Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ғазаб қилманг

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд салавотларимиз бўлсин.

Аллоҳ таоло бандаларининг насаб ҳасабига, мол дунёсига назар қилмайди. Балки Ул зот уларнинг қалбларига назар қилади. Яъни банданинг қалби Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир. Банда ўз қалбини доимо кирлик ва шаҳватлардан софлаб турмоғи керак. Бунинг учун у ўзининг қалбига етган маънавий қалб касалликларини маърифатини билмоғи керак. Агар киши бу борада ўзида илм ҳосил қилса, албатта, у ўзини яратган Роббисини ҳам танийди. Бунинг учун у бир нечта мазаммат қилинган қалб касалликларидан воқиф бўлмоғи керак.

Мана шундай қалб касалликларидан бири мазаммат қилинган ғазабдир. Бу ўринда биз мазаммат қилинган ғазаб нима экани, унинг кайфияти қанақа ва уни қандай муолажа қилиш кераклиги ҳақида тўхталамиз.

Мазаммат қилинган ғазаб - бу шундай қалб касаллиги-ки инсоннинг ўзи ёмон кўрадиган кишига рўбарў келган вақтда юрак қонини қўзғалиши ва қайнашидир. Ёки ўч олиш учун қалб қонини сокин ҳолатдан ғалаён ҳолатига ўзгаришидир. Мазаммат қилинган ғазаб шаръий жиҳатидан шундай нарса-ки, ўз эгасини куйидаги ишлардан бирига ёки ҳаммасига йўллайди:

1. Фаҳш гапларни гапириш.

2. Ёмон ишни амалга ошириш.

3. Қалбда ҳиқд (яъни қалбини душманчилик ва ғазаб билан овора бўлиб қолиши) ва ҳасадни пайдо бўлиши. (ҳиқд ғазабнинг мевасидир). Ҳасад-неъматни ўзгадан зоил бўлмоқлигини орзу қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб "ё Расулаллоҳ менга васият қилинг", деди. Ул зот "ғазаб қилма", дедилар. Яна " менга васият қилинг", деди. "Ғазаб қилма", дедилар. Бу ҳол бир неча бор такрорланди. (Имом Бухорий ривояти). Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: "Курашда ғолиб бўлган киши ҳақиқий паҳлавон эмас, албатта паҳлавон ғазаби келган чоғда ўз нафсига эгалик қилган кишидир". (Муслим ва Бухорий ривоятлари).

Мазаммат қилинган ғазабнинг муолажаси.

Мазаммат қилинган ғазабнинг муолажаси икки навдир.

1. Монеъ.

2. Рофеъ.

Монеъ - ғазабнинг пайдо бўлишлиги ва воқеъ бўлишини олдини оладиган даво. У қуйидаги амаллар билан ҳосил бўлади.

1. Шариат илмларидан таълим олмоқлик.

2. Ғазабни пайдо қиладиган сабаблардан узоқ бўлмоқлик.

3. Инсон ғазабнинг зарарли натижаларини ва аламли оқибатларини эсда тутмоқлиги.

4. Киши ғазабини тарк этиши билан унга етадиган катта манфаатларни эсламоқлиги.

Изоҳ: Юқоридаги амаллар билан инсон ғазаб иллатига йўлиқишдан омонда бўлади. Агар кишида бу иллат топилса қуйидаги Рофеъ- яъни бартараф этувчи муолажага ўтилади.

Рофеъ-қачонки инсонда ғазаб пайдо бўлса уни бартараф этадиган даво қуйидагилар билан ҳосил қилинади:

1. Кишининг ғазабни зарарли оқибатларини ва уни тарк этишдаги фойдаларини эсламоқлиги.

2. Ғазабланган киши шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрамоқлиги.

3. Ғазабланган вақтда ўрнини ўзгартирмоқлиги.

4. Ғазабланган киши ҳолатини ўзгартирмоқлиги. Яъни тик турган бўлса ўтириб олади. Ўтирган бўлса ётиб олади.

5. Ғазабланган киши таҳорат қилади.

6. Ғазабланган киши, албатта, ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазоси ва қадари билан бўлишини, шунингдек, коинотда ҳар бир яратилган нарсани Яратувчиси фақатгина Аллоҳ таоло эканлиги эслаб, Ул зотнинг амрига рози ва таслим бўлмоқлиги.

7. Инсон ғазабланган вақтда юзининг қай даражада хунуклашишини эсламоқлиги. Шу нуқтаи назардан-ки, фаразан ғазаби келган пайт кўзгуга қараса ўз суратидан уялади.

Танбеҳ.

Шу ўринда "нима учун "мазаммат қилинган ғазаб", деб сарлавҳа қўйилди", деган савол туғилиши мумкин. Бунга жавоб шуки, "мазаммат қилинган ғазаб" деганимизда "мақталган ғазаб"нинг ҳам борлиги аён бўлади. Бу айни ҳақиқатдир.

Шаръий мақталган ғазаб - Аллоҳ таоло ҳад белгилаб қўйган муҳарримотларига амал қилмасдан тажовуз қилинганда пайдо бўладиган ғазабдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллар содир этилганда ғазаб қилар эдилар. Ул зотнинг ғазаблари келганлиги юзларидан билинар эди.

Мансуржон Абдухолиқов
Пайариқ тумани бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 22/09/2023 13:55;   Кўрилганлиги: 734
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/gazab-qilmang
Чоп этилган вақт: 11/10/2025 04:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг