Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ДИНИЙ БАҒРИ КЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК

 
 

Дарҳақиқат, гўзал ва бетакрор ислом дини инсониятни бағрикенг бўлиб, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга буюрган. Инсоният тарихига назар ташлайдиган бўлсак, қайси жамият ёки юртда ҳамжиҳатлик, аҳиллик, бағрикенглик, бирдамлик ва меҳру оқибат бўлган бўлса шу жамият ёки юртда албатта осойишталик, фаровонлик ва тараққиёт бўлган. Агарда инсонлар орасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенлик деган умуминсонийлик фазилатлари бўлмаса бундай жамиятда тинчлик ва тараққиёт бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қурьони каримда шундай дейди:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ   (سُورَةُ الحُجُرَاتِ/13).

яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Мана шу ояий каримада Аллоҳ таоло инсониятни кўп миллат ва элат қилиб яратганлигининг хабарини берди. Демак турли қабилалар, халқлар, миллатлар ва элатлар қилиб яратилишимизни Аллоҳ ирода қилди сабаби ўзаро танишишиш учун бирдам бўлиб ҳамжиҳат бўлиб яшашимиз учундир.

Маълумки, Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат турмуш тарзига  эга бўлган, хилма-хил динларга эьтиқод қилувчи, бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган. Ўзбекистоннинг жуғрофий нуқтаи назаридан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани турли халқларнинг диний ва маьнавий ҳаётига, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги урф-одатлар ҳам ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таьсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро хамжиҳатлик вa диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.

Бу ҳақда биринчи Президентимиз  “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида: “Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди”, деб қайд этганлари ҳам бежиз эмас. Ҳақиқатан Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом дини билан бошқа динлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшди.

Ҳозирги кунга келиб, Республикамизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. 

 

Мулло Али Қорининг “Мирқот ул-масобиҳ” асарида келган хабарда Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:

"تَصَدَّقُوا عَلَي أَهْلِ الْأَدْيَانِ كُلِّهَا"  عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ   (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبِي شَيبَةَ فيِ كِتَابِ مِرقَاةِ المَصَابِيحِ لِعَلِيِّ القَارِي).

“Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар”  (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган).

Хайру эҳсон нафақат моддий балким маьнавий бўлса янада нур устига нур булади. Маслан айтайлик ўзга дин вакиллари билан чиройли муомала ва муносабатда бўлишимиз, улар билан бағрикенгликда ва ҳамжиҳат бўлиб яшамоғимиз қайсидир маънода бу ҳам хайру эҳсоннинг бир кўринишидир.

Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ҳазрати Расули акрам (с.а.в) нинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан кейинги ислом ҳукмдорлари ҳам қатъий амал қилишди. Умар ибн Хаттоб  (р.а) Байтул-Мақдис (Қуддус)га фотиҳ сифатида кирганларида у ернинг масиҳий аҳолиси яҳудийлар билан шаҳарда бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишади. Шунда у киши бунга рози бўладилар. Ваҳоланки, Умар ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилган, бу шартни қабул қилмасликлари мумкин эди. У киши “Қуддус ул-кубро” черковида турганларида аср намози вақти кириб қолди. Шунда бўлган таклифларга ҳам қарамай, у ерда намоз ўқишдан бош тортдилар. Сабаби, мусулмонлар буни далил қилиб олиб, черковни масиҳийлардан тортиб олиб масжид қилиб олмасликлари учун шундай қилган эдилар. Зеро, тарих китобларида:

"فَقَدْ ذَكَرَتْ كُتُبُ التَّارِيخِ أَنَّ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ اِمْتَنَعَ عَنِ الصَّلاَةِ فيِ الكَنِيسَةِ حَتَّى لَا يَسْلُبَهَا المُسْلِمُونَ مِنَ الرَّهبَانِ بِحُجَّةِ صَلاَةِ عُمَرَ فِيهِ"

яъни: “Тарих китобларида келишича, Умар (р.а.) черковда намоз ўқишдан тўхтадилар, тоинки мусулмонлар Умар (р.а.) черковда намоз ўқиган, деб канисаларини роҳиблардан тортиб олиб масжид қилмасинлар”.

Ислом динига кўра, бошқа эътиқодда бўлган аҳли китобларнинг ибодатхоналари ҳам худди масжидлар каби ҳимояга олинади, уларни бесабаб бузиш ёки бирор зарар етказиш динимизга кўра таъқиқланади. Динимиз таълимотига кўра, аҳли китобларни мусулмонлар диёрида турли вазифаларга қўйиш таъқиқланмайди. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Жаҳондаги барча динларнинг асл моҳияти тинчлик, жумладан ислом дини инсонларни ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар улар билан тинч-тотув яшашга буюради. Афсуски, бугунги кунда биз жаҳоннинг турли нуқталарида, айниқса Яқин Шарқ мамлакатларида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшлар дин ниқоби остида билиб-билмай мана шундай уруш ўчоқларида ўзга дин вакилларини турли қийноқлар билан азоблаб, ҳатто уларни ваҳшиёналик билан ўлдирмоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадисларида:

“Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради”, деб айтганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”).

Буюк аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину диёнат, иймон-эътиқод, одобу ахлоқ, меҳру мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саховат ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Мамлакатимиз тарихан кўпмиллатли ўлка бўлгани туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган.

Муаллиф: Бобохон БОБОХОНОВ - Самарқанд шаҳар “Хўжа Нисбатдор” жоме масжиди имом хатиби.


Киритилган вақти: 25/09/2019 16:38;   Кўрилганлиги: 1434
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/diniy-bagri-kenglik-va-millatlararo-totuvlik
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 00:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг