Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Буқротнинг машҳур қасами

 
 

Қадимдан беморларга қарайдиган, уларни даволашга уринадиган шахсларнинг масъулияти ҳақида тортишиб келинган.

Кўпчилик ҳолатларда табибларнинг масъулиятига қаттиқ назар билан қаралган, етган зарар миқдорига қараб муолажаси зарар келтирган табибининг қўлини кесиш ёки уни қатл қилиш каби жазолар қўлланган. Албатта, бундай ҳукмлар кишиларни тиб билан шуғулланишдан қочишларига сабаб бўлган.

Бошқа баъзи ҳолатларда эса табиб тамоман масъулиятдан озод қилинган. Бу ҳолатда эса, беморлар зарар кўрган. Масъулиятни сезмаган табиблар нимани хоҳласа шуни қиладиган бўлиб кетганлар.

Исломда бу масала ҳам ўзига хос ажойиб услуб ила ҳал қилинган.

Дастлабки пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ва Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган:

«Кимки, ўзида тиб билинмаган ҳолда, ўзича табиблик қилса, зоминдир», деган ҳадисларига амал қилинган.

Тибни билмайдиган одам унга умуман яқин ҳам келмаган. Тибни билганлар эса, иймон ва ихлос ила сидқидилдан хизмат қилганлар.

Кейинчалик замон ўзгариб, кишилар кўпайиб, тибни даво қилувчилар ҳам кўпайиб ҳақиқий табибдан табибликни даъво қилувчини ажратиб бўлмайдиган ҳолга етганда бу масала жиддий тарзда ҳал этилган.

Ҳижрий 311 сана, (м. 931)да халифа Муқтадир табибларни имтиҳондан ўтказишга фармон чиқарди. Бу ишга Синан ибн Собитни раис қилди. Бағдоднинг ўзида, машҳур ва подшоҳ саройидагилардан ташқари, 860 тадан ортиқ табиб имтиҳондан ўтказилди ва шаҳодатнома олди.

Машҳур ва подшоҳ саройидаги табибларни ҳам қўшса биргина Бағдод шаҳридаги табибларнинг сони қанчага етишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша вақтда аҳоли сони ҳозиргига қараганда жуда ҳам оз бўлишини эътиборга олинса, мусулмон ўлкаларда тиб қанчалик даражага чиққанини билиб олса бўлаверади. Бу масалани яна ҳам ойдин равишда англаш учун ўша пайтнинг ўзида Оврупонинг Рейн ҳавзасида атига битта табиб ҳам йўқлигини қўшиб қўймоғимиз лозим.

Табибларни имтиҳондан ўтказишнинг илмий услублари ишлаб чиқилди. Тибнинг ҳар соҳаси бўйича қайси фанлардан имтиҳон топшириш лозимлиги белгиланди. Имтиҳондан ўтувчиларга бериладиган саволлар ва уларни тузиш йўллари ҳам аниқланди. Бу масалани ёритган китобларни ўқиган одам ўша пайтдаги илмий ҳаркатнинг ривожига тан бермай иложи йўқ.

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган кишиларга шаҳодатнома бериш йўлга қўйилди. Ўша пайтдаги берилган шаҳодатномалардан бирининг матни қуйидагича:

«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бориъул азиймнинг изни ила ...га ҳақиқий илмга эга бўлгани учун, бу ишни яхши бажариш қобилияти бўлгани учун жарроҳлик касбини қилишга рухсат берамиз. Ана шуларга биноан у жароҳатларни тузалгунча муолажа қилиши, томирларни очиши, бавосирларни олиб ташлаши, тишларни олиши, жароҳатларни тикиши ва болаларни поклаши мумкин. У доимо ўз раислари ила маслаҳатлашишиб турмоғи лозим. Ишончли устозларидан насиҳат олиб, уларнинг тажрибасидан фойдаланиши зарур».

Шаҳодатномадан кўриниб турибдики, ўғил болаларни хатна қилиш ҳам қўлида рухсати бор жарроҳнинг иши бўлган. Агар бизда ҳам бу тартиб йўлга қўйилса, хатнадан кейин болаларимизнинг азоб чекишлари камаяр эди.

Мана шунга ўхшаш шаҳодатномага эга бўлган табиб беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳақига эга бўлар эди. Бирор хасталикни даволаш жараёнида қийинчиликка дуч келса табиблар мажлиси чақирилиб уни даволаш бўйича маслаҳат кенгаши ўтказилар эди.

Мазкур мажлисга табиблар ичида ёши улуғи раислик қилар ва уларнинг энг ёши бўлгани маслаҳатни ёзиб борар эди.

Мусулмон фуқаҳолар бу масаланинг қонуний томонини тартибга солдилар. Сохта табиб кишиларни даволайман деб зарар етказса зомин бўлиши юқорида зикр этилган ҳадиси шарифга биноан равшан эди.

Шаҳодатномаси бор табиб томонидан беморга зарар етказилса нима ҳукм қилиниши батафсил баён қилинди. Агар табиб томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилса, у жавобгар бўлиши белгиланди. Агар бошқа сабаблар туфайли беморга зарар етса табиб жавобгар бўлмайдиган бўлди. Ана ўша ҳолатлардан бирини зикр қиладиган бўлсак, беморнинг ўз розилиги ва талаби ила синалмаган иш жорий қилиш оқибатида унга зарар етса табиб жавобгар бўлмайди.
Умуман бу масала ўзига тегишли китобларда муфассал баён қилинган.

Шу билан бирга, табиблик қилмоқчи бўлган кишиларга имтиҳон топшириб шаҳодатнома олиш билан бирга тиббий қасам ичиш ҳам шарт қилинди. Бу қасам Буқротнинг машҳур қасами асосида Ислом таълимотларига мослаштирилган ҳолда қайта ишланган эди. Аслини олганда қасам бир матндан эмас, бир неча хил бўлганини ҳам мутахассислар таъкидлайдилар.

Баъзи тарихий маълумотларда табибларни имтиҳондан ўтказиб шаҳодатнома бериш Оврупода Рожер иккинчи ва Фридрик иккинчи томонидан XI—XIII асрларда йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилади.

Агар бу маълумотни чуқурроқ ўрганиб чиқилса мазкур овруполик икки ҳукмдор бу масалада ўзларидан ҳеч нарса қилмаганлари аён бўлади.

Рожер иккинчи Сақаллия (Палмеро)ни мусулмонлардан тортиб олганда мусулмон ўлка бўлган бу ерда табибларни имтиҳондан ўтказиб шаҳодатнома бериш йўлга қўйилганига анча бўлган эди. Рожерга бу иш ёқиб қолиб, яхши нарса экан, биз ҳам шундоқ қиламиз, деди. Кейинроқ эса Фридрик иккинчи бу ишга баъзи ўзгартиришлар киритди.

Мусулмонларда шаҳодатномаси бор, тиббий қасамни ичган одамни, энди нимани хоҳласанг қилавер, деб ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Табибнинг жавобгарлиги ҳақидаги қонунлардан ташқари уларнинг маданий савиясини ошириш ва инсоний, исломий фазилатларини сайқаллашга доимо катта эътибор берилган. Бу ишнинг олий даражада олиб борилганига «Адабут табиб» номи остида ёзилган бутун бошли китоблар далил бўла олади.

Ана шундоқ китоблардан бири ҳижрий учинчи асрда, бундан бир минг икки юз йил илгари яшаб ўтган олим Исҳоқ ибн Али ар-Роҳавийнинг «Адабут табиб» номли китобидир.

Бу китобда табибларга, доришуносларга, тиббий ходимларга, беморларга ва уларнинг аҳлларига, шунингдек, уларни кўргани келадиган шахс­ларга ажойиб насиҳатлар бор.

Тасаввур ҳосил қилиш учун китоб ҳақида баъзи маълумотлар бериб ўтишга ижозат бергайсиз.

Биринчи бобда табибнинг иймони ва омонати ҳақида сўз кетади. Шу бобда муаллиф табибнинг таърифида қуйидагиларни ёзади:

«Табиб жонлар ва жисмлар ҳокимидир. Жонлар ва жисмлар моллардан шарафли эканида ҳеч ким шубҳа қилмайди. Шунинг учун табиб ўзига тиб ишида зарур бўладиган одоб ва илмларни касб қилмоғи лозим».

Иккинчи бобда табиб ўз жисми ва аъзоларини маънавий ва моддий жиҳатдан қандоқ тутиши лозимлиги ҳақида батафсил сўз юритилади.

Сўнгра табибнинг кундалик иш режаси баён қилинади. Вақтнинг қийматини баён қилингандан кейин, табиб уни зое қилмасдан ўз ҳожатлари ва беморлари учун тўғри тақсимлаши зарурлиги уқтирилади.

Кейин амал қилиниши лозим бўлган кун тартиби ҳақида сўз юритилади:

1. Намоз ўқиш.

2. Шаръий ва тиббий китоблар ўқиш.

3. Беморлари ҳузурига чиқиш ва ҳоказо.

Учинчи боб.

Табиб ўзини сақлаши ва эҳтиёт бўлиши зарур бўлган нарсалар.

Тўртинчи боб.

Бемор, беморга қаровчилар ва бу ишларга бош бўлувчилар хизмати ҳақида.

Бешинчи боб.

Бемор кўргани келувчиларнинг одоблари ҳақида,

Ўн биринчи боб.

Бемор ўзини кўргани келганларга нима қилмоғи кераклиги ҳақида.

Ўн иккинчи боб.

Тиб ишининг шарафи ҳақида.

Ўн олтинчи боб.

Табибларни имтиҳон қилиш ҳақида.

Ўн саккизинчи боб.

Ўзини тибга нисбат берадиган ҳийлакорларнинг алдамчиликларида огоҳлантириш ҳақида.

Бу қабилдаги иш ва маълумотларга ҳозирги замон тиббиёти ҳам муҳтож бўлса ажаб эрмас.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида Амиров Тўлқин тайёрлади.


Киритилган вақти: 23/11/2021 07:25;   Кўрилганлиги: 435
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/buqrotning-mashhur-qasami
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 13:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг