ДИНИМИЗДА ШУМЛАНИШДАН ҚАЙТАРИЛГАН
Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳу ривоятқиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Касалллик юқмайди (ҳеч бир касаллик Аллоҳнинг иродасисиз ўзича юқмайди), ирим-сирим бемаънилик, бойқуш бахтсизлик келтирмайди ва сафар (ойи) бехосият эмас», дедилар.
Мўмин киши Исломни ҳақ дин деб эътиқод қилар экан, келадиган ҳар қандай зарар ҳам, фойда ҳам Аллоҳдан деб билмоғи лозим.
Сафар ойида ва икки ҳайитда тўй қилиб бўлмайди деб шумланувчилар жуда кўп. Улар бу вақтларда тўй қилиб бўлмайди, дейдилар. Хайрли ишни кечиктириб бўлмайди. Аллоҳ қачон қодир қилса, қайси ой ёки қайси кун бўлишини аҳамияти йўқ. Мана шундай шумланишлар сабаб, ёшларни оила қуришининг кечикиши, ўртада турли келишмовчиликлар юзага келиши ва турли фитналар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай хайрли ишни тезда амалга оширмоқ лозим.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Али, уч нарсани кечиктирма. Вақти кирган намозни, ҳозир бўлган жанозани ва тенги чиққан аёлни” дедилар.
Баъзилар бойқуш бахтсизлик келтиради, дейишади. У ҳақда халқ ичида турли тўқима афсоналар юради. Бу гумроҳликдир. Чунки у ҳам бир қуш. Ўлжа ахтариб ҳар қандай хонадонга қўниши мумкин. Бойқуш тун қуши ва кечаси ов қилади. Уни кечаси келиб сайраши ёки дарахтларга қўниши оддий холдир.
Шумланиш жоҳилият одатидир. Бугунги кунда ҳам бу одатлар сақланиб қолган. Дарвозаларнинг тепасига тақа, исириқ ёки эски калиш осиб қўйиш, болаларга кўзмунчоқ тақиб қўйиш ва шу каби нарсалардан фойдаланиш жоҳилият одатларидир. Бу нарсаларни Аллоҳга восита қилишлик ширкдир. Жоҳилиятда ҳам одамлар бут ва санамларни ягона илоҳ деб билишмасди. Бут ва санамларимиз орқали биз Аллоҳга боғланамиз дейишар эди. Ҳозирда халқимиз ичида юрган ирим-сиримлар ўша жоҳилият қолдиқларидир.
Шундай экан, ҳар биримизшумланишдан сақланмоғимиз, ишларини натижасини Аллоҳдан деб билмоғимиз лозим. Ишларни барчаси Аллоҳнинг Иродасига боғлиқ эканлигига эътиқод қилмоғимиз зарур.
Аллоҳим барчамизни турли шумланишлардан паноҳида асрасин.
С.Равшанов Нарпай тумани “Тепа” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 15/11/2023 14:42; Кўрилганлиги: 69
Чоп этилган вақт: 06/12/2023 03:59