Ҳар-хил фитна-фасодларни қўзғатиб, инсонларни ташвишга солиш ўрнига, тинчлик-хотиржамликка шукр қилиб, тинчликни асра-авайлаб, тичлик парвар ғояларни тарғиб этиш лозимдир.
Ҳозирда турли фирқалар чиқиб, Қуръони каримдаги “Жиҳод” сўзини ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида нотўғри талқин қилишмоқда. Улар тўлиқ илмий савияга эга бўлмаган ёшларнинг соддадиллигадан фойдаланиб “Жиҳод-муқаддас уруш”, деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишларга сабабчи бўлмоқда. Турли мамлакатларда “Жиҳод” ниқоби остида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилмоқда. Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бўлмоқ, бор кучини сарфламоқ, курашмоқ, меҳнат қилмоқ каби маъноларни англатади.
Унинг истилоҳий маъносида имом Роғиб: “Душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан ғайрат қилишидир”, - дейди. Ислом динига сўз билан даъват қилиш ёки фарзандни ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳод ҳисобланади. Уқбо ибн Омир (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (с.а.в) “Ҳақиқий мушоҳид Аллоҳ таолонинг тоати йўлига нафси билан курашган кишидир”, - дедилар (Термизий ривояти) шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в)га: “Мен жиҳодда қатнашмоқчиман”,-деди. У зот: “Ота-онанг борми?” деб сўрадилар “Ҳа”, деб тавоб қилди у киши шунда Пайғамбар (с.а.в): “Уларнинг ҳузурига бориб, ёрдам бер, хизматини қил! Шу сенинг жиҳотингдир”, дедилар.” Шундан келиб чиқиб, фарзанднинг ота-онага қиган ҳизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин деган хулоса бўлади. Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбар (с.а.в)нинг ғазотларининг асл моҳияти, асосан, иккита ғояни илгари сурилган: биринчиси, босқинчи душманниннг мусулмонларга қарши ҳужумларига жавоб бериш учун бўлган мудофаа жанглари, иккинчиси, душман томондан кутилажак тажаввузнинг олдини олиш мақсадида курилган ҳарбий тадбирлар. Суриялик машҳур ҳанафий олим Рамазон Бутий “ал-Жиҳод фи-л-ислом, китобида шундай дейди: “Расулуллоҳ (с.а.в) Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, илк ислом давлвти юзага келди. Унинг раҳбари Расулуллоҳ (с.а.в) эдилар. Бунда мусулмонлар томонидан олиб борилган жиҳодлар ёв бостириб келганда ҳимоя мақсадтда ёки душман томонидан ҳужум хавфи бўлганда унга қарши бориш учунгина юз берганини кўриш мумкин”. Шайх Абдулазиз Мансур бундай деганлар: “Агар “Жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилган эди, Расулуллоҳ (а.с)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушриклалнинг катталари билан уришган, ислом давлвтини барпо этиш учун жиҳод қилган бўлар эдилар. Бироқ Пайғамбаримиз а.с бундай йўл тутмадилар аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.”
Имом Диндийр ўзининг “Ақроб ал-масалик” деган асари “жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган. Ислом уламолари, мусулмонлар эмин-эркин яшаётган, мусулмончилик кўринишлари амалда намоён бўлаётган мамлакатлар “ислом диёри эканлиги нуқтаи назари”дан “жиҳод” бу – ўша давлатларнинг мудофааси эканлигани таъкидлашмоқда. Шубҳасиз мазкур давлатларда яшовчи мусулмонлар ўз мустақил ватани даҳлсизлиги ва мудофааси учун тайёр туриши шариат нуқтаи назаридан вожибдир. Демак, ушбу диёрларда ҳар-хил фитна-фасодларни қўзғатиб, инсонларни ташвишга солиш ўрнига, тинчлик-хотиржамликка шукр қилиб, тинчликни асра-авайлаб, тичлик парвар ғояларни тарғиб этиш лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни тинс осмонимизни мусаффо қилсин
Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида
Киритилган вақти: 18/05/2022 15:04; Кўрилганлиги: 695
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 19:45