Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

АЙРИЛИҚДАН ЎРТАНДИ ДИЛЛАР

 
 

 Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғиллари бугун дорулфанодан дорулбақога кўчдилар.

    Эй, айрилиқ! Бир бутун нуктадон, дақиқнавис, маърифатпарвар  алломанинг умрлари шу кунгача битилган экан.

    Муфтий ҳазратлари 1950 йилда Алломалар юрти Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги зиёли, пиру-муршид оилада таваллуд топганлар.      Бу нурли оиланинг фарзанди ўз умрларини ёшлик даврларидан илму ирфонга бахш этдилар. Кўплаб илм даргоҳларида ўз соҳасини етук алломаси бўлиш меҳри билан таълим олиш натижасида самарали меҳнатлари эвазига динимизнинг пешвоси бўлишга мушарраф бўлдилар.

      У зот роҳматуллоҳ алайҳ муқаддас динимиз асосларини, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаб, 1987-2006 йилларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманидагидунё имоми, муҳаддис “Имом Бухорий” номли масжидда, Имом ҳазратларининг мақбаралари ҳузурида сидқидилдан дуои-хайр билан имом-хатиб вазифа хизматида самарали фаолият олиб бордилар.

      2000-2006 йилларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби лавозимида меҳнат қилиб, катта билим ва ҳаётий тажрибаларини эзгу амалларга, серқирра бунёдкорликка сафарбар этдилар.

     Аллоҳнинг инояти, марҳамати, мўмин-мусулмонларнинг иқболи ўлароқ 2006 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига бир овоздан сайландилар.

    У зот 2012 йилда Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутундунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайландилар.

   Сўнгги йилларда Иорданиянинг Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилинадиган “Жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар.

     Муфтий ҳазратлари исломнинг барча илмлари соҳасида тан олинган дунё олимлари қаторидан ўрин олдилар. Ҳазратга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг фахрий доктори унвонигаҳам муносиб бўлдилар.

    Давлатимиз ва халқимиз олдидаги унутилмас хизматлари, жамиятимизда бағрикенглик ва динлараро тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган муносиб ҳиссалари учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эдилар.

     Муфтий ҳазратнинг қаламларига мансуб “Тафсири Ирфон” асари Қуръони карим маъноларини она тилимизда халқимизга тақдим қилинди.

   Бундан ташқари устоз тасниф этган кўплаб таълим-тарбия, имом-эътиқод, дин-диёнатга йўғрилган ноёб асарлар айни пайтда халқимиз қалб ва қўлига етказилди.

    Инсон эришиши керак бўлган энг юксак мартаба ва ахлоқ бобида намуна бўлган олийжаноб зиё нури эдилар.

   Бу каби буюк нурли йўл соҳиби устозимиз, муфтий ҳазратлари ёшлик давриларидан то умрларининг охиригача динимизнинг зуҳду тақво таълими билан ҳамнафас яшаб ўтдилар.

      У зотнинг сўзлари, иқрорлари, ахлоқи ҳамидалари барчага ибрат эди.

    У олийжаноб инсон таратган ҳикматлардан инсонни қалби покланиб, руҳий озуқаланиб, илоҳий мададга суғориларди.

      Бу муҳтарам инсон ҳидоят йўлини аниқ ушлаб, муборак йўлда яхшилик изловчиларга йўлдош бўлдилар.

      Дунё ва охиратнинг эзгулик ҳазинасини мерос қолдирдилар.

      Мўмин-мусулмонда бўлган барча гўзал сифатларни ўзларида мужассам этдилар.

     Динимизга бўлган садоқатлари ўлароқ масжид ва мадрасаларга ташриф буюрсалар юзлари ой ва кун каби ёришиб кетарди.

   Устоз хулқу одобда, хушмуомала ва садоқатда, қаноат ва риёзатда ҳам тенгсиз эканликлари бизнинг қалбимизга ўчмас из қолдирди.

    Тақдирга табдил йўқ! Биз айрилиқ жафосини тортиб турган оила аъзоларига, нуридийда фарзандларига, ака-ука жигаргўшаларига, ҳабиб мухлисларига вилоят вакиллиги, вилоятдаги диний соҳа ходимлари ва барча Наманганлик мўмин-мусулмонлар номидан таъзиямизни билдирамиз.

     Аллоҳдан сабру жамил тилаймиз. Аллоҳим устознинг руҳларини бизларнинг дуоларимиз билан равҳу райҳон айласин! Омийн, Ё Роббал Аламийн.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили


Киритилган вақти: 17/08/2021 19:23;   Кўрилганлиги: 463
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ayriliqdan-ortandi-dillar
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 14:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг