Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Дунёдаги барча бузғунчиликлар ўзбошимча ақлнинг маҳсулидир

 
 

Сохта салафий, бемазҳаблардан бири Абдулло Зуфар ўз маърузасида Аллоҳ таоло Қуръонда: “Агар бирор нарсада тортишсангиз, уни Аллоҳ ва Расулига қайтаринг” деган, деб айтган экан. У яна “Аллоҳ таолони қаердалигини билиш учун Қуръонга мурожаат қилиш керак. Шунинг учун Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри маъно чиқариб олиш зарур. Агар ҳали у мазҳаб, ҳали бу мазҳабга қулоқ солинса, уларнинг охири йўқ”, деб ўз гапида давом этган.

Хўш, ҳар ким бирор масалага ечим топишда тўғридан-тўғри ўзи Қуръони каримга мурожаат қилиб, ундан ўзига етарли даражада ҳукм ва хулоса чиқариб олиш имкониятига эгами ва бу шариатда жоизми? Бу ҳақида тафсирлар ва уламолар фикри билан танишиб ўтсак мақсадга мувофмқ бўлади.

Юқорида Абдулло Зуфар айтиб ўтган ояти кариманинг тўлиқ кўриниши қуйидагичадир:  

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир” (Нисо сураси, 59-оят).

Ушбу ояти кариманинг тафсири ҳақида муфассирларимиз қуйидагиларни баён қилган: “Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг”, деган жумла шариатда ҳукм чиқариш учун Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёсга амал қилишни англатади. Мусулмонлар ҳаётида янги бир масала пайдо бўлса, айнан шу муаммо Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикр қилинмаган, аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор бўлса, уламолар ана ўша ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб бир ҳукм чиқарадилар. Буни номи “қиёс” бўлади. Оятда мусулмонлар ўртасида тортишувга сабаб бўлган нарса Аллоҳга (яъни, Қуръонга) ва Пайғамбарга (яъни, у кишининг суннатларига) қайтаришни, “агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз”, жумласи билан бирга қайд қилинмоқда. Демак, қилинажак ишни шариатга мувофиқ адо этиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймоннинг аломати экан”.

Ушбу сўзлардан ҳам тортишувли масалада Қуръонга ва суннатга зид бўлган, шариат мезонига ҳеч бир жиҳатдан тўғри келмайдиган манбаларга ва ҳукмларга мурожаат қилмаслик лозимлиги англанади. Бу дегани тортишувли масалада Қуръони карим ёки ҳадиси шарифларни тўғридан тўғри зоҳирий маъноларига амал қилавериш керак деган фикр келиб чиқмайди. Ҳақиқий мусулмонлар ҳар бир ишларини ушбу оятда зикр қилинган қоида асосида Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилган ҳолда олиб борадилар. Баъзи ишларда фикрлари турли чиқиб қолса, у ишни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтариб, ўхшаш масалалардаги ҳукмларга солиштириб-қиёслаб оладилар.

Аллоҳ ва Расулига қайтариш эса муфассирларнинг тафсирлари ва мўътамад шориҳларнинг шарҳларига кўра бўлиши лозим. Акс ҳолда ҳар ким ўзича маъно бериб, ўзининг ва бошқаларнинг адашишига сабаб бўлади. Ҳар кимнинг Қуръон-суннатни тушуниш борасидаги билими ҳар хил бўлиши оқибатида ихтилоф янада зиёда бўлади. Демак, ҳақиқий қоида бу ишда мутахассис бўлган муфассир ва шориҳларнинг китобларига мурожаат қилишдир.

Мужтаҳид олимларга эргашишни ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули буюргандир. Аллоҳ таоло: “Агар бирор нарсада тортишсангиз, уни Аллоҳ ва Расулига қайтаринг” – дейиши билан бирга бошқа бир ояти каримада “Қачонки уларга эминлик ёки хавф тўғрисида бир иш – хабар етса, уни ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар”. (Нисо, 83).

“Ишнинг негизини биладиганлар” деб таржима қилинган сўз араб тилида “истинбот” деб номланади. Яъни, истинбот қила оладиган мужтаҳидларга ҳавола қилишса, хато қилмаган бўлишади, дейилмоқда.

Ушбу оятларга кўра ижтиҳод қилиш даражасига етмаган ҳар бир одам, гарчи у араб тилини яхши билиб, оят ва ҳадисларнинг маъносини тушунсада, мужтаҳид имомга эргашиши шарт.

Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра ҳукмни фақатгина мужтаҳидлар олишга ҳақли. Бу борада ислом тарихида илк даврларда шаклланган мазҳаблар ва уларнинг соҳиблари мужтаҳид эканлигига ўша замон уламолари иттифоқ қилганлар ва уларнинг мазҳабларига эргашганлар. Замона уламоларидан  шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 4 та фиқхий мазҳабларга эргашиш хақида шундай дейдилар: “Мужтаҳидлар Ислом аҳкомларини аниқловчилардир, пайдо қилувчи эмас. Шунингдек, ислом умматига нубувват сўзларини муҳаддислар, нубувват маъноларини эса фуқаҳолар етказганлар. Дунёдаги барча бузғунчиликлар ўзбошимча ақлнинг маҳсулидир”.

 Бизга динимиз Расулуллоҳдан олимлар орқали етиб келди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси-шарифида “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир” – деб айтганлар. Демак, динни тўғри тушуниш учун мужтаҳид олимларга эргашиш Аллоҳ ва Расулининг буйруғи экан. Илм етарли бўлмаса ҳам Қуръон ва Ҳадисдан ҳукм олишга уриниш, йўлни билмаса ҳам одамларга йўлбошчи бўлиб, уларнинг адашишига сабабчи бўлиш кабидир. Аллоҳ асрасин! Амийн!

 

ЗАФАР МАҲМУДОВ – Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 15/02/2021 20:29;   Кўрилганлиги: 790
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/dunyodagi-barcha-buzgunchiliklar-ozboshimcha-aqlning-mahsulidir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 15:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг