Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Авратларимизни либослар ила тўсишга амр этилганмиз.

 
 

Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик.(Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улар ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.

Тор бўлмаслиги. Баъзи либослар терини кўрсатадиган даражада юпқа бўлмасада аммо, аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада тор бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.

Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ» тўпламларида Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар».

Кийим олишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик. Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади». Демак, мусулмон киши одамларга кибру ҳаво қилиш, ўзини улардан юқори тутиш ёхуд шуҳрат қозониш учун кийинмаслиги лозим. Чунки, бу нарса уни кибру ҳавога берилиб, ўзидан мамнун бўлишга етаклайди. Бу эса маънавий иллатлар сирасига кирувчи зарарли хислатлардан биридир.

Кийимларни пок тутиш лозимлиги. Ислом дини поклик динидир. Бу поклик маънавий ва моддий покизаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб қилар экан: «Кийимларингни пок тут!»,деган. Демак, либос покизалиги мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам намознинг шартларидан бири либоснинг поклигидир. Ундан ташқари поклик ва орасталик иймондан эканлигига далолат қилувчи бир қанча ривоятлар ҳам келган.

Аллоҳ таолодан барчамизни тақво либоси ила зийнатлашини, хато-ю камчиликларимизни эса Ўзининг сатри ила беркитишини сўраб қоламиз.

Н.Темирова - Самарқанд вилоят бош отинойиси манбалар асосида


Киритилган вақти: 16/06/2022 07:59;   Кўрилганлиги: 908
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/avratlarimizni-liboslar-ila-tosishga-amr-etilganmiz
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг