Ҳадис иллатларининг табиби
IX асрда Марказий Осиёда турли дин илмлари, табобат, алжабр ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштириб, уларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққан. Жумладан, буюк файласуф Абу Наср ал-Форобий, жуғрофия фани олими Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммадин Муҳаммад ибн Насир Ал-Фарғоний, машҳур табиб Абу Али Ибн Сино, ҳадис илми подшоси ва “Саҳиҳ ул Бухорий” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий каби буюк алломалар даври эди.
810 йил 19 июль. Кўҳна Бухоро шаҳри. Бу кун дунёга муҳаддислар имоми ва ҳадис илмининг султони бўлмиш Муҳаммад ибн Исмоилни олиб келди. У кишининг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Ибн Ал-Муғира Ал Жуъфий Ал-Бухорийдир. Отаси Исмоил ҳам ўз даврининг олимларидан бўлганлиги сабабли Имом Бухорийнинг туғилган саналарида ҳеч қандай шубҳа йўқ, оталари ўғилларининг туғилган кунини ўз қўли билан ёзиб кетган. Ёшлик чоғларидаёқ оталари вафот этиб, оналарининг қўлида тарбия олган. Ёшлигида Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини ёд олган, устози Шайх Доҳийли билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 16 ёшларида эса оналари ва оталари билан Ҳижозга қараб йўл тутади. Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилгач, Ҳижозда 6 йил, Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда бир неча йиллар яшаб, бу ерларда ҳадис билан бир қаторда фиқҳ фанини ҳам ўрганадилар.
Нишопурлик Ал-Ҳакимийнинг ёзишича, устозларининг сони 90 талар атрофида бўлган. Улар: Юсуф Ал-Ғарёбий, Муса Ал-Абасий, Ибн Роҳавийҳ номи билан машҳур бўлган имом Исхоқ ибн Иброҳим кабилардир.
Бизга ҳадисларни етиб келишида матонат кўрсатган Имом Бухорий йирик олимгина бўлиб қолмай, у киши ўзларининг ахлоқлари билан ҳам намуна бўлдилар. У зот ўткир зеҳн эгаси ва ёдлаш қобилияти кучли инсон бўлганлар. Илм-маърифатга бўлган иштиёқлари билан танилганлар. Манбаларда эса Имом Бухорийнинг 600 000га яқин ҳадисларни ёддан билгани айтилади.
Бухорий ҳазратларининг илмга бўлган чексиз муҳаббати барчани ҳайратда қолдирган. Уларнинг машаққат ва чеккан улкан заҳмати ислом пойдеворини юксалтириб, қалбларга Аллоҳга ва Расулимиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни шўълалантирди. Имом Бухорий оғир ва машаққатли йўлларни босиб ўтсада, қиёматга қадар мусулмонлар учун бой илмий мерос қолдирди. Нодир манба бўлган бу асарларнинг сони 20 тадан ортиқдир. Улар орасида шох асар - энг саҳиҳ ҳадисларни ўзида жамланган “Саҳил ул-Бухорий” китобидир. “Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ажралиб турадиган хислати шундан иборатки, унгача ҳадис жамлаган муҳаддислар ўз китобларига эшитган барча ҳадисларини санадлари ва ишончли томонларига эътибор қилмай киритаверганлар. Аммо ҳадис илмининг гултожи бўлмиш имом Бухорий ровийларга ва санадларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг ишончли бўлганларини ажратган ҳолда алоҳида китоб шаклда келтирганлар. Бу асар ўз ичига такрорланадиган ҳадислар билан 7275тани, такрорланмайдиган ҳолда эса 4 000 та ҳадисни олади. Бу ҳадисларни йиғиш жараёни муҳаддисдан жуда катта меҳнат ва машаққатларни талаб қилган. Юқорида қайд этганимиз каби ҳадис илмини ўрганиш ва ҳадисларни тўплаш мақсадида Имом Бухорий 20 йилга яқин муддат давомида кўплаб шаҳарларда илм сафарида бўлдилар. Аллоҳнинг розилиги, дин илмларини равнақи, ҳадис илминининг ривожи учун ватандан ва оиладан узоқ бўлди.
Такидлаш жоизки, муаллиф асари учун маълумотлар тўплашга ва уларни таълиф этишга кўп ҳам шошилмаган, балки, пухта илмий пойдеворга (манбага) таянган мукаммал режа асосида иш юритган. Бу ҳол ҳадисларни тўплашда ҳам, уларни тартибга келтиришда ҳам, уларни ёзилиш муддатида (16 йил давомида) ҳам муҳим аҳамият касб этган. Имом Бухорийнинг ўзига хос услубида ул зот йиққан ҳадислар ровийларининг ҳиссаси муҳим ўрин тўтади. Чунончи, бу хусусда манбаларда “Саҳиҳ”ни Имом Бухорийдан етмиш, туқсон, юз минг ровий ривоят қилгани қайд этилган. Бундай ровийлар сирасида Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Aбу Зурра, Имом Термизий, Ибн Ҳузайма каби ҳадис илмининг етук дарғалари ҳам бўлган. Ҳадисларни ровийлардан ёзиб олиш борасида ҳам Имом Бухорий жуда зўр масъулият ва эҳтиёткорлик билан иш тутиб, уларни фақат энг ишончли олим-у уламолардан қайта-қайта текшириб, ёзиб олган. Бу хусусда алломанинг ўзлари: “Минг ёки ундан зиёд ишончли уламолардан ҳадис ёзиб олдим, менинг асаримга исноди келтирилмаган биронта ҳам ҳадис кирмаган”, деб таъкидлаганлар. Шу боисдан аллома ҳадис ривоят қиладиган шахсларнинг аҳволи, насл-насаби, ҳадисни кимдан эшитгани ва бошқа бир талай масалалар моҳиятидан тўлиқ хабардор бўлгачгина улардан ҳадис ёзиб олганлар. Бу ҳақида Имом Бухорий: “Бирон кишидан ҳадис ёзиб олишим бошқаларникига ўхшамас эди. Мен агар бирон шахсдан ҳадис ёзиб олмоқчи бўлсам, энг аввало, унинг исми шарифи, куняси, насл-насаби, айтаётган ҳадисини қандай манбадан олгани, унинг нусхалари ҳақидаги хабарларни сўраб-суриштирар эдим, аммо бошқалар бу масалаларга кўп ҳам эътибор бермайдилар”, дея ҳикоя қилганлар.
Aл-Қасталоний бундай дейдилар: “Унинг афзалликлари хусусига келсак у бу борада яратилган китоблар ичида энг саҳиҳи ва ҳар бир замон уламолари томонидан қучоқ очиб қабул қилинган асардир. У барча илм-фан ва унинг соҳалари бўйича яратилган ҳар қандай асарлардан беқиёс даражада устун бўлиб, ўзининг афзалликлари ва аҳамияти жиҳатидан ислом илмига доир китоблар орасида юлдузлар ичра қуёш янглиғ алоҳида ажралиб туради. Унга буюк қаҳрамонлар-у энг даҳо уламолар ҳам юксак баҳо берганлар, унинг фойдаси ҳисобсиз бўлиб, сира саноғига етолмайсан!”.
Aбу Зайд ал-Марвазий бундай дейдилар: “(Бир киши) мен (Байтуллоҳда) Рукн билан Мақом оралиғида ухлаб ётган эдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни туш кўрдим. Шунда ул зот менга: “Эй Aбу Зайд! Тоқайгача (Муҳаммад ибн Идрис) Aш-Шофиийнинг китобини ўқийсан, менинг китобимни ўқимайсанми?”, – деб марҳамат қилдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! қайси китоб Сизнинг китобингиз?”, – дедим. Ул зот: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг тўплами”, – деб жавоб қилдилар”. Aш-Шайх Aбу Муҳаммад Aбдуллоҳ ибн Aбу Жамра бундай дейдилар: “Мен орифлардан бирини учратдим. Шунда у ўзи учратган орифлар мухлиси бўлмиш бир улуғ кишининг бундай деб айтганини менга хабар қилди: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари бошга кулфат тушганда ўқилса, мушкулни осон қилур, у билан кемага чиққан йўловчи эса (денгизда фалокатдан) нажот топур. Чунки Имом Бухорий дуолари мустажоб бўладиган зот бўлиб, уни ўқийдиган кишиларни дуо қилганлар”. Aл-Ҳофиз ибн Касийр бундам дейдилар: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари (қурғоқчиликда ўқилса, Aллоҳ таолонинг иродаси билан) булутлардан ёмғир ёғади ва бутун ислом аҳли ундаги жамики ҳадиси шарифларни якдиллик билан мақбул ва саҳиҳ деб топгандур”.
Қисқаси, Имом Бухорийнинг “Aл-Жомеъ ас-саҳиҳ”лари саҳиҳлик ва бошқа жиҳатлардан кўпчилик наздида енг олий мақомга эгадир.
Бу асар ёзилганига 1 200 йилдан ошган бўлса-да, ҳанузгача у барча ислом диёрлари ва мусулмон хонадонларида Қуръони каримдан кейин турувчи муқаддас манба ҳисобланади. Ҳатто кўплаб ислом таълим муассасаларида ҳадис илмининг таянчи бўлиб келмоқда.
Яратганга шукр, диёримиз мўмин-мусулмонлари ҳам буюк бобомизнинг илмий меросларини ўрганиб, унга амал қилиб келмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан 2019 йил Имом Бухорий мақбаралари ёнида Ҳадис илми олий мактаби фаолиятини бошлади. Жорий йилда мактбанинг дастлабки битирувчилари ўқишни якунлаб, муҳаддислик шаҳодатномасини қўлга киритдилар. Улуғ аждодларининг илмий меросларини уларга муносиб бўлган меросхўрлар давом эттираётгани Аллоҳнинг биз бандаларга фазли марҳаматидир.
Аллоҳ таоло имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато қилди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси сифатида у кишининг шуҳратларини бутун дунёга тарқатди. Имом Бухорий асрлар оша мўмин-мусулмонлар қалбининг тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига мушарраф бўлиб келмоқдалар. У кишининг мақтовида айтилган ва ёзилган гапларни тўлиқ келтиришнинг иложи йўқ бўлса керак. Уларнинг баъзиларини ёдга олиш билан кифояланамиз:
Имом Нававий айтадилар:
“Билки, Бухорийнинг олий мақоми ва бу илмда ўз тенгдошлари ва ўхшашларидан пешқадам экани ўтган ва қолган замондаги барчанинг иттифоқидир. Унинг фазли учун уни мақтаган ва яхшиликларини тарқатганларнинг кўпчилиги унинг кўзга кўринган шайхлари ва машҳур шерикларидир. Унинг фазилатларини санашнинг имкони йўқ. Чунки улар санаш чегарасидан чиққан ва бир неча турларга тақсимлангандир: ёдлаш, англаш, таҳсил ва ривоятдаги ижтиҳод, ибодат ва фойда, зоҳидлик ва парҳезкорлик, тадқиқот ва пухталик, маърифат, ҳолатлар, кароматлар ва бошқалар”.
Имом Бухорий ҳақида имом Заҳабий айтадилар:
“У заковатда, илмда, парҳезкорликда ва ибодатда бош эди”.
Имом Бухорий ҳақида имом Субкий айтадилар:
“У мусулмонларнинг имоми, муваҳҳидларнинг ўрнаги, мўминларнинг шайхи, Набийлар саййидининг ҳадислари суянчиғи, дин низоми муҳофизи ва “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг соҳибидир”.
Бугун ҳам Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий ҳадис мактаби раҳбарлари, илмий жамоалар, олимлар, илмий ходимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида “Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Имом Бухорий меросининг илмий аҳамиятини, ислом таълимоти асосларидан бўлган ҳадисларни жамлаб, улардан ишончлиларини саралаб берган буюк муҳаддис олим ҳаёти ва илмий йўлини чуқур ўрганиш ва жамоатчилик орасида замонавий усулларда кенг тарғиб қилиш заруратини алоҳида қайд этилди. Якунда Имом Бухорий мажмуасида алломанинг “Саҳиҳи Бухорий” асари хатм қилинди.
Мамлкатимизда буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг бой илмий меросини пухта ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Имом Бухорий ҳазратларининг илмий-ижодий фаолиятлари билан бир қаторда ул зотнинг ҳаётлари, ахлоқ-одоблари, юксак инсоний фазилатларида биз учун ибрат, намуна бордир. Имом Бухорий барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиз. Чунки, бутун ммат учун манфаатли ишни амалга оширган, қалблари эса доимо Парвардигор зикри билан банд бўлган зотдирлар. Номи етти иқлимда машҳур бўлган зотга муносиб ворис бўлиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади, албатта.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла Эшонқулов
Киритилган вақти: 20/07/2024 14:28; Кўрилганлиги: 324
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 22:45