Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ҳури ийннинг маъноси қандай?

 
 

Аллоҳ таоло мухлис бандалари учун жаннатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли неъматларни тайёрлаб қўйган. Мана шундай неъматлардан бири ҳури ийнлардир. “Ийн” сўзининг маъноси кўз бўлиб, оқи жуда оқ, қораси жуда қора, қорачиғи юмалоқ ва кўз пардаси шаффоф, дегани. “Ҳур” сўзи эса “Ҳавро” сўзининг кўплик шакли бўлиб, кўзларининг оқи оппоқ, қораси қоп-қора бўлган жондир.

Қуръони карим ва суннати набавийда ҳури ийнларнинг бир қанча сифатлари баён қилинган. Жумладан, уларнинг айб-нуқсонлардан холи экани, покиза экани, бош оғриғи ёки бошқа касалликлардан саломат экани келтирилган. Қуръони каримда уларнинг сифати қуйидагича келади:

وَعِندَهُمۡ قَـٰصِرَ ٰ⁠تُ ٱلطَّرۡفِ عِینࣱ * كَأَنَّهُنَّ بَیۡضࣱ مَّكۡنُونࣱ

“Олдиларида кўзларини (бегоналардан) тийгувчи шаҳло кўзлилар бордир. Улар худди асраб қўйилган тухумга ўхшарлар” (Соффат сураси 48-49 оятлар).

Аллоҳ таоло Жаннат аҳли аёлларининг сифатини баён қилиб шундай марҳамат қилди: “кўзларини (бегоналардан) тийгувчи”. Яъни, улар фақат ўзларининг хўжаларига назар ташлайдилар, кўзларини бегоналардан тиядилар. “Улар худди асраб қўйилган тухумга ўхшарлар” оятининг маъноси уларнинг ранглари сариқ ранг сингдирилган оқ эканига далолат қилади. Уларнинг оппоқлиги жуда ҳам ёрқин бўлиб, ўзидан узоқлаштирадиган эмас, балки гўзалликнинг энг чўққисини намоён қиладиган ранг ҳисобланади. Уларнинг рангги худди дур каби бўлади. Бунга яна бир ояти карима далолат қилади:

كَأَمۡثَـٰلِ ٱللُّؤۡلُوِٕ ٱلۡمَكۡنُونِ

“Мисоли яширилган дур (кабидирлар) (Воқеа сураси 23-оят).

Ҳури ийнлар қуёшнинг нури, шамол ва бегона кўзлардан сақланган гўзал тусга эга дур каби бўладилар. Худди, дур ўзининг уйида тоза сақланганидек, ҳури ийнлар ўзлари учун бўлган чодирларда фақат хўжалари учун сақлангандирлар. (Тафсири Саъдий китобидан).

كَأَنَّهُنَّ الْيَاقُوتُ وَالْمَرْجَانُ

“Гўёки, улар ёқут ва маржон кабидирлар” (Ар-Роҳман сураси 58-оят).

Яъни, софликда ёқут ва оқликда маржон кабидирлар. Уларнинг поклиги худди ёқут кабидек. Уларнинг оқлиги худди дур кабидекдир. (Тафсири Табарий китобидан).

إِنَّا أَنْشَأْنَاهُنَّ إِنْشَاءً . فَجَعَلْنَاهُنَّ أَبْكَارًا . عُرُبًا أَتْرَابًا

“Албатта, Биз у(ҳурлар)ни дафъатан, хос қилиб, яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик. Тенгдош маҳбубалар қилдик” (Воқеа сураси 35-37 оятлар).

“…дафъатан, хос қилиб, яратдик” деганда улар ота-онадан дунёга келмаган, балки Аллоҳ таоло уларни ўзлигича яратган маъноси тушунилади.

“Тенгдош маҳбубалар қилдик” оятининг маъноси борасида Имом Доҳҳак Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Уларнинг Ёши 33 да бўлади”. Имом Саддий роҳимаҳуллоҳ: “Улар ўзаро хушмуомалали бўладилар. Ораларида бир-бирига нафрат, ҳасад ва гина бўлмайди” деганлар.

Саид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Эрларига суюкли ва эрлари ҳам уларга суюкли бўладилар” (Тафсири Ибн Касир китобидан).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Албатта, биринчи жамоа жаннатга кирганларида мисоли тўлин ой кунидаги ой суратида кирадилар. Сўнг улардан кейин кирадиганлар осмонларда тизилган юлдузлар мисоли кирадилар. Уларнинг қалблари бир кишининг қалби каби бўлади. Уларда ихтилоф ҳам, нафрат ҳам бўлмайди. Улардан ҳар бир кишига иккитадан ҳури ийн бордир. Уларнинг (ҳурларнинг) суяк ва этларининг ортидан иликларини гўзал тусда кўрадилар” (Муттафақун алайҳи).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жаннат аҳлидан бўлган бир аёл ер юзига қарайдиган бўлса, Жаннат ва ер ўртасини нур қоплайди, у иккисининг ўртаси шамолга тўлади. Унинг бошидаги пешонаси дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир” (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Муборак айтади: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ҳурларнинг икки болдир суягининг илиги, гўшти, суяги ва етмишта безаги ортидан, худди қизил май оқ шишанинг ичида кўриниб тургандек кўриниб туради”.

Хайрулло домла Саттаров

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 18/07/2022 17:22;   Кўрилганлиги: 74
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/huri-iynning-manosi-qanday
Чоп этилган вақт: 10/08/2022 06:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг