ФИҚҲИЙ ВА АҚИДАВИЙ МАЗҲАБЛАРНИ АДАШТИРМАЙЛИК.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Пайгамбаримиз Мухаммад соллааллоҳу алайҳи вассалам ва ул зотнинг аҳли байтлари хамда асҳоби киромларига дуруду салавот ва саломлар бўлсин!
Исломдаги ақидавий йўналишлар сони тарихий манбаларда турлича берилган. Улардан энг асосий ва машҳурлари - суннийлик, қадария, муржиа, жабария, хорижия, мўътазила ва шиа кабилар. Исломдаги йўналиш деганда муайян эътиқодий масала асосида бирлашган мусулмонлар мажмуаси тушунилади. Масалан, суннийлик йўналиши - суннат ва жамоат асосида, хорижийлик - ажралиб чиқиш ва қаршилик кўрсатиш, шиалик - эса Али (Р.А.) ва унинг авлодларини ҳаддан ортиқ эъзозлаш асосида бирлашган.
Соф ва тўғри ақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ва саҳобаи киромларидан собит бўлган ақидадир. Уламолар нажот топувчи ақидавиий мазҳаб йўналиш бу “Аҳли сунна вал-Жамоа” эканлигига иттифоқ қилишган.
Фақиҳлардан ақоидга доир илк китоб ёзган ва асарлари бизгача етиб келган зот мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифадирлар. У кишининг “Ал-фиқхул акбар”, “Ал-фиқҳул асбат”, “Ар-рисола”, “Ал-ъолим вал -мутаъаллим”, “Ал-васия” каби машҳур беш китоблари ақоид масалаларига доирдир.
Ҳанафий мазҳаби иккинчи ҳижрий асрдан ер юзининг турли мамлакатларига тарқалиб, дастлаб Аббосийлар давлати ундан сўнг бошқа ўлкалар томонидан қабул қилинди. Хусусан, Ироқ, Эрон, Мовароуннаҳр, Хуросон ва Туркия ҳудудларида турли даврларда ҳукм юритган Аббоссийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Мисрда Аюбийлар, Мамлуклар, Мовароуннаҳрда Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар давлатлари ва Усмонийлар империяси томонидан расмий мазҳаб сифатила қабул қилиниб барча ҳудудларида маъмурий идора ишлари ушбу мазҳаб асосида олиб борилган.
Бизнинг Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (Ҳанафий) мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар
Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб ва ақидаси асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб ақидаси ва фиқҳий йўл йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар. Уларга бошқа мазҳаб ҳукмларидан гапирилса ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг бошқача намоз ўқиётганликларини кўрсалар таажжубга тушишлари табиий.
Демак, ўз мазҳабини ва ақидасини маҳкам тутган ҳар қандай мусулмон бошқа мазҳабларга нисбатан ҳам иззат-икром руҳида бўлиши лозим. Аммо ақидавий масалаларда фақат “Аҳли сунна вал-Жамоа” эътиқоди тўғри, бошқа ва оқимлар эътиқоди ботил, деб билишари зарур.
Шунинг учун ўз ақидамиз ва ҳанафий мазҳабида адашмаслигимиз ва шу йўлда тўғри амал қилиб боришлигимиз лозим бўлади.
Ватанимиздаги барқарорликни кўра олмайдиганлар ҳали ҳануз қинғирликларини қилиш ниятидан қайтгани йўқ. Шу сабабли атрофимизда юз бераётган жараёнларга теран ва жиддий назар солиш зарур. Ғараз мақсадни ўз вақтида бартараф этилса хунрезликнинг олди олинади.
Зеро тинчлик-осойишталик бор жойдагина одамлар ҳаловат топади, хотиржамликда яшайди, келажакка ишонч бўлади. Тараққиёт ҳам, обод турмуш ҳам осуда ҳаёт асосида бунёд этилади.
Тайлоқ тумани Ўрта жомеъ масжиди имоми Мухаммадиев Исомиддин
Киритилган вақти: 19/08/2020 14:21; Кўрилганлиги: 1222
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:32