Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Қуръони Каримнинг жамланиши.

 
 

  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръони карим хурмо пўстлоқларига, тери бўлакларига, қоғоз парчаларига ёзилган ҳолда эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин кўпгина араб қабилалари муртад бўлиб диндан чиқиб кетдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу улар билан муросасиз жанглар олиб бордилар. Мусулмонлар ва Бани Ҳанифа қабиласи ўртасида бўлган жангларда мусулмонлар ғалаба қозонди. Мазкур урушда мусулмонлардан 1 200 киши шаҳид бўлди. Шулардан 500 киши Ҳофизул Қуръон бўлган қорилар эди. Шу урушдан кейин Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа Хазрати Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони каримни жамлаб ягона китоб шаклига келтиришни таклиф қилди.

Қуйида муаррихларининг бу борадаги фикрларини келтириш ўринлидир. Муртадларга қарши жанглар тугади. Шунингдек, Пайғамбарликни даъво қилган бир нечта ёлғончи пайғамбарлар устидан ҳам ҳукм тамомига етди. Мусулмонларнинг олдида яна бир буюк ишни тамомига етказиш юзага келди. Бу муҳим иш Қуръони каримни жамлаш ва уни асл ҳолида сақлаб, келажак авлодларга етказиш эди.

Бу уммат уламолари ва қорилариҳар бир замонда ислом ва мусулмонларнинг шаънини кўтармоқ учун одамларнинг энг шижоатлиси бўлганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда ҳам улардан кўпчилиги муртадлар билан бўлган урушларда қатнашиб, исломнинг шаънини сақлаб қолишда жон фидо қилдилар. Шундай жанглардан бири Ямома жанги бўлиб, унда қорилардан кўпчилиги шаҳидлик мақомини топдилар. Бу ҳолат эса мусулмонларни огоҳлантирувчи бир ҳолат бўлди. Яъни улар Қуръони каримни сақлаб қолиш лозим эканлигини тушуниб етдилар. Кўплаб қориларнинг вафот этиши натижасида Қуръони каримга зарар етишини англадилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони каримни жамлаш кераклигини ишора қилдилар. Бу ҳақда Абу Бакр шундай ҳикоя қилади: Умарибн Хаттоб бир куни мени олдимга келиб: “Ўлим Ямома кунида кўплаб қориларни олиб кетди. Бошқа барча ўлкаларда ҳам қорилар вафот этиб, натижада Қуръони кааримга зарар етиб қолишидан қўрқаман. Менинг фикрим шуки эйРасулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси, одамларни Қуръони каримни жамлашликка буюринг”, деди. Мен Умарга: “Қандай қилиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қилишим мумкин”, дедим. Шунда Умар: “Аллоҳга қасамкибу қиладиган ишингиз энг хайрли иш бўлади,деди. Умарнинг менга тўхтовсиз, доимий мурожаат қилиши натижасида Аллоҳ таоло Умарнинг қалбини очган нарсага менинг ҳам қалбимни очиб қўйди. Умар келган фикрга яъни Қуръони каримни жамлаш керак деган фикрга мен ҳам келдим”.[1]

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга: “Албатта сен ёшсан, навқиронсан, ақллисан, Расулуллоҳнинг ваҳийларини ёзиб юрар эдинг. Шунинг учун биз сенга ишонч билдирамиз. Сен Қуръонни яхшилаб ўрган ва уни жамла”, дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай дейдилар: “Аллоҳга қасамки, Абу Бакр Сиддиқ менга бир тоғни ўрнидан бошқа жойга кўчиришни буюрганларида эди, у мен учун бу ишдан яъни Қуръони каримни жамлашликдан кўра осон бўларди”.

Бу билан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Қуръони каримни жамлашлик нақадар масъулиятли иш эканлигини баён қилдилар.[2]

Шунингдек, Имом Бухорий бу ҳақда шундай ривоят қилади: Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади: Абу Бакр менга: «Албатта, сен ёш, оқил одамсан. Сени айблайдиган жойимиз йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Қуръонни излаб топиб, жамлагин», деди. Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни жойидан кўчиришни буюрганларида, мен учун Қуръонни жам қилишни амр қилганидан кўра оғир бўлмас эди. Мен унга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васаллам қилмаган нарсани қиласизлар?!» дедим. У (менга): «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. Абу Бакр менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг қалбини очган ишга очди. Қуръонни излаб, хурмо дарахти пўстлоқлари, тош парчалари ва одамларнинг қалбларидан жамлай бошладим. Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим: «Батаҳқиқ сизларга ўзларингиздан бўлган... Расул келди...» (икки оят). Саҳифалар Абу Бакр вафот қилгунича унинг олдида турди. Кейин Умар ҳаётлигида унинг олдида турди. Сўнг Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳонинг олдида турди»[3].

Бир қанча бахсу мунозара ва маслаҳатлардан кейин халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит ва яна бир нечта ваҳий котибларига Қуръони каримни жамлашликни буюрди. Ваҳий котиблари Қуръони каримни жамлашликдек бир масъулиятли ва шарафли вазифани адо этдилар. Бу амалга оширилган улуғ иш Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримасининг тасдиғи бўлди:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا ٱلذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ

    Яъни: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз! Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз”[4].

Ваъдаси устидан чиқиб, Қуръони каримни то Қиёматгача ҳар қандай зиёдалик, камайиш, таҳриф[5] ва табдил[6]дан сақлашни ваъда қилган Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар бўлсин! Каломуллоҳни элчи-фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида Роббиларидан қандай қабул қилган бўлсалар, умматларига шундай етказган ҳофизи Қуръонларнинг энг аввали ва муқрийларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар бўлсин!Бу буюк ишда хизматда бўлган саҳобаи киромларга бу умматдан дуои хайрлар бўлсин! 

Мансуржон Абдухолиқов, Пайариқ тумани бош имом хатиби,   

[1]Жалолиддин Суютий. Ал-Мазҳару фий улумил луғати ва анвоиҳо. 1-жилд. “Мактабатул асрия” нашриёти, Байрут 1998. –Б. 136.. ; https://www.hindawi.org/books/91931968/2.1/

[2]Жалолиддин Суютий. Ал-Мазҳару фий улумил луғати ва анвоиҳо. 1-жилд. “Мактабатул асрия” нашриёти, Байрут 1998. –Б. 138.

[3]Имом Бухорий. “Саҳиҳи Бухорий”, “Фазоилул Қуръон”, “Котибун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”. 4703-ҳадис. –Б. 639.

 

[4]Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим таржимаси ва тафсир. Ўқитувчи – 2020 й.Ҳижр сураси 9-оят.

[5]таҳриф – луғавий маъноси: ўзгартириш жойидан кўчириш, маъносини буриш;истилоҳий маъноси: Қуръони каримнинг бирор ҳарф ёки ҳаракатини ўзгартириш, тушириб қолдириш, қўшиб қўйиш, кабиларга ишлаталиши.https://oliymahad.uz/26328

[6]табдил- луғавий маъноси: алмаштириб қўйиш, ўрнига бошқасини келтириш;
истилоҳий маъноси: Қуръони каримнинг ўқилишини араб каллиграфиясидан бошқа алифбога ўтказиш
транслитирация қилиш. https://oliymahad.uz/26328


Киритилган вақти: 30/05/2022 19:08;   Кўрилганлиги: 882
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/hazrati-abu-bakr-siddiq-roziyallohu-anhu-xalifalik-davrlarida-quroni-karimning-jamlanishi
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 01:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг