Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Фарзанд ота-онага омонатдир

 
 

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таъола одамзотга ҳисобсиз турли-туман неъматлар ато қилган. Ушбу неъматлар ичида, фарзанд (бола) неъмати энг улуғи ҳамда масулиятлисидир. Берилган неъматни, неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш лозим бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таъолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади.

Имом Ғаззолий ўзларининг "Иҳёу улумиддин" китобларида, "Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Ёш болаларнинг қалби, турли нақшлардан пок, нима нақш солинса, қабул қиладиган, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверадиган қалблардир. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади. Дунё ва охиратда саодатманд бўлиб, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Бордию ёмонликка ундалса ёки ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учраб, ҳалок бўлади ва унга масъул бўлган кишилар зиммасига гуноҳкорлик тушади". деганлар.

ما من مولود الا يولد علي الفطرة، فابواه يهودانه، اوينصرانه، او يمجسانه، كما تنتج البعيدة بهيمة جمعاء، هل تحسون فيها من جدعاء، ثم يقول ابي هريرة رضي الله عنه- فطر الله التي فطر الناس عليها ، لا تبديل لخلق الله ذلك الدين القيم.

 Хазрати Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайгамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам; "Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиъат) билан туғилади. Бас ота-онаси уни яхудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди хайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ бурни кесилганини хис қилганмисиз?". дедилар.

Ушбу хадиси шарифда Аллоҳ таъоло инсонларни яратиш пайтида соф табиъатда яратиши айтилаяпти. Демак ота-она болани соф табиъатига кейинчалик футур етказиб уни бузилишига сабаб бўлиши мумкин экан. Бола тарбияни асосан ота-онасидан олади. "Қуш уясида кўрганини қилади" деб бежизга айтилмаган ахир.

 Аввало, болага Аллоҳ таъолони танитиб, уни севадиган қилиб тарбиялаш лозим. Чунки  Аллоҳ таъоло уни йўқдан бор қилиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру мухаббатини солди. Агар Аллоҳ таъоло ота-онага фарзанд муҳаббатини солмаса, уни ташлаб қўяр эди. Шунинг учун ҳам бола Аллоҳ таъолони севиб унга шукр қилиши лозимлигини уқтириш керак. Иккинчидан, Пайгамбаримиз саллаллоху алайхи васалламни севадиган қилиб тарбиялаш лозим. Чунки Аллоҳ таъоло Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни халқ оркасидан танлаб олиб, халқга Пайгамбар қилиб юборган. Аллоҳ таъоло; "Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз" деган. Демак Пайгамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади. Учинчидан,  Аллоҳ таъолонинг китоби "Қуръони Карим" ни севадиган қилиб тарбиялаш лозим. Чунки Қуроъни Карим бутун инсоният учун ҳидоят китобидир. Мазкур уч талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади. Қолаверса тарбиянинг бошка бир неча хиллари бор. Улар руҳий тарбия, бадан тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси ва ҳоказо. Шу билан бирга ота-она доимо фарзандини дуо килиши ҳам лозим экан. Чунки хадиси шарифда, ота-онанинг, мазлумнинг, мусофирнинг дуоси қабул дейилган. Қуръони Каримда  Закарриё алайҳиссаломнинг Аллоҳ таъолога қилган дуолари келтирилган. 

هنا لك دعا زكريا

ربه قال رب هي لي من لدنك ذرية طيبة  انك سميع  الغداء.

 "Ўша жойда Закарриё Роббига илтижо қилиб, деди: "Роббим, менга ҳам ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дархақиқат, Сен дуо эшитувчидирсан". Оли- Имрон (38)

 Демак барча ота-оналар  ҳали фарзанд дунёга келишидан олдин ҳам кейин ҳам фарзандларини ҳаққига дуолар қилавериши керак экан.

А.Эгамбердиев - Нарпай тумани "Эшон бобо" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 20/08/2020 13:28;   Кўрилганлиги: 1237
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/farzand-ota-onaga-omonatdir
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 17:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг