Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ДЎСТ

 
 

Абу Ҳафс Аббор деган зот ибн Шубрума роҳимаҳуллоҳ билан дўст эди. Абу Ҳафс Абборнинг бир куни ибн Шубрумага эҳтиёжи тушиб қолди. Ибн Шубрума унинг эҳтиёжини қоплади. Кейинроқ Абу Ҳафс раҳмат айтгани келди. Ибн Шубрума сўради:
- Нима нарса учун раҳмат айтмоқчисан?
- Менинг эҳтиёжимни қоплаган эдингиз.
- Раҳматга ҳожат йўқ. Кетавер. Агар бир дўстингдан ҳожатингни сўрасанг, у эса қодир бўлатуриб сенга моли ва жони билан ёрдам бермаса, намозга таҳорат қилгандек таҳорат қил, унга тўрт такбир жаноза намозини ўқи ва уни ўликлар сафига қўшиб қўявер!

Дўст дегани руҳнинг эгизаги, қалбнинг бир бўлагидир. Агар бундай бўлмаса дўстликни даъво қилинмаса ҳам бўлади. У оддий таниш холос.
Ҳамма эътиборсиз бўлсада, дўст эътиборсиз бўлмайди.
Абу Бакр розиёллоҳу анҳу билан Умар розиёллоҳу анҳу бир нарсада келиша олмай қолишди. Улуғлар ўртасида ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Аммо улар ўртадаги бўшлиқни дарров тўлдиришади.
Абу Бакр розиёллоҳу анҳу хато қилган эдилар. У зот дарров Умар розиёллоҳу анҳудан узр сўрадилар. Умар розиёллоҳу анҳунинг қаттиқ табиатлари сабаб ҳали нафслари софланиб улгурмаган эди. У зот Абу Бакр розиёллоҳу анҳунинг узрларини қабул қилмадилар. Абу Бакр розиёллоҳу анҳуга дунё тор бўлди. Бундай ҳолларда одатда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб дардларини айтар эдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу Умар розиёллоҳу анҳунинг узрни қабул қилмаганларини айтдилар.
Аммо бунгача Умар розиёллоҳу анҳу ўзларига келиб бўлган эдилар. Масжидга келиб Абу Бакр розиёллоҳу анҳуни қидира бошладилар. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам жондан азиз дўстларини ҳимоя қилишни минбардан туриб бошлаб юборган эдилар:
"Эй инсонлар! Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар қилиб жўнатди. Мени ёлғончи деганингизда Абу Бакр тасдиқлади. У менга жони билан, моли билан ҳамдард бўлди. Дўстимни тинч қўясизларми йўқми...?!".

Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ҳам дўстга эътиборсиз эмас эдилар. У зот ҳам Умар розиёллоҳу анҳунинг ҳақ эканликларини Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга айта бошладилар...

Дўстим! Замон айланди. Дўстлик камайди. Дўстлар нуқсонли бўла бошлашди. Суяниш учун лойиқ елкалар топилмай қолди. Оғриқларингни бўлишадиган қалблар озайиб кетди. Дардингга малҳам бўла олмасада, сен билан қўшилиб йиғлайдиган кўзлар камайиб кетди.

Аъмаш роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Олдингилар бир-бирига бир ойда ёки икки ойда бир йўлиқса ҳам унчалик қуюқ сўрашмас, "қандайсан?"дан нарига ўтишмас эди. Аммо молининг ярмини сўраса бир-бирига бера олар эди. Вақт ўтиб шунақа инсонларни кўрдимки, ҳар куни кўришганда сўрашади. Сўрашганда ҳатто уйидаги товуқлари ҳақида ҳам сўрайди. Аммо бир дирҳам сўрашса бир-бирларига бера олишмас эди".

Биз энди Аъмаш роҳимаҳуллоҳнинг замонидан 13 аср кейиндамиз. Бу замонда содиқ дўстлар қора ҳўкиз танасидаги бир дона оқ мўй каби нодир. Агар мабодо шунақа дўст топсангиз этагини маҳкам тутинг. Кимда бунақа дўст бўлмаса, демак ўлимдан олдин ўлиб бўлибди!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 18/11/2021 07:47;   Кўрилганлиги: 938
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/dost
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 00:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг