Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

БИДЪАТНИНГ ИККИ КЎРИНИШИ

 
 

Яратганга шукроналар бўлсинки, жамият йилдан-йилга тараққийлашиб, илм-фанда янгидан янги кашфиётлар қилинмоқда. Инсонларга ҳар томонлама қулайликлар яратилмоқда. Аждодларимизнинг бошқа тилларда, жумладан араб тилида ёзилган асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, юртдошларимиз ундан баҳраманд бўлмоқдалар. Ёшларимиз ўз салоҳиятларини дунёга танитиб, аслида ким эканлигини намоён қилишда давом этмоқда. Буларнинг барчаси қувонарли ҳол. Ундан завқланмаслик мумкин эмас.

Аммо ҳар нарса меъёрида бўлгани яхши. Кўз қўяман деб қош чиқариш, турли бидъатларни пайдо қилиш, шу орқали мўмай даромад олишни кўзлаш, турли сафсаталарни ўйлаб топиш, фитна чиқариш, одамларга буни диний ёки аслий урф деб ташвиқот қилиш ярашмайдиган ҳол, албатта.

Иброҳим ибн Майсара розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бидъатчини улуғлаган киши исломнинг бузилишига ёрдам берибди», дедилар» (Имом Бай-ҳақий ривояти).

Ҳақиқатан ҳам, бидъат нақадар ёмон иллат. Унинг яқинига ҳам йўламаслик зарур. Турли бидъатлар туфайли кўплаб хонадонларда, кишилар орасида зиддиятлар чиқиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Бидъатни ҳақиқатдан устун қўядиганлар, ўз ҳаёт низомларини бидъат асосида олиб борадиганлар ҳам йўқ эмас.

Бугунги кунда айрим кимсаларнинг илмсизлик туфайли жамиятдаги баъзи янгилик ва ихтироларни бидъат дейишгача борганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу, албатта, ачинарли ҳол. Ана ўша кимсалар мазҳаблар динга ҳеч бир алоқаси йўқ, динда тасодифан пайдо бўлган бидъат, дейишгача бориб етдилар. Гўё мазҳаббошилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларига рақобатчилар бўлиб, ишлари кишилар онгини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан буриб, ўз мазҳабларига қаратиш бўлган эмиш. Бу каби кимсалар аслида мазҳаб имомлари асрлар оша мусулмонларга Ислом динининг аҳкомларини тўғри кўрсатиб, Қуръон ва ҳадисга амал қилиш йўлларини енгиллаштириб, ўз фатволари билан ўша даврда ечими топилмаётган масалаларнинг ечимини топиш, фикрлар чалкашлигини яхлитлаш ҳамда фирқаланиш олдини олишда жонбозлик кўрсатишганини билмайдиларми?

Аслида бидъатнинг нималиги ва унинг моҳиятини англаган киши бу каби фикрлардан йироқда бўлиши табиий.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг бу ишимизда мумкин бўлмаган янгилик пайдо қилса, у рад этилгандир», дедилар».

Ушбу ҳадис ҳам қуйидаги ҳадисга ўхшаб Исломнинг мадори бўлган ҳадислар қаторига киритилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир киши ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».

Ниятлар турлича бўлгани каби, амаллар ҳам турлича бўлиши мумкин. Ҳар қандай амалда яратганнинг розилиги талаб этилмас экан, уни бажарувчига ҳеч қандай савоб йўқ. Аллоҳ ва Пайғамбарининг амрига зид бўлган ҳар қандай иш шариатда ҳам, жамиятда ҳам рад этилган. Бу амални бажарган киши гуноҳкор бўлади. Динда Аллоҳ ва Расули рухсат бермаган амалларни пайдо қилувчига динда ҳеч қандай насиба йўқ.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан кейин яшаганлар кўп ихтилофларни кўрадилар. Сизлар менинг ва мендан кейинги ҳидоят топган ўринбосарларимнинг йўлини тутинглар. Унга маҳкам ёпишинглар. Амалларга янгилик киритишдан сақланинг. Янги киритилган нарса бидъат, бидъат эса залолатдир», дедилар».

Ҳасанов Аҳмад Самарқанд шаҳар "Дамариқ" жоме масжиди имом ноиби манбалар асосида тайёрланди


Киритилган вақти: 15/02/2023 13:24;   Кўрилганлиги: 739
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/bidatning-ikki-korinishi
Чоп этилган вақт: 19/09/2025 23:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг