Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фотиҳа сурасининг номлари

 
 

 Қуръондаги айрим сураларнинг фазилати, уларнинг аҳамияти ҳақида кўплаб ҳадислар бор. Улар шу сураларнинг улуғлигига, шарафига ва уни ўқиган кишига кўплаб ажрлар бўлишига ишора ўлароқ келгандир. Шундай улуғ суралардан бири – Қуръоннинг дастлабки сураси “Фотиҳа”дир. Бу сура Маккада нозил бўлган ва етти оятдан иборат.

Унинг фазилати ҳақида бир қанча ҳадислар келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Уммул Қуръон (Фотиҳа) каби сура нозил қилмаган. (Аллоҳ таоло айтади:) У Ўзим ва бандам орасида тақсимлангандир. Бандамга сўрагани (берилади)”, дедилар. [1]

Қуръондаги суралар улар ўз ичига олган мазмун-моҳият, воқеа-ҳодисалар ёки уларнинг бошидаги сўзлардан келиб чиқиб номланган. Шунга биноан “Фотиҳа” сурасининг ҳам бир нечта номлари мавжуд:

  1. Фотиҳа. Бу ном "очувчи" деган маънони билдиради. Мусҳафда биринчи келгани ва намозлар ҳам у билан бошлангани учун шундай номланган.
  2. Намоз. Ҳадиси қудсийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Аллоҳ таоло айтди: "Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, ярми менга, ярми эса бандамга. Бандамга сўраганини бераман. Агар банда: "Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн" деса, Аллоҳ азза ва жалла: "Бандам менга ҳамд айтди" дейди. Агар у: "ар-Роҳманир Роҳийм" деса, Аллоҳ: "Бандам менга сано айтди" дейди. Агар банда: "Малики явмиддийн" деса, Аллоҳ: "Бандам мени улуғлади" дейди. Агар банда: "Иййака наъбуду ва иййака настаъийн" деса, Аллоҳ: "Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандамга сўраганини бераман" дейди. Агар банда: "Иҳдинас сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоллийн", деса Аллоҳ: "Бу бандам учун, бандамга сўраганини бераман", дейди" деганларини ешитганман. [2]
  3. Ҳамд. Сурада ҳамд айтилгани ва дастлабки сўз ҳамд бўлгани учун ҳам шу ном берилган.
  4. Уммул Китоб.
  5. Уммул Қуръон. Бу икки исм борасида айрим уламолар эътироз билдиришган бўлсада, Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Алҳамду лиллаҳи Уммул Қуръондир, Уммул Китобдир ва Сабъул масонийдир", деганлар. [3] Мусҳафдаги биринчи сура, намозда биринчи қироат қилинадиган сура бўлганидан ҳам шундай номланган.
  6. Сабъул масоний. Сабъ – етти, масоний – икки, такрор, сано, истисно маъноларида бўлиши мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Ва батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини бердик”,[4] деган. Унинг бундай номланишига бир қанча сабаблар бор:

а.     У намознинг ҳар ракъатида такрорланади;

б.    Ушбу сура каби бирор сура аввалги умматларга берилмаган, фақат ушбу умматга истисно тариқасида махсусдир;

  1. Етти оятдан иборат ва икки марта нозил бўлган маъносида.
  2. Қуръони Азим. Сура Қуръоннинг барча илмларини ўзида жамлагани учун шундай номланган. Зеро, сурада Аллоҳ таолога ҳамд, ибодатларга буйруқ ва улардаги ихлос, Аллоҳ таолонинг иноятисиз бирор ишни қилишдан ожизликни эътироф этиш, ҳидоят йўлини сўраш ва бузғунчилар йўлидан паноҳ тилаш бор.
  3. Шифо. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳа сурасида ҳар қандай дарддан шифо бор”,[5] деганлар.
  4. Руқя – шифо. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи араб қабилаларидан бирининг ҳузурига келган эди, уларни меҳмон қилишмади. Шу аснода бирдан ўшаларнинг бошлиғини чаён чақиб олди. Улар: «Сизда бирор дори-дармон ёки дам солувчи борми?» дейишди. Шунда булар: «Сизлар бизни меҳмон қилмадингиз, энди то бизга бирор ҳақ белгиламагунингизча ҳеч нарса қилмаймиз!» дейишди. Уларга бир пода қўй белгилашди. (Дам солувчи) «Уммул Қуръон»ни ўқий бошлади ва тупугини йиғиб, суф суфлай кетди. (Бошлиқ) тузалиб қолди. Улар айтилган қўйларни келтиришди. Шунда (саҳобалар): «То Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамагунимизча олмаймиз», дейишди. Кейин у зотдан сўрашган эди, у зот кулдилар ва: «Унинг (Фотиҳанинг) руқя эканини қаердан билдинг? Уларни олаверинглар ва менга ҳам улуш ажратинглар», дедилар». [6]
  5. Асос. Бундай номланишига қуйидагилар сабаб бўлган:

а.     Қуръондаги биринчи сура бўлгани учун асос каби бўлади;

б.    Иймондан кейинги улуғ ибодатлардан бири – намоздир. Иймоннинг зарурий жиҳатлари ушбу сурада жам ва намоз ҳам усиз тўлиқ бўлмайди.

  1. Вофия – тўлиқ, мукаммал. Саълабий Абдулжаббор ибн Алодан ривоят қилади: “Суфён ибн Уяйна Фотиҳани Вофия деб номлар эди”.
  2. Кофия – етарли, кифоя қиладиган. Саълабий Афиф ибн Солимдан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Яҳё ибн Абу Касирдан имом орасида Фотиҳани қироат қилиш ҳақида сўрадим. У: “Кофия ҳақида сўраяпсанми?”, деди. Мен: “Кофия нима?”, дедим. У: “Фотиҳа. Унинг ўзидан бошқалар ўрнига етарли бўлишини ва бошқаларнинг унинг ўрнига ўтмаслигини билмасмидинг?”, деди.[7]

Фотиҳанинг юқоридаги номлари Имом Абу Бакр Қуртубийнинг “Ал Жомиъу ли аҳкамил Қуръон” [8] тафсирларидан олинди. Қолаверса Имом Фахриддин Розийнинг “Ат-тафсирул кабир ва мафотиҳул ғойб” номли тафсирларида юқоридагиларга қўшимча тарзда “Сўраш”, “Шукр” ва “Дуо” номлари ҳам келтирилган. [9]

 

ИБХИТМ Илмий тадқиқотлар бўлими ходими Б.М.Мирзаев

[1]  Имом Термизий ривояти

[2]  Имом Муслим ва Имом Насоий  ривояти

[3]  Имом Термизий ривояти

[4]  Ҳижр сураси, 87-оят

[5] Имом Доримий ривояти

[6] Олтин силсила” туркуми Саҳиҳул Бухорий китобидан

[7] Тафсир ад-дуррул мансур фит тафсирил маъсур. Жалолиддин Суютий. Байрут 2011 й. 12-б. 

[8] Ал Жомиъу ли аҳкамил Қуръон Имом Абу Бакр Қуртубий Байрут 2006 й.  177-б

[9] Ат-тафсирул кабир ва мафотиҳул ғойб. Имом Фахриддин розий Байрут 1981 й. 182-б


Киритилган вақти: 08/07/2020 14:18;   Кўрилганлиги: 1300
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/fotiha-surasining-nomlari
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 12:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг