 16:18