Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҲАҚИҚИЙ МУСУЛМОН КИМ?

 
 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو ؛ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : « الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ ، وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى الله عَنْهُ ». متفق عليه

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этган кишидир”, дедилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломга биринчи кирганлар бу билан фахрланиб қолмаслиги ҳамда амалларига суяниб қолишларидан огоҳлантириб, мусулмонларнинг бир-биридан фазилати исломни биринчи бўлиб қабул қилишда эмас, балки унинг озоридан бошқалар омонда бўлиши ва ўзаро муомалада уларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилмасликда эканини баён қилдилар. Шунингдек, муҳожирларни қилган ҳижратига суяниб қолишдан эҳтиёт бўлишга чақириб, юрт ҳижжратидан ҳам савоби улуғроқ ҳижрат борлигини ва у Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтмоқ эканини маълум қилдилар.

“Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўжизаларидан бири “жавомиул калим” – оз сўз билан улкан маъноларни ифодалаш ҳисобланади. Ҳақиқий мусулмонни таърифлашларида шу олий мақом ўз аксини топган.

Ислом сўзи “саломатлик”, “тинчлик”, “омонлик” маъноларини англатади. Шунинг учун ҳақиқий мусулмон – бошқа одамлар унинг ёмонлигидан омонда бўлган киши экани таъкидланмоқда.

Ҳадисда айнан тил ва қўлнинг айтилиши – азият ва зарарлар асосан шу икки аъзодан бўлгани учун холос. Ҳадис маъносида барча аъзолар, озорнинг ҳамма кўриниши мақсад қилинган. Тилнинг биринчи айтилишида ҳам ҳикмат бор. Чунки, тилнинг жароҳати қўлнинг жароҳатидан қаттиқ ва аламли, зарари ҳам каттароқ бўлади.

Мусулмон бошқаларни ҳақорат қилмайди, лаънатламайди, ғийбат ва туҳмат қилмайди, улар ўртасида ёмонлик ва бузғунчиликни ёймайди. Чунки тилни тийиш – инсон қила оладиган энг қийин ишлардан бири. Ушбу ҳадиси шарифни Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича шарҳлаган:

Ким мусулмонлиғ айласа даво,

Чин эмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмон дурурки, солимдир

Тили-ю илкидин мусулмонлар.

Мусулмоннинг бошқалар обрўси ва шаънини тўкиши, жони ва молига тажовуз қилиши ҳаром. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади, комил мусулмон бўлмайди.

“Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этган кишидир”.

 Ҳижрат сўзи “кўчиш”, “тарк қилиш” маъноларини билдиради. Ҳижрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Маккаи мукаррамадан Мадинага жон муҳофазаси, динни сақлаб қолиш ва ёйиш учун кўчиб келганларида содир бўлган воқеадир.

Ҳижрат дегани фақат юртдан кетиш, туғилиб ўсган диёрни тарк қилиш эмаслигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилмоқдалар. “Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этган кишидир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари ҳижрат савобини топмоқчи бўлганлар учун бир ҳушхабардир. Чунки, Аллоҳ таоло ман қилган нарсалардан тийилиш, узоқда бўлиш ҳам муҳожирлик мартабаси ва савобига етишиш имконини беради.

Ўзи Аллоҳнинг қайтариқларидан тийилиш, гуноҳдан сақланиш бандалар учун фарз. Шуни бажарганларга Аллоҳнинг фазли бўлиб, бошқа юксак мақомлар ҳам берилар экан. Шу маънода ҳижрат мусулмоннинг ёмон амал ва гуноҳларни тарк этиши ва итоатсизлик, Аллоҳдан узоқлашиш, тажовузкорлик ҳолатидан яхшилик ва солиҳ амал томон ажраб чиқишидир. Демак, мусулмон бу орқали ўз масканида яшаб ҳам муҳожир ажрини топиши мумкин экан.

Ҳадисдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, киши одамларни яхши кўрмагунча, уларга тили билан озор беришдан, қўли билан ёмонлик қилишдан тўхтамагунича, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармагунича, фойдали илм тарқатиб, бошқаларга насиҳат қилмагунича унинг исломи тўлиқ бўлмайди.

Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бу муборак сўзларига амал қилиш орқали, тили ва қўли билан зарар беришдан ҳамда бошқа катта-кичик гуноҳлардан ўзни тийиш билан, шунингдек, олий хулқларни ўзида мужассам этиш билан юксак мартабага етади. Инсон тили, қўли ва барча аъзоларини одамларга яхшилик ва манфаат йўлида ишлатса, жамиятда соғлом муҳит шаклланади. Ҳадисга амал қилиш бугунги кунимиз учун нақадар муҳимлигини ҳаммаиз англаб турибмиз.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Одамларга жисмоний, моддий ва маънавий озор етказмасликка ҳаракат қилиш мусулмонлик бурчи.
  2. Киши ислом динининг арконларини бажарса-да, бошқаларга озор беришдан сақланмаса, у комил мусулмон бўлмайди.
  3. Киши Аллоҳ таоло қайтарган, шариат ман қилган нарсалардан ўзини тийиш орқали муҳожирлик мақомига эришиши мумкин экан.

 Баҳодир МИРЗАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


Киритилган вақти: 18/05/2023 09:41;   Кўрилганлиги: 304
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/haqiqiy-musulmon-kim
Чоп этилган вақт: 22/05/2024 05:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг