Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фирибгарлик оғир жиноятларнинг биридир

 
 

 Ҳалоллик азал-азалдан ростгуй, софдил ва инсонпарвар халқимизга қон-қонига сингиб кетган ва шу умумбашарий қадриятлар асосида фарзандларини камол топиши учун доимо ҳаракат қилиб келаётган халқимизга ташаккур изҳор қиламиз.

Минг афсуслар бўлсинки бугунги XI-асрда фирибгарлик балоси олдин ўтган асрларга нисбатан тобора кучайиб содда ва софдил халқимизни қақшатмокда. Фирибгарлик нима ва ислом динининг фирибгарликка муносабати қандай?- шу ерда бу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Уламолар фирибгарликка шундай таъриф берадилар: “Бир киши бошқа бир инсонни ўз нафси йўлида алдов ва панд бериш йўли билан моли ва амалига хиёнат қилишидир” деганлар. Аллоҳ таборака ва таоло Наҳл сурасининг 105-оятида шундай марҳамат қилади: “Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар”.

Ушбу оятдан хулоса шуки, фирибгарлик ёлғон устида қурилган бино ва бу бинони Аллоҳ таоло нақадар ёмон кўриши ойдинлашади. Ҳатто фирибгарлик иймондан ҳам айириб юборади. Улуғ тобеинлардан бўлган Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

“Мўмин қўрқоқ бўладими?” дейилди.

“Ҳа”, дедилар.

“Мўмин бахил бўладими?” дейилди.

“Ҳа”, дедилар.

“Мўмин ёлғончи бўладими?” дейилди.

“Йўқ”, дедилар”.

Молик ривоят қилган.

 Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибдики мўмин киши ёлғончи, фирибгар бўлмас экан. Агар бизда ёлғон гапириш ёҳуд фирибгарликка далолат қилувчи бирор амал бор бўлса дарҳол ўзимизни ислоў қилишимиз лозим. Албатта, Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилувчи, кечирувчи роҳийм зотдир. Ҳазрат Алишер Навоий ёлғон ҳақида шундай дейдилар:

“Ҳаркимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлгач ўзи уялғон. Ёлғонни чиндек айтгучи суханвор- кумушни олтин қилувчи рўкаш заргор”.

Фирибгарлик нафақат динда қораланади балки дунёвий жиҳатдан ҳам жуда оғир жиноятдир. Хусусан, фирибгарлик учун Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-моддаси мавжуд. Ушбу моддада фирибгарликка қарши янада жиддий ва кенгайтирилган жазо чоралари кўрилган. Унга кўра энг кам иш ҳаққининг 30 баробаридан 400 баробаригача ёхуд 2-3 йилдан 5 йилгача ахлоқ тузатиш калонияларида ёки 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайин қилинган. Фирибгарликнинг бу дунёдаги жазоси шу, бироқ, охиратдачи? Бир тафаккур қилиб кўрайлик азиз биродарлар!

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз керакки, фирибгарликнинг туб замирида ҳар доим ҳирс, нафс, очкўзлик ва ўзганинг ҳаққидан қўрқмаслик каби залолатга бошловчи иллатлар ётибди. Бировнинг ҳаққии ҳеч қачон бировга юқмайди. Чунки, бу Аллоҳнинг ваъдаси бандаларига берган ваъаси бу! Аллоҳ таоло бизни шундай иллатлардан сақланишимизни насиб қилсин ва сиротол мустақиймдан адаштирмасин. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Ҳусан Мирзааҳмедов - Самарқанд шаҳар “Намозгоҳ” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 07/08/2020 15:17;   Кўрилганлиги: 871
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/firibgarlik-ogir-jinoyatlarning-biridir
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 04:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг