Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ФИҚҲ АБУ ҲАНИФАНИНГ ФИҚҲИДИР!

 
 

Китоб ва суннатга энг яқин мазҳаб Ҳанафий мазҳабидир. Ақл ва мантиққа энг мувофиқ келадиган мазҳаб Ҳанафий мазҳабидир. Шариат мақсадларига энг яқин мазҳаб Ҳанафий мазҳабидир. Бандаларга энг енгил мазҳаб Ҳанафий мазҳабидир. Дунёда энг кенг тарқалган мазҳаб Ҳанафий мазҳабидир. Маҳкамалар учун энг собит ҳукм Ҳанафийлар ҳукмидир.
“Шарҳи маъонил осор”ни ўқиган ва у ҳукм қилгани каби ҳукм қилган киши бунга амин бўлади. Бунга далил бу мазҳабнинг кенг тарқалгани, кишиларга мақбул бўлганидир!

Исломдаги буюк имомлар имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ва имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийлар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирди ва тобелари эканлиги бу мазҳабнинг буюклигига етарлидир аслида. Вакиъ ибн Жарроҳ роҳимаҳуллоҳ ҳам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг тобеларидан. Бу кишидан имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳадис ривоят қилган. Бу киши ҳақида имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: “Ундан кўра ҳифзи кучли инсонни кўрмаганман!”, деганлар. Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Вакиъ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг гапи билан фатво берар эди. У кишидан жуда кўп нарса эшитган эди”.

Жарҳ ва таъдил илмининг асосчиси Яҳё бин Саъид ал-Қаттон роҳимаҳуллоҳ: “Биз унинг кўп гапларини олдик!”- дейди.
Ҳадис имомларидан бўлган, имом Бухорий ва имом Муслимнинг замондошлари имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ Шофиъий мазҳабини тарк қилиб Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабини танлаганлар. Буюк мужтаҳидлардан Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ кўп масалаларда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга мувофиқдир. Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ айтар эди: “Аллоҳга қасамки, Суфён Саврий Абу Ҳанифага мендан кўра кўпроқ эргашади!”. 

Ҳадис илмида мўъминлар амири бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг машҳур тобеларидан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар менга Абу Ҳанифа ва Суфён Саврийларнинг ёрдами бўлмаганида мен ҳам бошқа инсонлар каби бўлар эдим!”.

Ҳамма Абу Ҳанифа ва у зотнинг асҳобларидан ҳайиқар эди. Уларнинг ҳайбати бор эди. Имом Розий ўзининг “Маноқибуш Шофиъий” номли китобидан Ҳанафийларни сифатлаб айтади: “Дунё муҳаддислар ва ровийларига тўлган пайтда Асҳоби раъй(Ҳанафийлар) ўз мазҳабини ғолиб қилди. Ўшанда ҳеч ким уларнинг қавлларини таъна қила олмаган эди!”.

Абу Ҳанифа мазҳаби илм даҳолари ҳузурида ёзилди, китобга туширилди. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида турли илмнинг дарғалари жамланди. Улар қирқ киши эди. Яҳё ибн Аби Зоида, Ҳафс ибн Ғиёс, Қози Абу Юсуф, Довуд Тоийлар ҳадис ва асарларда, имом Зуфар роҳимаҳуллоҳ истинботда, Қосим ибн Маън ва Имом Муҳаммадлар араб тилида тенгсиз эдилар. Улар бу мазҳаб аҳкомларини ўттиз йил ёзишди. Ҳар бир масалани ёзишдан олдин уни муҳокама қилиб баҳслашишар эди. Имом Таҳовийнинг зикр қилишича, мажлисда барча ҳозир бўлмаса ўша масалани ёзишмас эди.

Энди Абу Ҳанифа мазҳабининг сиёсий ва қозиликка оид томонини зикр қилсак мавзу узайиб кетади. Аллома Мунозир Ҳасан Кийлоний урду тилида 700 саҳифали “Абу Ҳанифанинг сиёсий ҳаёти” номли китоб ёзган. Мазкур китобда волийлар Абу Ҳанифа ва унинг асҳобларидан қанчалар ҳайиқишганини зикр қилган. Унга яқинлашишга уринишганини айтган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ислом оламида қозилик мансабида ўтиришганини, устозлари шавкати ва виқорини қайтариб олишганини зикр қилган!
Бизга динни енгил ва мукаммал ҳолатда етиб келишига ўз ҳиссасини қўшган мужтаҳид уламолардан Аллоҳ рози бўлсин! Бизнинг номимиздан ҳам уларни мукофотласин!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 09/02/2022 08:02;   Кўрилганлиги: 826
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/fiqh-abu-hanifaning-fiqhidir
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 22:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг