Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Дуо кўзга кўринмас ҳимоячидир

 
 

Қуръони Каримнинг 47 жойида Пайғамбар ва улуғ зотларнинг дуоси келтирилган. “Дуо”арабча сўздан олинган бўлиб, сўраш, илтижо ва чақириш маъноларини англатади, инсоннинг муайян моддий ва маънавий эҳтиёжларининг қондирилишини сўраб, илтижо этадиган тилакдир.

Дуо Яратган билан бандаси ўртасида маънавий боғланишни таъминлайди. Инсон пайдо бўлган илк даврлардан буён дуога кучли эҳтиёж сезиб яшаган. Чунки дуо адашиш ва хатоларга мойил ожиз инсонни қийинчиликлар пайтида умиду-ишончини йўқотмасликка, шодлигу қувонч вақтида ҳаддидан ошмай шукур қилишга йўналтирадиган амалдир. Шунинг учун дуо Аллоҳ таолони эслаш, Унга ёлвориш, ўзининг ожизлигини тан олган ҳолда Ундан ёрдам сўраш, инсонни Холиқ билан боғловчи маънавий ибодатдир.

Дуо одамнинг Яратганга муҳтожлиги ифодаси бўлиб, Аллоҳ назарида ҳам ғоят мақбул ибодатлардан саналади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни дуо қилишга тарғиб қилинади. Инсон дуо қилганда Аллоҳнинг раҳматидан умидвор ва ғазабидан қўрққан ҳолда чин юракдан сўраб дуо қилмоғи лозимдир. Бу ҳақда Қуръони карим оятларида шундай дейилади: “…дарҳақиқат, улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларини қилишга шошар ва бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар ҳамда бизга (барча буюруқларимизга) итоат этувчи эдилар” (Анбиё сураси 90-оят).

Яна бошқа оятда: “Менга илтижо қилувучининг дуосини ижобат этурман. Бас улар ҳам мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, менга иймон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо қилинг, чунки дуо ибодатнинг ўзаги ва мағзидир”, деганлар. Ушбу ҳадисларида мўмин учун ибодатдан мурод ҳам ўз ожизлигини тан олган ҳолда Аллоҳдан мадад сўраш эканига ишора бордир. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй Расуллоҳ Роббимиз бизга узоқми ёки яқинми? Агар яқин бўлса овоз чиқармай ичимизда дуо қилайлик, узоқ бўлса нидо қилайлик”. Шунда Бақара сурасининг 186-ояти нозил бўлди: “Сиздан (эй Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас улар ҳам мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб менга иймон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар”. Яна бошқа бир оятда:“Роббингизга зорланиб ва хуфиёна (овозсиз)дуо қилингиз! Зеро, У(дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси 55-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Кимга дуо қилиш бахти муяссар бўлса, унга раҳмат эшиклари очилади. Аллоҳга дунёвий истаклар ичида энг мақбули ундан яхшилик сўрашдир. Дуо келадиган бало-қазони даф этади. Тақдирни фақат дуо ўзгартира олади. Шунинг учун сизлар ҳам дуо қилинг” (Имом Термизий).

Иккинчи ҳадисларида “Дуо ибодатнинг мағзидир”, дедилар ва орқасидан Ғофур сурасининг 60-оятини ўқидилар: “Менга дуо қилингиз, мен сизлар учун (дуоларингизни) қабул қилай!” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дуо аввалги ва охирги барча мусибатларни даф этади. Эй Аллоҳнинг бандалари, сизлар ҳам дуо қилинг”.

Дуо қилишнинг ҳам ўз одоби мавжуд, шу одоб билан қилинган дуо ижобатдир. Бу ҳақда Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилинади: Мен масжидда ибодатимни адо қилиб сўнг дуога қўл очдим. Аввал Аллоҳга ҳамд сўнг Расулуллоҳга саловат айтиб, сўнг ўзим учун дуо қилиб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумалар билан кириб келдилар ва дедилар: “Тила сенга берилгайдир, тила сенга берилгайдир”.

Дуонинг ижобат бўлиш шартлари: ихлос, ишонч, самимийлик ва пок ҳолда дуо қилишдир. Ҳадиси Қудсийда дейилади: “Эй одам фарзанди, дунёдаги нарсалар уч хилдир: бири Мен учун ва бири Мен билан сенинг ўртамиздадир ва яна бири сендандир. Сендан бўладигани дуо ва Мендан ижобат қилмоқ. Бас дуонг тўсилиб қолмас, магар у ҳаром емоқ бирла тўсилур”.

Азизлар! Оиламиз, фарзандларимиз ва юртимиз ҳақида доим дуода булайлик. Аллоҳ таоло барчамизга икки дунё саодатини ато айласин! Омин!

Нурсултонхон домла Абдуманнонов - Самарқанд шаҳар “Дамариқ” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 19/11/2020 13:07;   Кўрилганлиги: 1278
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/duo-kozga-korinmas-himoyachidir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг