Бағрикенглик ҳафталиги
Ўзбекистон – бағрикенг мамлакат. Унда турли миллат ва элат вакиллари асрлар давомида аҳил-иноқ яшаб келган. Қийин кунларда бир-бирига ёрдам бериб, қувончли дамларда шодлигига шерик бўлган. Бағрикенглик халқимиз учун шунчаки умуминсоний хислат бўлибгина қолмай, давлат даражасида эътибор қаратиладиган қадрият ҳамдир.
БМТ Бош Ассамблеяси қарорига кўра, 1997 йилдан буён ҳар йили бутун дунёда 16 ноябрь Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонланади. Бу санани юртимизда ҳам нишонлаш яхши анъанага айланган. 2019 йилдан буён ушбу санага бағишлаб тадбирлар ташкил этилади.
Бугун Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари учун бағрикенглик намунасини ўзида мужассам этган давлат сифатида намоён бўлмоқда. Давлатимизнинг бу борадаги кўп асрлик тажрибаси, миллатимизга хос бағрикенглик Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андаза бўлиб хизмат қилади, десак муболаға эмас.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб мамлакатимизда «Бағрикенглик ҳафталиги»ни ўтказмоқда. Ҳафталик доирасида давра суҳбатлари, конференциялар, фотокўргазма ва бошқа маданий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар ташкил этилиши белгиланган.
Ҳафталикни ўтказишдан асосий мақсад фуқаролик бурчи, масъулиятини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини мустаҳкамлаш орқали аҳоли, жумладан, болалар ва ёшларнинг жамият ривожидаги иштирокини фаоллаштириш, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик ҳиссини янада кучайтиришга ҳисса қўшишдир.
Ҳафталикнинг илк тадбири Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Медиа марказида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишлар юзасидан «Ўзбекистон — бағрикенг диёр» мавзусида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси билан бошланди.
Пресс-клуб сессиясида қатор ташкилотлар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва конфессия вакиллари иштирок этди. Спикерлар мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсатига юқори баҳо бериб, «Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар халқларимиз орасидаги дўстлик ришталари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Халқаро пресс-клуб сессиясидан сўнг «Янги Ўзбекистон» боғида турли миллат ва диний конфессия вакиллари иштирокида Мустақиллик монументига гулчамбар қўйиш тадбири бўлиб ўтди.
Ҳафталик дастурига кўра, юртимизнинг барча ҳудудида турли тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Давлат умумтаълим мактабларида «Миллий анъана ва удумлар» кўргазмалари, «Бағрикенглик – менинг наздимда» мавзусида иншолар танлови, «Менинг бағрикенг дунём» мавзусида расмлар танлови ҳамда бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечалари ўтказилади.
Давлат олий таълим муассасаларида «Биз – бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз», «Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги шарти», «Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар» мавзуларида давра суҳбатлари, «Ўзбекистон – умумий уйимиз» мавзусида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лардаги хиёбон ва сайилгоҳларда «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» шиори остида маданий тадбирлар, қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмалари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда нодавлат телеканаллар орқали ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳмондўст ва тинчликсеварлиги ҳамда буюк аждодлар меросига бағишланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши кўзда тутилган.
Гулдана Авездурдиева,
Республика туркман маданият маркази раиси:
– Бағрикенглик Ўзбекистондаги турли миллатлар ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги ифодасидир. Тарихга назар солсак, ўзбек халқининг бағрикенглиги ўзига хос қадриятга айланиб улгурган. Албатта, бу қадриятнинг муносиб давом эттирилиши, келажак авлодга ўз ҳолича етказилиши бугуннинг талаби. Ҳафталикнинг юқори савияда ўтказилаётгани, ҳеч шубҳасиз, миллатларимиз орасидаги тотувликни янада ривожлантиради, меҳр оқибатни янада мустаҳкамлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Республика туркман маданият маркази ҳамда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган туркман миллати вакиллари номидан барча ватандошларни байрам билан самимий муборакбод этаман. Дўстлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз ҳамиша барҳаёт бўлсин!
Ежи Матсулевич,
Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи:
– Илгари Халқаро бағрикенглик куни фақат бир кун нишонланган бўлса, ҳозир бутун ҳафталик доирасида байрам қилинмоқда. Бу ҳам Ўзбекистоннинг қанчалик бағрикенг мамлакат эканини ифода этади. Қолаверса, бутун миллат, элат ҳамда турли дин вакиллари аҳил ва тотув яшаётганини кўрсатади. Мазкур байрам билан бутун Ўзбекистон аҳлини муборакбод этаман.
Киритилган вақти: 13/11/2024 12:32; Кўрилганлиги: 92
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:25