Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Энг улуғ маскан ва энг оғир хиёнат

 
 

إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَىٰ أُولَٰئِكَ أَن يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ

«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар»  [Тавба сураси, 18-оят].

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ояти кариманинг тафсирида ўз умматлари учун шундай деган эдилар:

عن عثمان بن عفان رضي الله عنه : انه سمع رسول الله صلى الله عليه وسلم

يقول من بنى مسجدا يبتغي به وجه الله بنى الله له مثله في الجنة

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини бино этади», деганларини эшитганлар.

Амалнинг жазоси (эвази) ўз жинсидан бўлади. Нафақат Аллоҳ учун ер юзида масжид қурса, балки каттами, кичикми масжидга ҳиссасини қўшган кишига ҳам Аллоҳ таоло жаннатдан уй бино этишлиги ҳадисларда таъкидланган.

Дарҳақиқат, инсон дунёда вақтинча яшаш маскани учун ўн йиллаб машаққат чекади. Аммо у ҳашаматлар барчаси вақтинча бўлиб, инсон вафотидан сўнг ортида қолиб кетади. Шунинг учун улуғларимиз нафақат дунёси учун балки охирати учун ҳам ташвиш чекканлар.

Ҳар кимнинг ҳам масжидга моддий ҳисса қўшиш имконияти бўлмаслиги мумкин.  Масжидларнинг тозалигига қаровчи, муҳофаза қилувчи кишилар ҳам мана шундай улуғ даражада бўлишлигини қуйида келадиган ҳадиси шарифдан ҳам англашимиз мумкин:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلاً أَسْوَدَ أَوِ امْرَأَةً سَوْدَاءَ كَانَ يَقُمُّ الْمَسْجِدَ فَمَاتَ، فَسَأَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْهُ، فَقَالُوا: مَاتَ. قَالَ: أَفَلاَ كُنْتُمْ آذَنْتُمُونِي بِهِ، دُلُّونِي عَلَى قَبْرِهِ -أَوْ قَالَ قَبْرِهَا- فَأَتَى قَبْرَهَا فَصَلَّى عَلَيْهَا

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Масжидни тозалаб юрадиган бир қора киши ёки қора аёл вафот этди. (Унинг кўринмай қолганидан ажабланган) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақида сўрадилар. “Вафот этди”, дейишди. “Буни менга билдирмабсизлар-да. (Жанозасини ўзим ўқирдим.) Энди у кишининг – ёки у аёлнинг – қабрини кўрсатинглар”, дедилар. Кейин қабрига бориб, у аёлга жаноза ўқидилар”.

Бу улуғ ва шарафли иш пайғамбар алайҳиссаломларнинг ишларидир. Масжидул Ақсони биринчилардан бўлиб Одам, Иброҳим алайҳиссаломлар, Байтуллоҳнинг илк асосини Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда кўтардилар. Ислом тарихидаги илк масжид Қубо масжидининг пойдеворига эса пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари асос солган эдилар.

Биз юқорида амалнинг жазоси (эвази) ўз жинсидан бўлади дейилган пурмаъно ҳикматни бежиз тилга олмадик. Бугунги кунда юртимизнинг аксар ҳудудларида маҳобат ва савлат тўкиб, виқор билан турган масжидлар буюк аждодларимизнинг бу ҳақиқатни қанчалик англаганликларидан даракдир. Масжидлари кўркам ва файзли аждодларимизнинг ҳаётлари ҳам баракага тўла эди. Айнан шу замонларда минглаган алломалар етишиб чиқди.

Ўртада бироз маърифатдан узилиш даври бўлиб, масжид мадрасаларга хиёнатни кучайтирган мустабид тузум ҳам қанчалик қудратли бўлмасин кўпга бормаганлигига ҳам кўпчилигимиз гувоҳмиз.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ҳам орамизда айрим ҳалол-ҳаромни, увол-савобни фарқига бормасдан кўнгли тусаганини қилаётганлар ҳам учрамоқда.

Хулоса қилиб айтганда кимки нафсининг хоҳишига эргашиб, ҳалол-харомга эътиборсиз бўлса, Аллоҳ таоло ҳам уни ана шу адашувида эътиборсиз ташлаб қўяр экан. Охир оқибатда инсон Роббисигада журъатли холга тушиб қолар экан. Яъни Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига хослаб нисбат берган маскан, ер юзининг энг азиз, энг муқаддас жойи масжидларнинг мулкига хиёнат қилишгача етиб борар экан.

Бугун минг шукрлар бўлсинки, юртимизнинг ҳар гўшасида масжидлар қайта чирой очаётган бир пайтда бир тану бир жон бўлиб масжидларимиз оболиги йўлида ҳизмат қилсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи икки дунё саодатини элу халқимизга зиёдаси билан ато этгусидир иншааллоҳ!

Масжидларнинг мулкига хиёнат қилаётган кимсаларга ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи инсофу тавфиқ берсин.

Ў.Умирқулов - Самарқанд шаҳар "Лаҳутий" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 10/12/2020 08:37;   Кўрилганлиги: 1243
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/eng-ulug-maskan-va-eng-ogir-xiyonat
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг