Ҳазрати Умар ва азон
Авваллари мусулмонлар масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса, намоз ўқир эдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, одамларни намозга чорлаш учун насороларнинг зангига ўхшаш занг ёки яҳудийларнинг дудига ўхшаш асбобни чалишни маслаҳат қилган ҳоллари ҳам бўлган. Бу таклиф у кишининг ўзларидан чиққан.
Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримийлар келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳум шундай дейдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимга занг кўтарган бир одам келди. Мен унга:
«Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми?» дедим.
У: «Бу билан нима қиласан?» деди.
Мен: «У билан намозга чақирамиз», дедим.
У: «Сенга бундан яхшироқ нарсани айтиб берайми?-деди.
Мен: «Ҳа», дедим.
У: «Аллоҳу акбар!» дейсан», деди ва охиригача айтиб берди. Шунингдек, иқомани ҳам айтиб берди. Тонг отиши билан Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим.
У зот: «Иншааллоҳ, бу – ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, тушингда кўрганингни айтиб бериб тур. У азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли», дедилар.
Мен Билол билан бирга туриб, айтиб турдим, у азон айтди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб ридосини судраб, югуриб чиқди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!», дедилар.
Ушбу ривоятлар билан танишиб чиққан ҳар бир одамда қуйидаги саволларнинг пайдо бўлиши турган гап:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тилларидан ворид бўлган ҳадиси шарифларда бундоқ олий даражада мақталаётган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларида дини энг узун кўйлакли шахс бўлиб кў-ринган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларида у зотдан ортган илмга соҳиб бўлиб кўринган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бани Исроилда анбиёлардан бўлмасалар ҳам, гапи тўғри келадиган кишилар бор эди. Агар менинг умматимда бирорта ўшандоқ одам бўлса, Умар бўларди», деб улуғлаган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Баъзи фикрларига мувофиқ бўлиб, Қуръон оятлари нозил бўладиган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ ҳақни Умарнинг тилида ва дилида қилгандир», деб васф қилган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мендан кейин набий бўлганда, албатта, Умар ибн Хаттоб бўлар эди», деб васф қилган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Абу Бакр: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қуёш Умардан кўра яхшироқ одамнинг устидан чиқмаган», деганларини эшитганман», деб башорат берган инсон, яъни, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ким ўзи?
Ушбу саволларга жавоб топиш учун, энг муҳими ўрнак олиш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг буюк ҳаётларини Аллоҳ қодир қилганича ва қўлдан келганича ўрганиб чиқайлик.
Абдуманнонов Нурсултон,
Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 07/06/2022 07:13; Кўрилганлиги: 913
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 00:29