Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ҲАМ ЁМОН эканлиги ҳақида

 
 

Тоғ узоқдан маҳобатли, салобатли эмас, аксинча ўзининг улуғворлигига нисбатан анча кичик кўринади. Қанча яқинлашсангиз, унинг виқорли, муаззам экани яққол намоён бўлади. Бу манзара, яъни узоқдан кичик, яқиндан йирик кўриниш кишини алдаб қўйиши мумкин…

Бу йилги Қурбон ҳайити диний соҳа ходимлари учун қўшалоқ байрам бўлди десак, муболаға эмас. Гап шундаки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Ушбу ҳужжатга биноан жамиятимизда тинчлик-дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳа вакилларини моддий рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Бундан мақсад жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтаришдан иборат.

Эътибор берган бўлсангиз, фармонда “Жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш” белгиланган. Демак, маърифатга асосланган эзгу ишларимиз яна давом этади.

Бу диний соҳада тарихидаги катта янгилик бўлиб, бу йўналишда хизмат қилаётган имом-хатибларимизнинг, ноибларимизнинг, мутаваллиларимизнинг камтарона хизматларига улкан рағбат бўлди.

Лекин, таассуфки, тирноқ орасидан кир қидиришни касб қилиб олган, билгани фитна тарқатиш, фисқу фасод ёйиш, одамларни чалғитиш, ҳақиқатнинг юзига лой чаплаш, адолатни оёқости қилиш бўлган айрим ғаламис кимсалар интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали давлатимизнинг диний соҳага қаратаётган улкан эътибори ва ғамхўрлигини танқид қилиб чиқди. Эмишки, давлатнинг бундай ғамхўрлигидан кўзланган мақсад “қуруқ мафкура, асоссиз маънавият ёрдам бермай қолганида, дин пешволари кўмакка келади”.

Аввало, шуни яхши билиш керакки, динимизда ҳар қандай фитна қаттиқ ва қатъий қораланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир» (Бақара сураси, 191-оят). Бошқа бир ояти каримада эса: «Яна (улар) Ер юзида фасод (ишларни қилиш)га ҳаракат қиладилар. Аллоҳ (эса) бузғунчиларни яхши кўрмайди» (Моида сураси, 64-оят).

Жуда кўплаб ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда фисқу фасод қилиш, одамларни бир-бирига гиж-гижлаш, асоссиз хабарлар тарқатиш оғир гуноҳ экани баён этилган.

Энди дўппини ечиб, ўйлаб кўрайлик. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан диний соҳа ходимлари моддий рағбатлантирилди. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Давлат бюджетидан ажратилган маблағ шу юртнинг фуқароларига, сизу бизнинг хизматимизга ҳар доим шай турган диний соҳа ходимларига тарқатилди-ку.

“Диний соҳа ходимлари нима каромат кўрсатишибдики, уларга шунча ғамхўрлик қилинса”, демоқчимисиз?!

УНДА ҚУЛОҚ ТУТИНГ.

Сиз коронавирусни юқтириб олишдан қўрқиб, уйингизда, оилангиз бағрида, фарзандларингиз ардоғида ўтирганингизда, имом-хатибларимиз Аллоҳ таолога таваккал қилиб, халқ хизматида уйма-уй юришди. Одамларга коронавирус туфайли жорий этилган карантин даврида динимизнинг кўрсатмаларини, таълимотини етказишди.

Сизнинг бирор дўстингиз, улфатингиз фарзандли бўлганида, уни табриклаш у ёқда турсин, ҳатто телефон қилиш ҳам хаёлингизга келмаган бир пайтда, имомларимиз янги туғилган чақалоқнинг қулоғига азон ва такбир айтишди.

Сизнинг коронавирусни юқтириб олган бирор танишингиз, яқинингиз, қариндошингиз вафот этганида, унинг таъзиясига боришдан чўчиб турганингизда, имом домлаларимиз, ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, марҳумнинг жанозасини ўқишди, дафн маросимида қатнашишди.

Сиз уйингиз деразасидан ҳаво орқали ҳам коронавирус юқишидан  қўрқиб, ташқарига қарашга ботинолмай турганингизда, имом-хатибларимиз, ноибларимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда аҳоли орасига кириб бориб, юртдошларимизга жамиятимизда тинчлик-дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этишди.

Сиз коронавирус сабабли рўзғорингиз кам-кўстини тўлдириш учун бозорга, дўконларга боришдан чўчиб турганингизда, имом домлаларимиз тегишли ташкилотлар ходимлари билан биргаликда бозорларда, дўконларда юриб, нарх-навони асоссиз ошириш динимиз таълимотига зид эканини, тарозидан уриб қолишнинг оқибати жуда ёмонлигини сотувчиларга бирма-бир тушунтиришди.

 Имом домлаларимиз бундай шарафли ва ўта масъулиятли вазифани адо этишаётганларида “вазият қалтис, жоним омонлигига ҳеч ким кафолат бермайди”, “маошим кам”, “фарзандимнинг тоби йўқ”, “рўзғоримнинг кам-кўстини тўлдиришим керак”, деган баҳоналарни қилишмади.

Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Уч тоифа инсон қиёмат куни қўрқувга тушмайди, ҳисоб-китоб қилинмайди. Аллоҳ таоло бандаларини ҳисоб-китоб қилиб бўлганича улар мушкли тепаликда бўладилар: 1) Аллоҳнинг розилигини истаб Қуръон ўқиган ва у билан бир қавмга имом бўлган ҳамда улар ундан рози бўлган тоифа; 2) ўзи ва Раббиси ўртасидаги муносабатни жойига қўйган 3) ўзи ва хожалари муносабатини яхши қилган тоифа” (Имом Табароний ривояти), деган ҳадисларига чин дилдан ишонашади. Шу боис муҳтарам имом домлаларимиз ҳар бир ишни, гарчи минг машаққатли, хавфли бўлса-да, Аллоҳ розилиги учун бажаришади.

Уламоларимиз тасниф этган китобларда имомлик масаласига махсус боблар бағишланган. Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардий бундай дейди: “Барча кишилар имомнинг фикрини қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа имомлик уларга бир пойдевор кабидир. Элу юрт ва дин қоидалари ўша пойдевор асосида барқарорликка эришади”.

Домлаларимизни танқид қилган, уларга ажратилган маблағга ҳасад қилган кимса ҳам йўл-йўлакай қачондир, қайсидир масжидда, қайсидир имомга иқтидо қилиб, унинг ортидан намоз ўқигандир. Мазҳаббаошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кимки ўзи иқтидо қиладиган имомнинг ортидан гапириш у ёқда турсин, ҳатто бу ҳақда хаёлидан ўтказса, ўқиган намозлари қабул бўлмайди”.

Аллоҳ асрасин! 

…Бугун имом-хатибларимизнинг масъулиятли вазифаларини мақоламизнинг кириш қисмида келтирилган тоққа қиёслаш мумкин. Яқиндан билмаган, гувоҳи бўлмаган киши уларнинг машаққатли ишларини узоқдаги тоққа ўхшатишади. Унга яқин бориши билан нақадар маҳобатли ва муаззам эканини пайқайди.

Хўш, азиз ўқувчи, энди ўзингиз баҳо беринг. Туғилганимиздан то умримизнинг охиригача, ҳатто биз вафот этганимизда сўнгги манзилимизга хайрли дуолари билан кузатиб қўядиган имом-хатибларимизга, ноибларимизга маломат тошларини отиш, уларнинг камтарона хизматларига давлатимиз томонидан қаратилаётган юксак эътиборни танқид қилишдан кимга нима наф?! Ахир, хоҳлаймизми, йўқми, вақти-соати келиб, барибир уларга ишимиз тушади-ку. Наҳотки, шуни ўйламасак?!

Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсоф, тавфиқ берсин! Басират кўзларимизни очсин! Омин!

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 03/08/2020 14:34;   Кўрилганлиги: 831
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/fitna-qotillikdan-ham-yomon-ekanligi-haqida
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 00:57
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг