Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фолбинлик Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган ва шаръан қораланган ишлардандир.

 
 

Исломдан олдинги жоҳилият замонидан буён кишилар онги ва дунёқарашида яшаб, уларни ҳақ йўлдан чалғитиб келган баъзи муаммолар кейинги пайтларда ҳам бўй чўза бошлади. Ғайбни билиш даъвосидаги қораланган илмсизлик «фолбинлик» деб аталади. Фолбинликнинг «коҳинлик», «илмул-рамл», «мунажжимлик», «аррофлик» каби бошқа номлари ҳам бор. Фолбинлик Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган ва шаръан қораланган ишлардандир. Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримининг (Юнус сурасида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар (шундай) қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз.

Ҳозирги кунда бирор нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимсалар, айниқса илмсиз, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка  тушган инсонларнинг аксарияти  муаммонинг ечимини  топиш учун фолбинларга мурожаат қилишмоқда. Оилавий ажримларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган, акани укадан ажратадиган, қуда-андалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик туширадиган фолбинлар келажак илмини билишларини даъво қилишмоқда. Фолбинларга борувчилар эса вақтлари, соғлиги, пули бекорга кетаётганлигига аҳамият ҳам беришмайди.

Айни пайтда бутун дунёнинг энг катта муаммоларидан бири бўлган сеҳр, фолбинлик ва мунажжимликдир. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102). Лаънатланган шайтоннинг одамларга сеҳр ўргатишдан кўзлаган бирдан-бир мақсади–уларни мушрикка айлантиришдир.

Аллоҳ ўзига шерик қилган инсонни ҳеч қачон кечирмайди. Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – иссиқ-совуқ ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар (Бухорий, Муслим ривояти). Ҳар бир банда Аллоҳ таолодан қўрқиши ва дунё-ю охиратини куйдириб юборадиган бунингдек ишлардан сақланиши лозим. 

Ваҳб ибн Мунаббаҳ: «Айрим китобларда ўқидимки: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мендан ўзга илоҳ йўқ. Сеҳр қилган ва сеҳр қилдирган, фол очган ва фол очтирган, шумланган ва шумлантирган кимсалар Мендан эмас», дейди». Али ибн Абу Толиб (р.а): «Фолбин — сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир» деган. Ибн Масъуд (р.а) айтадилар:«Албатта, афсун ўқиш, тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир» (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилишган).

Кимки тумор ёки мунчоқ тақиб, бу кўз тегишидан сақлайди, деб эътиқод қилса ширк келтирган бўлади. Хитобий (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Агар Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан дам солса, бу мумкиндир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн (розийаллоҳу анҳумо)га дам солиб: «Сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ила ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан ўз паноҳида сақлашини сўрайман», дер эдилар. (Ҳоким. Саҳиҳ ҳадис).

 Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб, иймон-у эътиқодни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, тавба қилсин.

Мусулмон киши бошига мусибат етганда сабр қилади. Бу нарса Аллоҳдан эканини билади ва Аллоҳга янада кучлироқ тазарруъ билан сиғиниб, мусибатига ғам-андуҳига юпанч излайди. Мўмин киши касал бўлса, дарров азайимхонга югурмасдан шариат рухсат берган тиббий воситалар билан даволанади, ўзига-ўзи Қуръон оятларини ўқиб дам солади ва ҳоказо.

Ҳозирги кунда турли дуохон ва азайимхонларга бориш ҳам хатарли бўлиб қолган. Чунки, уларнинг кўпи шариатда ворид бўлмаган аллақандай шубҳали дуолар ва қасидалар билан дам соладилар. Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, иссиқ-совуқ қилиш катта гуноҳдир. Сеҳр қилгани учун олинадиган ҳақ ҳам, шариатда тақиқланган ишни қилгани учун ҳаром. Аллоҳ таолонинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмаслиги Қуръони каримда баён қилинган. Улар келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси ила ҳаммани алдаб, ўз тузоқларига илинтирмоқдалар. Кишиларда турли бўлмағур ҳис-туйғуларни, шумланишларни пайдо бўлиши эса қанчадан-қанча оилаларни бузилиб кетишига, қўни-қўшни, яқин қариндошлар, ака-ука, қуда-андаларнинг орасига совуқликни тушишига олиб келмоқда.

Масжидларимизга зиёратга келган кишилар ёки ёшларимиздан иш йўлимни очиб беринг, бахтим очилсин деб фолбинларни гапини қилиб зиёратга келишади. Албатта ҳар бир иш Аллоҳдан. Ислом инсонларда учрайдиган турли хасталикларни тиб орқали, қалб хасталикларини эса Қуръони карим оятлари ила муолажа қилишга амр этган. Ҳар биримиз динимизнинг амрига бўйсунишимиз ва турли фолбин, коҳинларга бориш улкан гуноҳлигини яхши англашимиз лозим.

Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида


Киритилган вақти: 23/11/2022 11:39;   Кўрилганлиги: 288
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/folbinlik-quroni-karim-hukmi-bilan-harom-qilingan-va-sharan-qoralangan-ishlardandir
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 08:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг