Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ФИТНАЛАР МУСУЛМОН УММАТИ БИРДАМЛИГИГА ХАТАР СОЛУВЧИ ТАҲДИДДИР!

 
 

Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятининг биргаликда ривожланиш йўлида эришаётган ютуқлари билан бир қаторда инсон қалби ва онги учун курашларнинг янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ислом олами мамлакатларида бундай бузғунчилик ишлари мусулмонлар орасига нифоқ ва раҳна солиш орқали тинч-осойишта жамиятда ижтимоий беқарорлик, иқтисодий ва сиёсий таназзул чиқаришга қаратилган фитналар шаклида амалга оширилмоқда. Қатор мусулмон мамлакатлари, айниқса, араб давлатларида бу каби фитналар аҳолининг бошига мислсиз кулфатлар келтирётгани, юз минглаб бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлаётгани, қочқинларнинг аввал тарихда кўрилмаган катта оқими вужудга келгани, бугунги кунда ҳам айрим ҳудудларда қуролли тўқнашувлар кетаётгани фикримизнинг далили бўлади.
Шу нуқтаи-назардан, мазкур тушунчанинг моҳият-мазмунини ёритиб, фуқароларимизни, айниқса ёшларимизни фитналардан келиб чиқадиган хатарлардан огоҳ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Фитна” (араб. - синаш, имтиҳон қилиш, азоблаш, бошини айлантириш, тўғри йўлдан оздириш, адаштириш, васваса қилиш) – луғатшуносларнинг фикрига кўра, “Фитна” сўзи арабларда олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатган. Шу нуқтаи назардан, фитна “имтиҳон”, “синов” деган маъноларда ҳам ишлатилган бўлиб, у ушбу маънода келган ҳадислар мавжуд.
Машҳур араб тарихчиси Муҳаммад ибн Асир ал-Жазарий (1160-1234)нинг фикрига кўра: “Фитна имтиҳон ва синовдир.... Фитна сўзини кейинчалик синов туфайли кишига етадиган “азият” маъносида ҳам ишлатиш оммалашган. Сўнгра бу сўз гуноҳ, куфр, уруш, ёндириб юбориш, йўқ қилиш, бирор нарсадан четлатиш маъносида ҳам кўп қўлланган”.
Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка раҳна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича таъкидланган: “... Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. ...” (“Бақара” сураси, 191-оят); “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (“Бақара” сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).
Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Муҳаммад Ходимий “ал-Барийқа” номли асарида фитна ҳақида қуйидагиларни айтган: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади”.

(давоми бор)

© Ўткир Ҳасанбаев


Киритилган вақти: 10/08/2021 08:31;   Кўрилганлиги: 508
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/fitnalar-musulmon-ummati-birdamligiga-xatar-soluvchi-tahdiddir
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 23:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг