ФИТНАЛАР ЗОҲИР БЎЛГАНДА НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Жамият ичра тинчликни асраш ҳар бир даврда, ҳар бир халқ учун энг долзарб ишлардан бири бўлиб келган. Айниқса, биз яшаётган ҳозирги даврда турли фитналарга сабаб бўлувчи омилларнинг турлари кўпайгандан кўпайган вақтда тинчлик энг қиммат неъматлардан бирига айланмоқда.
Бир томондан “омавий маданият”, бошқа томондан “миссионерлик” балоси бўлса, яна бир томондан “демократия” ва “сўз эркинлиги” ниқоби остидаги оммавий ахбарот воситалри ва турли демократик институтлар ҳамда ислом динидаги жарангдор сўзларни ўзларига шиор қилиб олган экстремистик кайфиятдаги жангари гуруҳлар ва оқимлар тинчлик деган буюк бир неъматга раҳна солмоқда.
Ана шу тинчликка раҳна солувчи энг катта хавфлардан бири ички фитна бўлиб, унинг ортидан келадиган зарарни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шу сабабли умматни жамиятни хароб қиладиган бундай фитналардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишга чақириб, атрофда фитна олови пайдо бўлганда мусулмонлар нима қилмоқ кераклигини кўрсатиб бердилар:
(Саҳиҳ Бухорий. Фитналар китоби. 2-боб, 7052 ҳадис)
7052 - حَدَّثَنَا مُسَدَّدٌ حَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ سَعِيدٍ الْقَطَّانُ حَدَّثَنَا الْأَعْمَشُ حَدَّثَنَا زَيْدُ بْنُ وَهْبٍ سَمِعْتُ عَبْدَ اللَّهِ قَالَ قَالَ لَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّكُمْ سَتَرَوْنَ بَعْدِي أَثَرَةً وَأُمُورًا تُنْكِرُونَهَا قَالُوا فَمَا تَأْمُرُنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ أَدُّوا إِلَيْهِمْ حَقَّهُمْ وَسَلُوا اللَّهَ حَقَّكُمْ"
7052-ҳадис. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”.
Ибн Масъуд – тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб ал-Ҳузалий; куняси - Абу Абдураҳмон (590-653) - саҳобий, буюк фақиҳ ва мужтаҳидлардан бири, Муҳаммад (с.а.в.) хизматларида бўлган зотлардан, у киши билан бирга кўп бўлган. Исломни биринчи бўлиб қабул қилганлардан бири. У Қуръони каримни энг яхши билувчиси, жуда кўп ҳадисларни Расулуллоҳ оғизларидан эшитиб ҳифз этган, тафсир илмининг олимларидан, Ироқ тафсир мактаби устози. Ижтиҳодни шаклланишида ҳисса қўшган. У 848 та ҳадис ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд Қуръони каримни Маккада қурайшлар орасида энг аввал ёйган, Мақоми Иброҳимда Раҳмон сурасини биринчи бўлиб очиқ-ошкор ўқиган. Бадр ва Уҳуд ва бошқа барча жангларда қатнашган. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан сўнг Куфа хазинасининг бошлиғи, Куфаликлар учун муаллим бўлган. Усмон (ра) даврида Мадинага келиб шу ерда 63 ёшида вафот этган.[1]
Машҳур саҳобий Зубайр ибн Аввом (Асмо бинти Абу Бакрнинг эри) розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Қуръонни Маккада баралла ўқиган одам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўлган”.
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар.
Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам с.а.в. саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган ман-ман, мутакаббир кишиларни ва ислом динига номувофиқ ишларни гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.
Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?
Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ с.а.в. билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар ножот топишлари мумкинлигини сўрадилар.
У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”
Расулуллоҳ мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки, бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини – фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ с.а.в.: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, – деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар. [2]
Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Фитналарга тўлган замонлар Расулуллоҳ вафотларидан кейин келиши.
- Мол-давлат инсонни дунёнинг турли фитналарига солиши
- Мусулмонларни нафратлантирадиган ишларни кўпайиши.
- Дунё ва дин ишларини олим кишилардан маслаҳат сўраб бажариш.
- Мусулмон кишилар юрт амирига, подшоҳига итоат қилиши лозим эканлиги.
- Фитнали замонлар келганда ҳам мусулмонлар ўз зиммаларидаги Аллоҳнинг ҳақларни унутмаслиги.
- Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилиши.
[1] Ислом энциклопедияси.
[2] Имом Муслим. “Саҳиҳу Муслим”, Фитналар китоби. 730-ҳадис.
Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 09/10/2019 09:41; Кўрилганлиги: 1449
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 02:41