Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Буюк фатҳ аввалидаги синов

 
 

Фотиҳ Султон Меҳмет Константинопол (Истанбул)ни фатҳ этиш режаларини тузарди. Ҳали 21 ёшда бўлган навқирон султон Истанбул фатҳига киришишдан олдин ўз халқини имтиҳон қилиб кўрмоқчи бўлди. Тонгнинг илк соатларида қиёфасини ўзгартириб, ўша вақтлардаги Усмонийлар салтанатининг бош шаҳри бўлган Эдирнедаги бозорга борди. Бозорнинг бир тарафидан кириб харид қилишга киришди.

Биринчи дўконга кириб, бир нарса харид қилди. Иккинчи нарсани олмоқчи бўлганида сотувчи кўнмади. Султон ҳам ўз ўрнида мол бўла туриб нима сабабдан бермаётгани ҳақида сўради. Сотувчи: «Мен сенга бу нарсани сотиб байʼ очдим, иккинчи оладиган нарсангни қаршимдаги дўкондан ол, чунки у ҳали савдо қилгани йўқ», деб жавоб қайтарди.

Фотиҳ бу ҳолдан мамнун бўлганча иккинчи дўконга кирди. У ердан бир мол олгач, иккинчисини сўраса, у ҳам бермай қўшни дўконга юборди. Шу йўсинда султон Меҳмет бутун бозорни кезиб чиқди ва ҳар кирган дўконида аввалгидек муомалага гувоҳ бўлди. Олган нарсаларини мадрасадаги толиби илмларга юборди.

Султон саройга қайтаркан, Аллоҳга шукур саждаси қилиб, бундай деди: «Эй Роббим, сенга ҳамдлар бўлсин. Менга шундай бир-бирини ўйлайдиган миллат эҳсон этдинг. Мен бу миллат билан нафақат Византияни, балки дунёни фатҳ этаман», деди ва Константинополни фатҳ этиш режаларини тузишга киришди.

51 кун давом этган қамал билан Византия таслим бўлди. Истанбул фатҳ этилганидан сўнг пойтахт Эдирнадан Истанбулга кўчирилди.

Туркчадан Амиров Тўлқин таржима қилади


Киритилган вақти: 06/12/2021 10:52;   Кўрилганлиги: 429
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/buyuk-fath-avvalidagi-sinov
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 13:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг